Танишув босқичини ташкил қилиш
Тренингдаги асосий босқичлардан бири – гуруҳ аъзоларининг бир-бири билан ва тренерлар билан танишув босқичидир. Бу босқич тренер томонидан таклиф этиладиган турли хил ўйинлар орқали амалга оширилади. Демак, танишувни турли хил усулда ташкил этиш мумкин, лекин танишув босқичининг моҳияти битта бўладики, ҳар бир иштирокчи ўзини бу ерда қандай танишларини ёки уни қандай ном билан аташларини истаса, ўзини шундай таништириши мумкин.
Бу босқични тренер иштирокчилар шунчаки бир-бирларининг исмини билиши билан боғлик бўлган расмиятчилик деб қабул қилмаслиги керак. Иштирокчиларнинг танишув босқичи - уларнинг ўтказилаётган машғулотта ва айни пайтдаги муҳитга мослашиш жараёни бўлиб, улардаги ҳаяжон ва ноқулайлик ҳолатларини бартараф этишнинг энг қулай ва яхши йўлидир.
Машғулот аввалида тренер ўзини аудиторияга таништириб, қайси ташкилот, муассасадан эканлигини ва ўзи ҳақдаги баъзи маълумотларни (ёқтирган ранги, қизиқишлари ва ҳ.к.) айтади. Тренер ҳақида иштирокчиларда пайдо булган илк тасаввур кейинги ишлар натижасига, тренер ва гуруҳ аъзолари ўртасидаги муносабатлар характерига ва албатта, машғулотнинг якунига, самарадорлигига ўз таъсирини ўтказади.
Танишувда иштирокчилар доира ёки бошқа шаклларда ўтиришлари мумкин.
Танишув босқичини ташкил қилиш учун жуда кўплаб ўйинлар мавжуд бўлсада, умуман тренинг жараёнларида қуйидаги уч хил усулда танишув кўпрок қўлланади.
1. Интервью усули.
2. Видеозапис усули.
3. Карточкалар усули.
Танишув босқичида иштирокчилар бир-бирларининг исмини билиш билан бирга, ҳар бир иштирокчи ўзининг исми, ҳаётидаги муҳим нарсалар ҳақида ўйлаб кўриш ва буни овоз чиқариб айтиш имконига эга бўлади. "Қор уюми" ўйини орқали ташкил этиладиган танишувларда эса қўшнисининг айтганини такрорлаш учун эшитишнинг, айниқса ўзидан олдинги кишини эшитишнинг қийинлигини ҳис қилиш имконини беради. Кўпчилик иштирокчилар ўзидан олдинги иштирокчи нима деганлигини эшитмайди, чунки у эшитишдан кўра ўзи нима дейиши кераклиги ҳақида ўйлайди. Муҳокамада тренер томонидан иштирокчи "Диққат марказида" бўлганида ўзини қандай ҳис қилгани сўралади.
Кўпинча тренингларда танишув жараёнида иштирокчилардан исмини айтиш билан бирга мулоқотга киришиш жараёнига салбий ва ижобий таъсир этувчи жиҳатларини ҳам айтиб ўтиш сўраладики, бу маълумот тренер учун ҳар бир иштирокчининг индивидуал жиҳатларини билишга ҳам хизмат қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |