Иқтисодий масаланинг дастурлаш тили воситасида дастурини тузиш.
Бу босқичда алоҳида-алоҳида буйруқлардан иборат бўлган ва бажариладиган амаллар кетма-кетлигини белгилайдиган программа тузилади ва у ЭҲМ хотирасига киритилади. Алгоритмни тавсифлашнинг асосий усули бу машина тушунадиган алгоритмик тилда ёзилган программадир. Программа тузиш учун ишлатиладиган бир қанча алгоритмик тиллар мавжуд, улар Ассемблер, Кобол, Ада, Алгол, Фортран, Паскал, ЛИСП, СИ, Бейсик, Пролог ва бошқалардир.
Аввал шуни таъкидламоқ керакки, программа танланган усул ифодаланиб бўлингандан кейин ва унга масала ечиш алгоритми ишлаб чиқилгандан кейингина тузилади. Тузилган алгоритмнинг хар бир қисми танланган алгоритмик тилнинг буйруқлари ёрдамида унинг синтактик ва семантик қоидаларидан фойдаланган холда ёзиб чиқилади. Алгоритм қанчалик мукаммал тузилган бўлса, уни дастурлаш шунчалик қийинчилик туғдирмайди.
Дастурлаш жараёнида қуйидагиларни хисобга олиш анча енгилликлар яратади:
Дастурнинг хар бир бўлаги ва модулли қисмларига тегишли тушунтиришлар келтирилган бўлиши керак, чунки бу уни яхшироқ тушуниш ва лозим бўлса ўзгартиришлар киритиш учун хизмат қилади;
Дастурда киритилган бошланғич маълумотларни назорат қилиш қисми бўлса, унда ишлаш анча осонлашади;
Дастур умумий ва универсал бўлгани маъқул, яъни у маълумотларнинг бирор бир турига боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак;
Дастурдаги арифметик амалларни иложи борича камайтириш керак, чунки бу программанинг секин ишлашига олиб келиши мумкин;
Циклик такрорланишлар операторларини иложи борича тушунарли қилиб жойлаштириш кейинчалик программага керакли ўзгартиришлар киритиш учун ёрдам беради.
Транслятор программа деб аталувчи махсус программа алгоритмик тилда ёзилган ва машинага киритилаётган программани машина тилига ўзлаштириб беради.
Масала ечилиши учун зарур бўлган маълумотлар массивини тайёрлаш ва уларнинг таркибини аниқлаш
Масала ечилиши учун зарур бўлган маълумотларни тайёрлаш алгоритм ва у асосида тузилган программага боғлиқ бўлади. Шунинг учун хам маълумотлар массивини шундай тайёрлаш керакки, бу маълумотлар масала ечиш жараёнини самарадор равишда амалга ошириб берсин. Дастур учун зарур бўлган маълумотлар оддий ўзгарувчилар кўринишида, массивлар кўринишида, алохида маълумот файллари кўринишида ёки маълумот базалари кўринишида ахборот ташувчиларда ёзилган ёки электрон маълумот сақловчи қурилмаларда жойлашган бўлиши мумкин.
Бу босқичда қуйидагиларни хисобга олиш мақсадга мувофиқ:
Дастурда қандай ўзгармас катталиклар ва ўзгарувчилар ишлатилади хамда уларнинг қиймати қандай тартибда компьютерга киритилади;
Бошланғич ва натижавий маълумотларнинг тўғрилиги қандай назорат қилинади;
Дастурнинг тўғри ишлаётганини назорат қилишни амалга ошириш учун қандай маълумотлар ёки массивлар ишлатилади;
Дастурда қандай массивлар ишлатилади ва уларнинг тайёрланиш ва компьютерга киритилиш тартиби қандай;
Қандай ўлчамли ва нечта массив керак бўлади ва улар қайси турларга мансуб;
Дастурда бир бирига боғланган руйхатлар ишлатиладими ва улар қайси руйхатлар;
Бошқа компьютерлардаги информацион массивлардан ва ресурслардан фойдаланиладими ва қандай қилиб;
Дастурнинг ишлаши учун қандай информацион базалардан фойдаланилади ва қандай қилиб улардаги маълумотлардан фойдаланилади.
Программани компьютерга киритиш ва уни созлашни амалга ошириш.
Программа ЭҲМ хотирасига бевосита оператор пультидан ёки тегишли киритиш қурилмасидан ахборот ташувчилар орқали киритилади. Бу ишни диққат эътиборни жалб қилган холда амалга ошириш керак, чунки бунда йўл қўйилган бирор бир кичик хатолик хам уни топишни анча қийинлаштириб, созлаш жараёнини мураккаблаштиради. Иложи бўлса, дастур компьютерга киритилганидан сўнг уни бир неча бор диққат билан текшириб чиққан мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки бунда топилган ва тузатилган хар бир хатолик ёки чалкашлик дастурни созлаш жараёнини анча тезлаштиришга олиб келади.
Масалани ечишга тайёрлаш жараёнидаги муҳим босқичлардан бири - программани созлашдир. Бунда программалаш жараёнида йўл қўйилган барча хатолар аниқланади ва тузатилади. Тажриба шуни кўрсатадики, мақсадга мувофиқ бўлган программани олиш мақсадида амалга ошириладиган созлаш жараёни умумий вақтнинг 20% дан 40 % гача қисмини эгаллайди, яъни программани текшириш ва созлаш учун анчагина вақт сарфланади. Шунинг учун хам бу босқич кўп вақт талаб қилади ва дастурчидан сабр, чидам, мантиқий фикрлаш талаб қилади. Созлаш жараёнини амалга ошириш учун уни амалга оширувчи инсон компьютернинг математик таъминотини, алгоритмик тилнинг барча имкониятларини, масаланинг алгоритмини ва унинг мохиятини мукаммал билиши талаб қилинади. Кўпинча бу босқич дастурни тестлар ёрдамида текшириш деб хам аталади. Чунки бунда ечими олдиндан маълум бўлган тестлар ёрдамида дастурнинг тўғри ишлаши текширилади ва йўл қўйилган хатоликлар аниқлаб тузатилади, алгоритмда йўл қўйилган хатоликлар бартараф қилинади, танланган усулнинг яроқли ёки яроқсиз эканлиги аниқлаб берилади. Бунда тест – махсус тайёрланган дастлабки маълумотлар бўлиб, улар воситасида амаллар бажариш йўли билан масаланинг бирор бир ечими, яъни натижа олинади. Ечим бизга олдиндан маълум бўлгани учун уни компьютер натижаси билан солиштиришимиз ва дастурнинг қай даражада тўғри ишлаётганлигини аниқлашимиз мумкин. Тестлар дастурнинг барча қисмларини - бўлакларини, модулларини, подпрограммаларини ва бошқарувчи программани текширишга имкон бериши лозим.
Бу босқични амалга оширишда қуйидагиларга ахамият бериш керак:
Тузилган дастур масаланинг алгоритмига тўла мосми;
Дастур тузишда алгоритмик тилнинг барча қоидаларига риоя қилинганми;
Буйруқлар, махсус операторлар ва дастурнинг бошқа тузилмалари тегишли қоидаларга мувофиқ ёзилганми;
Маълумотларнинг турлари ва ўзгарувчилар бир бирига мос келадими;
Цикллар, шартли ўтиш операторлари, буйруқлар, мантиқий операторлар ва бошқалар тўғри ёзилган ва ишлатилганми;
Дастурда ортиқча ва кераксиз, кўп вақт талаб қиладиган операциялар йўқми;
Дастурни текшириш учун тестлар олдиндан тайёрлаб қўйилганми ва улар нималарни, қайси модулларни текширишга имкон беради;
Дастурни бир бутун текширишга имкон берадиган умумлашган тест масала ишлаб чиқилганми ва у нималарни текширишга имкон беради.
Агарда тестларнинг барчаси қаноатланарли натижалар берса ва тузилган дастур бошқа шароитларда хам ишончли равишда ишлай олса, дастур созланган ҳисобланади.
Масалани бевосита ЭҲМ-да ечиш ва олинган натижаларни таҳлил қилиш, дастурдан фойдаланиш учун кўрсатмалар ёзиш.
Иқтисодий масала алгоритм асосида тузилган ва компьютерда созланган программа ёрдамида автоматик равишда ечилаётган пайтда дастурда ёки алгоритмда кўзда тутилмаган ёки рухсат этилмаган хилма хил ҳолатлар пайдо бўлиши мумкин. Агарда бу холат масала ечилиши учун принципиал ахамиятга эга бўлса, унда алгоритм хам ва унга мувофиқ равишда дастур хам тегишли равишда ўзгартирилади. Лекин ушбу иш талаб қилинмаса ва маълумотларни ёки дастур имкониятларини ўзгартириш орқали керакли натижага эришиш мумкин бўлса, дастур ишга яроқли хисобланади ва потенциал фойдаланувчилар учун унинг имкониятларини батафсил ёритадиган қўлланма керак бўлиб қолади. Бу қўлланмада дастур ишлашининг барча холатлари тушунтирилади ва уни ишлатувчига хар бир конкрет холатда нималар қилиш зарурлиги хақида маълумотлар берилади. Масалан маълум бир холатда ёки маълумотлар комбинациясида машина натижа бермади, чунки бу холат алгоритмда кўзда тутилмаган. Шундай ҳолларда, агарда ЭҲМ ишига оператив аралашиш зарур бўлиб қолса, муаммоларни муваффақиятли хал қилиш учун тажрибали оператор иштироки зарур бўлиб қолади. Бунда ушбу оператор программа тузувчи томонидан аввалдан ёзилган кўрсатмаларга риоя қилган ҳолда иш юритади ёки дастурга тегишли ўзгартиришлар киритади.
Бундай турдаги кўрсатма ёзиш қуйидагиларни ўз ичига қамраб олиши керак бўлади:
Қандай операцион система ва амалий программа таъминоти дастур ишлаши учун машинага ўрнатилиши лозим;
Дастур қандай қилиб машинага ўрнатилади ва у қандай тартибда ишга туширилади;
Дастурни ишга тушириш, мослаштириш ва ишлаш пайтида бўлиши мумкин бўлган хилма хил холатлар баёни;
Дастур ишлаш жараёнида келиб чиқадиган турли хил холатларни бартараф қилиш йўллари;
Дастур ишлаши учун маълумотларни тайёрлаш, маълумотларни компьютерга киритиш усули ва кириш хужжатларнинг тузилиши;
Дастурнинг тўғри ишлаши учун компьютерни созлаш усуллари;
Дастурни турли хилдаги амалиёт холатларига ва шароитларга мослаштириш усуллари;
Натижавий маълумотлар олиш тартиби ва уларнинг тўғрилигини хамда сифатини текшириш усуллари;
Дастурнинг тўғри ишлаётганлигини текширишга имкон берадиган мисол ва тестлар.
Масала ечиш натижаларини кўриш ва уларнинг нусхаларини чиқариш учун принтерлар, электрлаштирилган ёзув машиналари, алифболи, рақамли ёзув қурилмалари, дисплейлар, машина ташувчиларга чиқарувчи ва бошқа турлардаги хилма хил техник қурилмалар қўлланилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |