Ўқувчи шахсига йўналтирилган таълимда қўлланиладиган замонавий дарс шаклларидан намуналар
Мусобақа дарси – ўқувчиларнинг ўзаро мусобақалашувини ташкил этиш орқали билимларни мустаҳкамлаш машқлари.
Ижод дарси – ўқувчиларнинг мустақил ижод этишларини ташкил этиш дарси.
Синов дарси – ўқувчиларнинг ўзлаштиришини турли шаклларда синаладиган дарс.
Ижодий ҳисоботлар дарси – ўқувчиларнинг айрим мавзулар бўйича мустақил ўрганган билимлари ва хулосалари тақдимоти.
“Парадокслар” дарси – ўқувчиларнинг фаолликлари ва қизиқишларини ошириш мақсадида ўрганилаётган мавзуни ҳар турли парадоксларга боғлаб баён қилиш ҳамда тегишли таҳлиллар ўтказиш асосида тўғри хулосаларни аниқлаш дарси.
Семинар дарс – янги дарс мавзусига доир саволлар бўйича ўқувчиларга олдиндан берилган топшириқларни бажариш натижалари тўғрисида маълумотларни тинглаш орқали синфдаги барча ўқувчилар дарсни ўзлаштиришлари ва билимларини мустаҳҳамлашни таъминлаш дарси.
Саёҳат дарси – ўқувчиларни турли объектлар: музей, зиёратгоҳ, корхона, устахона, табиат, илмий муассаса, коллеж, лицей ва бошқалар билан таништириш орқали уларнинг билимларини ҳаёт билан боғлаш ва касбга йўналтириш таъминланади.
Шундай қилиб компетент бўлмаган методлар (ўқитувчининг монологи, ахборот берувчи суҳбат, видеофильм намойиш қилиш, анъанавий назорат иши олиш) ўрнига ўқувчиларда турли компетенцияларни шакллантиришга қаратилган методлардан фойдаланиш керак. Бунинг учун ўқувчиларга қўшимча адабиётлардан, Интернет тармоқларидан ахборотларни излаш ; ахбороти ортиқча ёки етишмайдиган масалаларни ечиш; ахборотни тартибга солиш; диаграмма, чизма, графиклар тузиш; матнга доир саволлар тайёрлаш; ахборотни анализ қилиш ва умумлаштириш; ролли ва ишбилармонлик ўйинларини амалга ошириш; муҳокама ва баҳс-мунозаралар ўтказиш; ўқув диалоги ўтказиш; ўқув лойиҳаси устида ишлаш; жуфтликларда ва гуруҳларда янги мавзуни ўрганиш ва мустаҳкамлаш устида мустақил ишлаш каби топшириқларни бериш керак бўлади.
Компетенцияни шакллантиришга қаратилган топшириқлар нафақат ўқув, балки ҳаётий асосларга эга бўлиши керак. Бунда фикрлайдиган ўқувчида “Бу ишни нима учун қилишимиз керак?” деган савол туғилмасин. Бу фақат амалиётга йўғрилган маълум мавзуларда ишлатиладиган масалалар ( юзани ҳисоблаш, фоизларга доир ва ҳ.к.) бўлиб қолмасдан, балки ҳаётий вазиятлар асосидаги муаммоли масалар қўйилиши керак.
Маълум соҳада фаолият кўрсатаётган инсон, шу соҳа бўйича ўзининг билим ва кўникмаларини баҳолай олмаса, ўзининг фаолиятини назорат қила олмаса шу соҳа бўйича компетент мутахассис бўла олмайди. Шунга кўра ўқувчиларни мактабда ўз-ўзини назорат қилишга ўргатиш,ўз вақтида хатоларни билиш ва уни бартараф қилиш, пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан кўра олиш ва унинг ечимини топиш, ўзининг ўқув ишларидаги ижобий жиҳатларини баҳолаш ва умумлаштира олиши керак.
Бундай кўникмаларни шакллантирадиган масалаларга “хатони топинг”, “хатони ўйлаб топинг”, олинган натижани турлича усуллар билан текширадиган топшириқлар; қатъий қоидалар асосида ўтказиладиган ўйинлардан: “домино”, “лото”, “лабиринт”, “ шифрланган сўз” кабиларни келтириш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |