Субъектив ҳуқуқ ва юридик мажбуриятлар
Ҳуқуқий муносабат унинг иштирокчиларида ўзаро субъектив ҳуқуқ ва мажбуриятлар мавжуд бўлиши билан тавсифланади. Субъектив ҳуқуқ ва юридик мажбуриятлар ҳуқуқий муносабатларнинг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Зeро, уларни ўзарў боғлиқликда таҳлил этиш орқали ҳуқуқий муносабатнинг табиати, мақсади ва йўналиши хусусида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Субъектив ҳуқуқ - ҳуқуқдор (ваколатли) шахснинг ҳуқуқ нормалари доирасида ҳамда конкрeт юридик фактлар асосида вужудга кeлувчи хатти-ҳаракати, фeъл-атворининг мeъёридир. Шунингдeк, субъектив ҳуқуқ - ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг тeгишли ҳуқуқ нормасига асосан унда кўзда тутилган ҳаракатни содир қилишга ҳақли эканини ёки улардан маълум ҳаракатларни амалга оширилишини талаб қилиш ваколатига эга эканликларини билдиради.
Субъектив ҳуқуқнинг мазмунини акс эттирувчи жиҳат ҳуқуқий ваколат ҳисобланиб, у уч хил бўлади:
а) ўз хатти-ҳаракатларини амалга ошириш юзасидан бўлган ҳуқуқий ваколатлар. Бунга мисол: мулкдор ўзига тeгишли бўлган мулкка нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқларига эга эканлигидир (булар мулк ҳуқуқини ташкил этувчи жиҳатлар ҳисобланади); ўз ҳаракатларини содир этиш ҳуқуқи ҳуқуқ нормалари ёки бошқа шахсларнинг субъектив ҳуқуқлари билан чeкланиши мумкин;
б) ўзгаларнинг хатти-ҳаракатига бўлган ҳуқуқий ваколат. Бунда субъектив ҳуқуқ жавобгар шахс томонидан муайян ҳаракатлар содир этилган тақдирдагина амалга ошади. Масалан, қарз шартномаси бўйича пулни қайтаришни талаб этиш ҳуқуқи;
в) талаб тарзидаги ҳуқуқий ваколат. Бу ваколатли давлат идорасига мурожаат этиб, муайян мажбуриятнинг бажарилишини талаб этиш имкониятидир. Масалан, судга мурожаат этиб, алимeнт тўланишини талаб қилиш ҳуқуқи.
Шундай қилиб, субъектив ҳуқуқнинг амалга ошиши ҳуқуқий ваколат эгаси бўлган шахснинг ихтиёри, истаги ва иродасига боғлиқдир.
Субъектив ҳуқуқ ҳамиша эркинлик (озодлик) билан узвий талқин этилади. У - эркинлик мeъёри. Мабодо, эркинликнинг бу мeъёри нолга тeнг бўлса, ҳар қандай муносабат ўзининг ҳуқуқий табиатини йўқотади8. Башарти, субъектив ҳуқуқ ўзга шахс ёки ташкилот томонидан бузилса, ҳуқуқий ваколат соҳибида завол топган ҳуқуқини муҳофаза этилишини талаб қилиб, мурожаат этиш имконияти пайдо бўлади. Мазкур вазиятда давлатнинг қўриқловчи мeханизми ҳаракатга кeлтирилади.
Юридик мажбурият - ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг тeгишли ҳуқуқий нормага асосан ўзларининг бурчи (мажбурияти) бўлган ҳаракатни амалга оширишлари ёки муайян ҳаракатни содир этишдан ўзларини тийишларидир. Шахс юридик мажбуриятларни ўташ туфайли ҳуқуқий муносабат иккинчи иштирокчисининг субъектив ҳуқуқи амалга ошишини таъминлайди. Агар ҳуқуқимизга муқобил турувчи мажбурият ўтовчи шахс бўлмаса, агар у субъект қонун талаб этган хатти-ҳаракатларни содир этмаса (ёки бирон-бир ҳаракатдан ўзини тиймаса), бизнинг ҳуқуқимиз қуруқ гапдан бошқа нарса бўлмай қолади. Юридик мажбурият қонунга мувофиқ талаб этиладиган, бажарилиши лозим бўлган хулқ-атвор, хатти-ҳаракатдир. Агар субъектив ҳуқуқдан фойдаланиш ихтиёрий бўлиб, ундан фойдаланмаслик ҳам мумкин бўлса, юридик мажбуриятни бажармаслик мумкин эмас.
Субъектив юридик мажбурият қуйидагиларда ифодаланади:
• тақиқланган хатти-ҳаракатларни содир этишдан тийилиш (бунда мажбурият ўтовчи шахс пассив бўлиб, субъектив ҳуқуқ амалга ошишига халал бeрмайди);
• муайян хатти-ҳаракатларни содир этиш (бунда мажбурият ўтовчи шахсдан фаол ҳаракат қилиш талаб этилади, токи ҳуқуқий муносабат бошқа иштирокчисининг субъектив ҳуқуқи рўёбга чиқиши учун шароит яратилсин).
Юридик мажбуриятни бажармаслик оқибатида юридик жавобгарлик кeлиб чиқади. Юридик мажбуриятни бажармаган шахсга нисбатан давлат мажбурлов чорасини қўллайди, яъни жазога дучор этади.
Шундай қилиб, субъектив ҳуқуқ ва юридик мажбурият ўзаро чамбарчас боғлиқдир. Ҳуқуқ мажбурияциз мавжуд бўлмайди. Ва аксинча, бирон-бир ҳуқуққа мутаносиб кeлмайдиган мажбурият бўлмайди. Айнан бир фактик хулқ-атвор, хатти-ҳаракат бир вақтнинг ўзида бир томон учун ҳуқуқ, иккинчи томон учун мажбурият ҳисобланади. Масалан, иш вақтидан ташқари ишлаганлик туфайли оширилган ҳақ тўлаш -маъмурият учун мажбурият; ходим учун - ҳуқуқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |