Bacillus cereus токсикоинфекциялари келтириб чиқарадиган овқат заҳарланишлари. Bacillus cereus бактериялари граммусбат факультатив анаэроб микроорганизмларга мансуб бўлиб, атрофи-муҳитда кенг тарқалгандир. Улар юқори бардошли ҳисобланадилар: споралари 125 ºС гача ҳароратга 10 дақиқагача чидай олади, ош тузининг 15 % гача бўлган концентрациясига бардош беради ва музлатилганда ҳам ўлмайди. Спораларнинг вегетатив шаклда ташилиши ва уларнинг кўпайиши 10 ... 49 ºС гача бўлган ҳароратда ва рН 4,9 ... 9,3 да кечади. Овқатни музлатгичда сақлаганда Bacillus cereus кўпаймайди. Bacillus cereus нинг кўпайишига, шунингдек, нордон муҳит ва қанднинг юқори концентрацияси ҳам тўсқинлик қилади. Ушбу турдаги яна бир нечта бактериялар, шу жумладан, Bacillus thuringensis, Bacillus subtilis ва Bacillus licheniformis ҳам худди Bacillus cereus га ўхшаш хусусиятларга эгадирлар.
Bacillus cereus туфайли келиб чиқадиган овқат заҳарланишлари умумклиник кўринишларга эга: кўнгил айниши ва абдоминал оғриқлар, шунингдек, асосий устунлик қилувчи касаллик белгилари бўлиб, ҳозирги кунда улар асосида касалликнинг икки ҳил: диареяли ва токсикозсимон (қайт қилдирадиган) шакллари ажратилади.
Овқат заҳарланишининг диареяли шакли Clostridium perfringens туфайли келиб чиқадиган овқат заҳарланишларига мутлақо ўхшашдир. Клиник манзараси “айбдор” маҳсулот истеъмол қилингач, орадан 24 соат ўтганидан сўнг ривожланади. Диарея (тез-тез ич келади, сувдек суюқ, кўп миқдорда шиллиқ моддалар бўлади) қайт қилишсиз 6 ... 15 соат давомида кузатилади. Одатда тана ҳарорати ошмайди. Диареяли шакли организмга катта миқдорда – 106 микроб ҳужайраларидан кўпроқ Bacillus cereus тушганида юз беради ва улар диарея туридаги энтеротоксинларни вужудга келтиришади.
Овқат заҳарланишининг токсикозсимон (қайт қилдирадиган) шакли ўта қисқа яширин (инкубацион) даврга эга – 5 ...6 соатдан сўнг қўнгил айниши ва қайт қилиш билан бошланиб, то 24 соатгача давом этиши мумкин. Заҳарланишнинг ушбу турини касаллик белгилари Staphylococcus aureus томонидан чақириладиган бактериал токсикозга жуда ўхшаб кетади. “Айбдор” маҳсулотда ва қусуқ массасида специфик термостабил токсин қайд қилинади.
Овқат заҳарланишининг муайян шакли пайдо бўлиши Bacillus cereus токсиген потенциалининг намоён бўлиш имкониятларини белгиловчи бактериялар кўпайишининг ташқи шарт-шароитларига боғлиқдир. Bacillus cereus томонидан келтириб чиқарилган овқат заҳарланишининг ташҳисланиши бемордан ва овқат заҳарланишида гумон қилинаётган озиқ- овқат маҳсулотидан олинган материалдаги ўхшаш штаммларнинг чеклаб қўйилиши ва қиёслаб аниқланишига асослангандир.
Овқат заҳарланишининг диареяли тури кўпинча сифатсиз гўшт, сут, сабзавотлар ва балиқни истеъмол қилганда пайдо бўлади. Касалликнинг токсикозсимон (қайт қилдирувчи) шакли эса, одатда, ёрмали, картошкали ва макаронли таомлар, салатлар, пудинглар, қайлаларнинг контаминацияланиши билан боғлиқдир. Барча ҳодисаларда ҳам бактерияларнинг интенсив кўпайишига ва токсин пайдо бўлиши кучайишига истеъмолга тайёр таомлар ва тез айнийдиган маҳсулотларни сақлаш муддатлари ва ҳароратга оид шароитлар бузилиши сабаб бўлади. Ҳарорат 15 ºС дан баланд бўлганида, Bacillus cereus жуда интенсив кўпаяди.
Do'stlaringiz bilan baham: |