Ислом Каримов (Юксак маънавият енгилмас куч).
Амир Темурнинг ташқи сиёсати
Амир Темур давлатининг мафкураси ижтимоий-иқтисодий ҳаётни изга солиб йўналтиришдан ташқари чет давлатлар билан алоқани ҳам кенг йўлга қўйди. Ўша давр шарт-шароитларига кўра ташқи сиёсатда қатъий, фаол ҳаракат қилиб, ўз салтанати довруғини жаҳон миқёсига чиқара олди. Соҳибқироннинг Йилдирим Боязид устидан бўлган ғалабаларидан сўнг Франция, Англия, Генуя ва Византия эркин алоқаларни, савдогарлар ва мол алмашишни таклиф этган. Шундай қилиб у Европа давлатлари билан яқин қўшничилик қилиш, савдо карвон йўлларини ривожлантириш нияти борлигини кўрсатиб ўз давлати шуҳратини Европага тарқата олди. Унинг салтанатини довруғи бу мамлакатларга етиб бориши билан Франция, Англия, Генуя, Византия, Испания каби давлатларнинг қироллари соҳибқирон билан сиёсий, иқтисодий, савдо алоқалари ўрнатишга интилганлар. Шу боис улар соҳибқирон ҳузурига мунтазам элчилар юбориб турганлар. Темурнинг чет давлатлар билан олиб борган дипломатик алоқаларида унинг ўғли Мироншоҳ кўп ёрдам берган.
Амир Темур даврида меъморчилик
«Агар бизнинг қувват ва қудратимизга ишонмасанг, бизнинг иморатларимизга боқ»
(Шаҳрисабздаги Оқсарой пештоқига ёзилган битик)
Соҳибқирон мамлакат ободончилигига ҳам жуда катта эътибор берди. Дастлаб, Самарқандни пойтахт қилиб олгач, у жуда катта имтиёзларга эга бўлган шаҳарга айланади. Соҳибқирон ҳаракати билан Самарқандда дунёнинг йирик шаҳарларидан келтирилган бинокорлар, меъморлар томонидан масжидлар, мадрасалар, мақбаралар бино этилди. Ҳатто ғарибларга озиқ-овқат берадиган ғарибхоналар, йўловчилар қўниб ўтадиган махсус жойлар ҳам қурилган. Шаҳар атрофи мустаҳкам деворлар билан ўралиб, Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан дарвозалар қурилади. Темурнинг қароргоҳи сифатида ноёб маъмурий бино Кўксарой ва Бўстонсаройлар ҳам айнан шу ерда қурилади. Темур ноёб қурилишлардан ташқари Самарқанд атрофида ўзининг хешу ақраболарига атаб турли гўзал боғлар (Боғидилкушо, Боғичинор, Боғибиҳишт, Боғибаланд, Давлатобод, Боғинав, Боғишамол) қурдирарди.
Темур улкан соҳибқирон сифатида ўзининг она юрти Кешга катта диққат-эътибор билан қаради. Ёзма манбалардаги маълумотларига қараганда, Амир Темур Шаҳрисабзда Оқсарой, жомеъ масжид, мадрасалар барпо эттиради. Соҳибқирондаги улуғ саҳоватнинг яна бир томони шунда эдики, у бепоён даштлар билан қамраб олинган Туркистон шаҳрини ҳам ободончилигига кенг эътибор берди. Жумладан, Хожа Аҳмад Яссавий мақбарасини қуриш билан бу ерда нафақат ободончилик, балки кўчманчи ва ўтроқ аҳоли орасидаги муносабатни яхши йўлга қўйиш, уруғлар ўртасида тинчлик сақлаш мақсади ётгани маълум.
Амир Темур... буюк иморатлар барпо этди ва уларни ўлкан боғ-роғлар билан ўради, шаҳар ва қишлоқларни тиклади, сув иншоатлари тузатилди. У обод қилиш мумкин бўлган бир қарич ерни ҳам бўш қолдирмас эди... Мусулмон меъморчилигининг энг яхши даври Темур ва унинг авлодлари номи билан боғлиқ.
Do'stlaringiz bilan baham: |