ВИТАМИНЛАРНИНГ БИОСИНТЕЗИ.
Деярли барча витаминлар ўсимлик организмида синтезланади. Фақат витамин А ва D ни ҳосил қиладиган бирикмалар – провитаминлар ўсимлик тўқималарида синтезланиб, ҳайвон организмига ўтгандан сўнг улар ўз витаминига айланади.
Ўсимлик тўқималарида витаминлар биосинтезининг бориши ҳанузгача тажрибаларда тўла аниқланган эмас.
Витамин С (аскорбин кислота) 6 та углерод атомли углеводлар – гексозаларнинг ўсимлик тўқималарида оксидланишидан ҳосил бўлади.
Глюкоза, фруктоза ва бошқа гексозалар иштирокида ўсимлик тўқималарида витамин С миқдорининг кўпайиши тажрибаларда исботланган. Шунингдек, D-глюкозанинг L-аскорбин кислотага айланиш жараёни D- глюкурон ва L-гулон кислоталарнинг лактонлари орқали рўй бериши ҳам аниқланган.
Инозит ҳам гексозлардан ҳосил бўлади. Инозитнинг биосинтези соф ҳолдаги гексозаларга нисбатан гликозидлар таркибидаги гексозалар (арбутин, салицин) ва сахароза ҳисобига жадалроқ боради.
Витамин Р таъсирига эга бўлган асосий бирикмалар флаванонлар ва флавонлар ҳамда катехинлар ўсимлик тўқималарида шиким кислота, оралиқ бирикма – префен кислота ва ацетал қолдиқлари орқали углеводлардан ҳосил бўлиши мумкин.
Витамин В ўсимлик тўқималарида ферментлар иштирокида тиазол ва пиримидиннинг бирлашиши туфайли ҳосил бўлади.
Аминокислоталар ҳам витаминлар, биосинтезида иштирок этади. Масалан, витамин РР (никотин кислота) триптофан аминокислотадан, пантотен кислота эса β-аланин аминокислотадан ҳосил бўлади. Бу биосинтез жараёнлар албатта ферментлар таъсирида ва бошқа бирикмалар иштирокида рўй беради.
ГЛЮКОЗАДАН АСКОРБИН КИСЛОТАСИНИ СИНТЕЗЛАНИШИ
Ўсимликлар ўса бошлаган биринчи кундан бошлабоқ тўқимада витаминлар биосинтези бошланади. Улар миқдори ўсимликнинг ўсиш даврида доимо ўзгариб туради. Бу ўзгариш жуда кўп омилларга боғлиқ. Хусусан, ўсимликнинг ўсиш жойи ва иқлими, ёруғлик, минерал ва органик ўғитлар, намлик, микроэлементлар, тупроқдаги минерал тузлар таркиби ва концентрацияси ҳамда кислотали шароит витаминларнинг биосинтезига таъсир кўрсатувчи омиллар ҳисобланади.
Одатда витамин С шимолий туманларда ва юқори тоғли ерларда ўсадиган ўсимликларда жанубий районларда ҳамда пастликларда ўсадиган ўсимликларга қараганда кўпроқ бўлади. Витамин B1 эса аксинча жанубий туманларда ўсадиган кузги буғдойда кўпрок синтезланади.
Пантотен кислота ва витамин Н етарли даражада ўғитланган сулида ўғитланмаган сулига нисбатан 2,5 баробар кўп бўлади. Маълум миқдордаги марганец ва темир микроэлементлари ўсимлик таркибидаги витамин С миқдорини оширади. Бундан ташқари, темир элементи витамин Н, инозит ва пара-аминобензоат кислота синтезини кучайтиради. Шу билан бир қаторда марганец витамин В2 нинг, кўп миқдордаги темир эса B1, В2, В6 ҳамда РР витаминлар синтезини пасайтиради.
Ёруғлик таъсирида витамин С биосинтези тезлашади, қоронғиликда эса аксинча, бу жараён секинлашади.
Тупроқнинг кислотали хоссаси камайтирилса, ўсимликлар таркибидаги каротин миқдори ошади. Баъзи микроорганизмлар кислотали шароитда витамин B1 синтезини бутунлай тўхтатиб қўяди.
Тажрибалар билан тасдиқлаб берилган бу далиллар ташқи шароитнинг витаминлар биосинтезига нақадар катта таъсир этишини рўйи-рост кўрсатади. Шунга кўра, ўсимлик тўқималаридаги витаминлар биосинтезини ўзгартириш ҳамда қулай шароит туғдириб, улар миқдорини ошириш мумкин.
Витамин С ва каротиноидлар термостабил ҳисобланади, аммо ўсимлик териб олингандан сўнг ферментлар таъсирида тезда парчаланиб кетиши мумкин. Ферментлар фаолиятини инактивация қилиш ва витаминларни кўп миқдорда сақлаб қолиш учун ўсимлик хом-ашёсини юқори ҳароратда 70-90С зудлик билан қуритиш тавсия этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |