Ижтимоий муҳофазада таълимнинг ўрни.
Инсон ривожланишининг асосий мақсади одамларнинг фаровонлигини таъминлаш, соғлом ва бунёдкорлик ҳаётидан етарлича баҳра олиш имкониятини берадиган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳамда экологик муҳитни яратишдан иборат.
Инсон ривожланиши концепциясида таълим асосий таркибий қисмлардан бири ҳисобланади. Инсоният цивилизацияси давомида таълим ва илм-фанни юқори даражада ривожлантириш ижтимоий, техник ҳамда иқтисодий тараққиётнинг муҳим двигателлари ҳисобланган.
Статистик маълумотлар камбағаллик муайян даражада таълим даражасига ҳам боғлиқ эканини тасдиқлайди. Бу, бир томондан, кам ривожланган мамлакатларнинг ўз таълим соҳасини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаши учун молиявий ресурсларининг чекланганлиги билан изоҳланади. Иккинчи томондан, мамлакатнинг юқори даражали иш унумдорлигини ва пировардида иқтисодий ривожланишнинг юқори даражасини таъминлаш имконияти ҳам айнан таълим даражасига боғлиқдир.
Глобаллашув шароитида мамлакатнинг инновацион ривожланиш салоҳияти рақобатбардошликнинг ҳал қилувчи омилларидан бирига айланган бир пайтда, аҳолининг юқори билим даражаси мамлакатга ўзини «энг сара» жамиятга дахлдор деб ҳисоблаш имконини берадиган обрўга эмас, балки яшовчанлик ва иқтисодий таъминот, пировардида сиёсий мустақиллик омилига айланади.
Аҳолиси анча саводли мамлакат ишлаб чиқаришни ривожлантириш, иш ўринларини ташкил этиш борасида нисбатан кенгроқ имкониятларга эга бўлади. Бундай мамлакатларда одатда ишсизлик ва ишга лаёқатли аҳолининг иш излаб бошқа давлатларга бориш даражаси паст. Ўқимишли одамнинг маълумотсиз одамга қараганда иш топиши осонроқ. Барча мамлакатларда ишсизлик даражаси ҳар доим маълумоти паст ёки йўқ аҳоли орасида юқоридир. Таълим аҳолининг саломатлик даражаси ва унинг кутилаётган умр кўриш давомийлиги, яъни инсон ривожланишининг яна бир муҳим кўрсаткичи билан бевосита боғлиқдир. Ўқимишли аҳоли ўз соғлиғини асраб-авайлайди, профилактика чораларини яхши қўллайди, асосан соғлом турмуш тарзига риоя қилиб ҳаёт кечиради, касалликни ўз вақтида аниқлайди, ўзига биринчи ёрдам кўрсатади, малакали тиббий ёрдамга мурожаат қила олади.
Мамлакат иқтисодий ривожланишининг узоқ муддатли трендлари ва уларда таълим даражасини ошириш таҳлили мазкур кўрсаткичлар ўртасидаги узвий боғлиқлик борлигидан далолат беради. Узоқ муддатли даврий трендда таълим даражаси паст бой мамлакат йўқ. Шу билан бирга, қисқа муддатли ва ўрта муддатли трендлар бошқа ҳолатни кўрсатиши мумкин. Ўтган асрларда мустамлакаларни босиб олиш ва талончилик урушлари туфайли мамлакат вақтинчалик бой бўлиши мумкин эди.
Ҳозир айрим ҳолларда мамлакат нақд пулга айланадиган табиий ресурсларнинг мавжудлиги ва уларнинг нархининг ошиши туфайли бойиб бормоқда. Бироқ замонавий глобаллашув ва ўсиб бораётган халқаро рақобат шароитида хомашёни сотишдан орттириладиган бойлик, агар у аҳолининг ошиб борадиган билим даражаси ҳамда эгаллаган билимини иқтисодиётга самарали йўналтириш орқали қўллаб-қувватланмаса, узоққа чўзилмайди.
Инсон ривожланишининг асосий параметрлари — таълим кўрсаткичлари ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот улушини ифода этувчи кўрсаткичлар ҳажми таққосланса, юқорида айтилган гаплар ўз тасдиғини топади. Айрим мамлакатлар даражасида таълим кўрсаткичининг аҳамияти ялпи ички маҳсулот юқори кўрсаткичига ҳар доим ҳам мос келмаса, мамлакатлар аҳоли жон бошига даромад миқдори бўйича жамланса, бундай мувофиқлик ўз-ўзидан ойдинлашади. Таълим даражаси кўрсаткичининг ошишига қараб ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи ҳам ўсади.
Таълимнинг инсоннинг маънавий ва ақлий эҳтиёжларини қондириш, қобилиятини шакллантиришга таъсирини аниқлашда унинг муҳим жиҳатларини бир-бири билан боғлиқ ҳолда давлат, жамият ва шахс нуқтаи назаридан кўриб чиқиш мезони қабул қилинган.
Do'stlaringiz bilan baham: |