III. ЭКСПОРТ, РЕЭКСПОРТ ВА ИМПОРТНИ
АМАЛГА ОШИРУВЧИ ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК
ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
9. Юридик ва жисмоний шахслар ушбу Низомга мувофиқ Конвенциянинг I, II ва III Иловаларига киритилган ҳар қандай ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари намунаси экспорти, реэкспорти ва импортини амалга оширишга ҳақли.
10. Ушбу Низомга мувофиқ рухсатномасиз ёки ҳақиқий эмас деб ҳисобланадиган сохта рухсатнома билан Конвенциянинг I, II ва III Иловаларига киритилган ҳар қандай ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари намунасини импорт, экспорт ва реэкспорт қилиш ёки импорт, экспорт ва реэкспорт қилишга уриниш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
11. Ноқонуний олиб кириш ёки Ўзбекистон Республикаси ташқарисига олиб чиқишга уриниш (СITES Маъмурий органининг махсус рухсатномасисиз) вақтида ушланган ҳайвонлар ва ўсимликлар, шунингдек уларнинг қисмлари, зоологик ва ботаник коллекциялар, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари ва уларнинг ҳосилалари, ўлжалар, тулумлар СITES Маъмурий органи қарорига мувофиқ олиб қўйилиши лозим.
Олиб қўйилган ҳайвонлар ва ўсимликлар, шунингдек уларнинг қисмлари, зоология ва ботаника коллекциялари, ҳаёт фаолияти маҳсулотлари ва уларнинг ҳосилалари, ўлжалар, тулумлардан кейинчалик фойдаланиш ҳақидаги қарор СITESнинг Маъмурий органи томонидан, СITESнинг Илмий органи билан келишилган ҳолда қабул қилинади.
12. Конвенцияга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Конвенция талабларини бажариш бўйича мажбуриятларини амалга ошириш мақсадида Маъмурий орган томонидан тасдиқланадиган ва зарурат туғилганида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиладиган низом, қоидалар ва йўриқномалар ишлаб чиқилиши мумкин.
13. Ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилган шахс Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Айбдор деб топилган шахс ҳайвон ёки ўсимликни табиий муҳитидан ажратиб олганлиги ёки бунга имконият туғдирганлиги, турни ноқонуний кўчирганлиги (экспорт, импорт) учун етказилган зарарни қоплайди. Қопланадиган зарарнинг миқдори турнинг Конвенциянинг у ёки бу Иловасига тегишлилигига боғлиқ.
14. Ҳар қандай турга эгаликнинг қонунийлигини исботлаш мажбурияти ушбу тур эгасига юкланади.
15. СITESнинг Маъмурий органи мансабдор шахси ҳуқуқбузарликни тасдиқловчи далиллар мавжудлигига ишонч ҳосил қилса, гумон қилинувчи шахсни ушлаб туриши ва тахмин қилинаётган ҳуқуқбузарликка алоқадор намунани олиб қўйиши мумкин.
16. Намуналар олиб қўйилиши натижасида юзага келган харажатлар, шу жумладан, уларни сақлаш, ташиш ва жойлаштириш харажатлари ҳамда ҳайвон ва ўсимликларни олиб қўйилган вақтда парвариш қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳуқуқбузардан мажбурий тартибда ундириб олинади.
Ҳуқуқбузарлик объекти ҳисобланган намуналар ҳар қандай ҳолларда олиб қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |