Санъат ва фалсафа. Фалсафани қадимда (Афлотун, Арасту) санъат деб аташган. Фалсафа фанми ёки санъатми деган муаммо ўшандан буён баҳс майдонини ташлаб кетган эмас: вақти-вақти билан ўртага қўйилиб туради. Масалан, Шопенҳауернинг биз кўриб ўтган, фалсафанинг санъатга муносабати винонинг узумга бўлган муносабатидек гап, деган қанотли фикрини ёки машҳур ХХ аср мутафаккирларининг ХХИ асрда фалсафа санъат билан мустаҳкам алоқада бўлсагина яшаб қолади, деганга ўхшаш мулоҳазалари мазкур муаммонинг янгича ўртага ташланиши, холос.
Санъат билан фалсафанинг яна бир ўхшашлигини уларнинг демократик табиатида кўрамиз. Чунончи, “физик”, “тарихчи”, “геолог” в.ҳ. деган касблар бор, бу касбларни эгаллаш учун махсус ўқув масканларида таҳсил кўрилади, ихтисослик дипломи олинади. Санъат билан фалсафада “мутахассис” – “мутахассис эмас” деган қатъий гапнинг ўзи йўқ. Ҳамма гап истеъдодда, Худо берган истеъдодинг бўлса Навоий ёки Кантдан, “филолог” ёки “файласуф” деган дипломинг – бор-йўғи чиройли муқоваланган, муҳр босилган, юқори навли қоғоз, холос. Оддий фермер ҳам, фаррош ҳам фалсафий асарларни мутолаа қилиши мумкин, фалсафий фикрлай олади, санъатни тушунади, унинг бирор турида, ҳаваскор даражасида бўлса-да, ниманидир ижро эта билади. Лекин улар геологлик ёки физиклик қила олмайдилар. Чунки булар касб сифатида хусусийлик табиатига эга, фанларнинг амалиёти. Санъат билан фалсафа эса ҳамма учун умумий, айни пайтда ҳар бир одам уни ўзича тушунади ва ўзича талқин қилади.
Бундан ташқари ҳар бир ҳақиқий санъат асари ўзининг фалсафий концепциясига эга бўлади, унда ғоявий бадиийлик билан уйғунлашиб кетади, идрок этувчи фалсафий мушоҳада юргизишга, унда умумлашма фикр уйғотишга «мажбур қилади». Бошқачароқ айтганда, санъат ҳам ўзини дунёқараш сифатида намоён этади. ХХ асрнинг буюк файласуфларидан бири Мартин Ҳайдеггер: «Фалсафа фақат инсоний қилмиш сифатидагина маънога эга. Унинг ҳақиқати моҳиятдан инсоний иштирокдан иборатдир. Файласуфлик қилиш инсоний иштирокнинг тақдирига илдиз отган. Бу иштирок эса эркинликда рўёбга чиқади», – деганида томомила ҳақ эди. Зеро фан бевосита инсоннинг иштирокини инкор этгани ҳолда, фалсафа санъат каби инсонининг иштирокисиз воқе бўлолмайди, у, юқорида айтганимиздек, инсоннинг «тафаккур ўйини». Инсон ички эркинлигининг дунёқараш сифатида инъикос этишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |