11-§.Реакциялар тўғрисида тушунча
Онгли равишдаги иродавий хатти-ҳаракатлар спорт фаолиятида катта ўринни тутар экан, аксарият ҳолларда улар реакциялар жараёни шаклида намоён бўлади.
Реакция онгли жавоб ҳаракати бўлиб, спортчи бўлажак қўзғатувчини олдиндан билади ва унга маълум бир тегишли жавобни олдиндан тайёрлайди.
Реакция жараёнига мисол тариқасида старт ҳолатини келтириш мумкин. Спортчи стартга тайёрланар экан, нафақат ўз хатти-ҳаракатлари мақсадини олдиндан тасаввур қилади, балки унга эришиш воситаларини ҳам олдиндан белгилаб қўяди. У сигнал қайдай берилишини олдиндан билади ва уни онгли равишда кутади. Шу билан бирга мазкур сигналга қандай ҳаракат билан жавоб беришини англайди ва олдиндан бу хатти-ҳаракатларни ўзлаштириб, машқлантирган бўлади. Реакция жараёнларининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у қисқа муддатли бўлади.
Реакция жараёнининг тузилиши. реакция жараёни олдиндан маълум бўлган шартли қўзғалишни идрок этиб, унга мувофиқ жавоб хатти—ҳаракатларни бажаришдан иборатдир. Реакция жараёни тузилишида 3 та даврни ажратиб кўрсатиш мумкин (1-расм). Бу даврлар қуйидагилардир: дастлабки, марказий ва якуний давр.
1-расм. Оддий реакция чизмаси:
А- реакция жараёнининг дастлабки даври; Б- марказий даври (латент, яширин); В- якуний (эффектор) даври;
1- сенсор, 2- ассосиатив, 3- латент даврининг мотор лаҳзалари;
! – дастлабки сигнал (“Диққат!”)
а – ижро етиш сигнали(“Марш”)
б – ҳаракатнинг бошланиши
Реакциянинг дастлабки даври
Стартдан чиқиш билан юқорида келтирилган мисолдан кўриниб турибдики, ушбу давр дастлабки сигнал(“Диққат!”)дан то ижро этиш сигнали (“Марш”)гача бўлган вақт оралиғини ташкил қилади. Реакциянинг дастлабки даври сигнални кутиш ва унга жавобан ҳаракатланишга тайёргарликни қамраб олади.
Реакциянинг марказий ёки яширин (латент) даври
Ушбу давр ижро этиш сигналидан то жавоб ҳаркатини бошлашгача бўлган вақт оралиғини ташкил этади. Гарчи бу вақт оралиғи жуда қисқа бўлсада, у реакция жараёни тузилишида жуда катта рол ўйнайди. Бу даврда спортчи ҳаракасиз турсада, унинг бош мияси қобиғида унинг жавоб ҳаракатларини тайёрловчи, интенсив асаб жараёнлари ривожланиб боради яъни:
1) Сигнал қўзғатувчисини идрок этиш- реакциянинг яширин даврининг сенсор лаҳзаси;
2) Идрок этилган қўзғалишни англаш, (айнан шу нарса ҳаракатланиш учун сигнал эканлигини тушуниш) – реакциянинг ассосиатив лаҳзаси;
3) Бош мия қобиғининг ҳаракатланиш участкасида мотор импулсларининг пайдо бўлиши ва мазкур импулсларнинг эфферент нейронлар орқали тегишли мушакларга жўнатилиш реакцияси жараёнидаги яширин даврнинг мотор лаҳзаси.
Do'stlaringiz bilan baham: |