Янги (учинчи) авлод мобил алоқа тизимларини яратиш ишлари 1986 йилларданоқ халқаро телекоммуникация иттифоқи (ҲТИ) доирасида бошланган эди. Уша пайтдаёқ FPLMTS (ингл. Future Public Land Mobile Telecommunications System –«Умумий фойдаланувдаги қуруқликдаги мобил алоқа истиқболли тизими») номи остида ягона стандарт концепцияси ишлаб чиқилган эди. 1992 йилда ҲТИ таркибидаги радиочастоталар бўйича бутун дунё маъмурий конференцияси (WARC-92) FPLMTS тармоқларини ривожлантириш учун глобал равишда 2GGs диапазонида 230MGs частоталар полосасини ажратди. Бундан ер усти тизимлари учун 170MGs (1885-1980MGs, 2010-2025MGs ва 2110-2170MGs) ҳамда келгусида қурилажак сунъий йўлдош алоқа тизимлари учун 60MGs (1980-2010MGs ва 2170-2200MGs) полосалар ажратилди [23]. Янги авлод алоқа тизимлари концепциясини ривожлантириш жараёнида унинг яратувчиларига шу аён бўлдики, ер усти алоқа тармоқлари билангина глобал алоқа қамровини таъминлашни иложи бўлмайди ва бу фақатгина сунъий йўлдошли алоқа тизимлари ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Шунинг учун, 1995 йилда ҲТИда иккита дастурни, яъни юқорида таъкидланган FPLMTS ва GMPCS (ингл. Global Mobile Personal Communications by Satellite – “Глобал йўлдошли алоқа персонал тизими”) ни бирлаштириб, “Бутун дунё мобил алоқа тизими” - IMT-2000 (ингл. International Mobile Telecommunications) Дастурини яратиш бўйича қарор қабул қилинди. Бунда “2000” сони тасодифан танланмади: у дастурнинг ишга тушиш йили, унда ишлатилиши режалаштирилган радиочастота диапазони (MGsда) ва кўзланган маълумот узатиш тезлиги (kbit/sek..да) каби кўрсаткичлар билан боғлиқ.
Шундай қилиб, IMT-2000 – бу ер усти ва йўлдoшли алоқа манфаатларида тўлиқ хизматлар тўпламини тақдим этувчи миллий, регионал ва халқаро тармоқларни тадбиқ этишда кўмаклашувчи ва стандартлаштириш бўйича узоқ муддатли дастур шаклида қабул қилинди.
3G тармоқларини ривожлантириш режасида иккита: дискриминацион ва нодискриминацион ёндашув ишлаб чиқилган эди. Биринчи ёндашувда, жами ажратилган частота ресурслари барча иштирокчилар орасида тенга тенг тақсимланиши кўзда тутилган эди. Иккинчи ҳолда, бир неча истиқболли технологиялар ажратиб олиниши ва келгусида фақат уларни ривожлантириш таклиф этилган эди. Лекин, концепцияни ишлаб чиқиш босқичидан аниқ лойиҳаларга ўтиш жараёнида турли халқаро ва минтақавий ташкилотлар манфаатларини ягона стандарт доирасида бирлаштиришнинг иложиси йўқлиги яққол кўриниб қолди.
IMT-2000 стандартларини яратиш устида олиб борилган ишлар шуни кўрсатдики, уша даврда фақатгина умумий тавсияларни ишлаб чиқиш масалалари муваффақиятли ечилиши мумкин экан. 2G тармоқларидан 3G тармоқларига ўтиш эволюциясининг тахлили жаҳоннинг турли регионларидаги айрим аппаратура ишлаб чиқарувчилар манфаатларида жиддий фарқлар мавжудлиги ва уларни бирлаштиришнинг деярли имконияти йўқлигини кўрсатди. Масалан, бир қатор тақдим этилган учинчи авлод ер усти ва йўлдошли алоқа тизимларининг лойиҳаларида келтирилишича, амалда бир хил даражадаги хизматлар тақдим этилсада, бироқ радиоуланиш услубларида принципиал турли, яъни TDMA ва CDMA технологияларидан фойдаланилган. Шулар сабаб, ушбу босқичда хар хил лойиҳаларни бирлаштириш ва жахон миқёсида ягона стандарт яратиш имкони бўлмади.
1998 йилга келиб, ҲТИ қошида Европа, Шимолий Америка ва Осиё-Тинч океани минтақасининг кўплаб худудий ва миллий ташкилотлари иштирокида олиб борилаётган янги технологияларни стандартлаштириш жараёни тўлиқ тугатилди. Учинчи авлод тизимларига ягона талабларни ишлаб чиқиш ва мослаштиришга қатор муваффақиятсиз уринишлардан сўнг, ҲТИ бу муаммога ўзгача ёндашишга қарор қилди. Хусусан, унинг янги концепцияси, “глобал роуминг” ғоясини сақлаб, уни янги IFS (ингл. IMT-2000 Family of Systems) номини олган учинчи авлод тизимларини мавжуд аналог ва рақамли тармоқлари билан бирлаштириш учун ғоявий асос сифатида ишлатиш бўлди. Бир неча стандартлар гуруҳини қабул қилган, ва бу билан глобал халқаро стандарти ғоясидандан воз кечган ҲТИ бу стандартларни яқинлаштиришга (гармонизация) ўз уринишларини фаоллаштирди. Шундай қилиб, дунёда учинчи авлод даражасида бир эмас, балки стандартлар оиласи вужудга келди.
Дунёда илк бор 1996 йилда Ericsson компанияси томонидан Чиста (Швеция) шаҳрида W-CDMA технологияси асосида 3G тажрибий тармоғи қурилиб, ишга туширилди. Бу технология Европада универсал алоқа тизими бўлган UMTS - ер усти мобил сегменти лойихасига асос бўлди. CDMA-2000 асосидаги биринчи тармоқ 2000 йил октябр ойида Жанубий Кореяда SK Telecom ҳамда LG Telecom компаниялари томонидан ишга туширилди. FOMA (W-CDMA) нинг илк тармоғи 2002 йилда Японияда NTT DoCoMo компанияси томонидан ишга туширилди. Япон операторларини W-CDMA технологиясида абонент сиғими юқорилиги қизиқтирди. Биринчи TD-SCDMA тармоқлари эса 2006 йилдан бошлаб, Хитойда ишга туширилди.
Ўзбекистонда биринчи 3G тармоқларини яратиш ишлари 2007 йилдан бошланди. 2008 йилнинг охирига келиб, икки оператор (МТС ва Билайн) 3G тармоқларини тижорат мақсадида фойдаланишга тушириши ҳамда Интернетга кенг полосали уланиш хизматларини тақдим этиши хақида эълон қилди. Учинчи оператор (UCell) ўзининг 3G тармоғини 2009 йилда ишга туширди. Шунингдек, Ўзбекистонда 800MGs ва 450MGs диапазонларида CDMA-2000 стандарти асосида ишловчи икки тармоқ (Perfectum Mobile ва UzMobile) фаолият олиб бормоқда.