Давлат бюджети харажатлари тасдиқланган бюджетдан молиялаштириш (маблағ ажратиш) доирасида қуйидаги шаклларда амалга оширилади:
1. Бюджет маблағлари олувчиларнинг жорий харажатлари;
2. Жорий бюджет трансфертлари;
3. Капитал харажатлар:
а) асосий фондлар ва воситаларни (улар билан боғлиқ ишлар ва хизматлар ҳам шулар жумласига киради) давлат эҳтиёжлари учун сотиб олиш ва такрор ишлаб чиқаришга;
б) чет элда давлат эҳтиёжлари учун ер ва бошқа мол-мулк сотиб олишга;
в) давлат эҳтиёжлари учун ерга бўлган ҳуқуқни ва бошқа но-моддий активларни сотиб олишга;
г) давлат захираларини вужудга келтиришга;
4. Капитал харажатларни қоплаш учун юридик шахсларга бериладиган бюджет трансфертлари;
5. Резидент-юридик шахсларга ва чет давлатларга бериладиган бюджет ссудалари;
6. Давлат мақсадли фондларига бериладиган бюджет дотациялари ва бюджет ссудалари (Бюджет дотацияси деганда эса, ўз даромадлари ва бюджетни тартибга солувчи бошқа маблағлар етишмаган тақдирда қуйи бюджетнинг харажатлари билан даромадлари ўртасидаги фарқни қоплаш учун юқори бюджетдан қуйи бюджетга қайтармаслик шарти билан ажратиладиган пул маблағлари тушунилади. Бюджет ссудаси деганда юқори бюджетдан қуйи бюджетга ёки республика бюджетидан резидент-юридик шахсга ёки чет давлатга қайтариш шарти билан ажратиладиган маблағ тушунилади);
7. Давлат қарзини қайтариш ва унга хизмат кўрсатиш бўйича тўловлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа харажатлар шаклларида.
Миллий даражада асосий молиялаштириш тизимларининг тавсифи
Тиббий хизмат қиммат туради ва ҳар бир одам ўзининг ҳаёти давомида керак бўладиган барча тиббий ёрдамга тўлаши учун қанча пул кераклигини олдиндан билмайди (бу тўғрида тиббий хизматнинг ўзига хослиги кўриб чиқилган биринчи мавзуда гапириб ўтилган). Лекин одамлар гуруҳи ёки бутун жамият бирлашишлари ва муайян маблағ суммасини йиғишлари мумкин. Ва, агар бирор инсон бетоб бўлса, шу маблағлар ҳисобидан тиббий хизматни олиш билан боғлиқ бўлган барча харажатлар қопланади. Одамлар алоҳида йирик корхона ёки иқтисодиёт тармоғи даражасида гуруҳларга бирлашишлари мумкин (масалан, кўмир қазиш саноати), улар касблари бўйича гуруҳларга бирлашишлари мумкин (масалан, ўқитувчилар). Агар бутун мамлакат аҳолиси бирлашса, у ҳолда соғлиқни сақлашнинг миллий тизими пайдо бўлади.
Тиббий хизматга тўлов бир неча манбалардан амалга оширилиши мумкин: 1. Юридик ва жисмоний шахслардан умумий солиқлар ҳисобига. Улар ҳисобидан давлат бюджетининг даромадлари шаклланади. Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ижтимоий дастурлар кўлами мамлакат ялпи ички маҳсулотининг кўрсаткичига боғлиқ; бу маҳсулотнинг қанча қисми давлатнинг жамоат функциялари учун қаратилишига боғлиқ; давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий сиёсатига боғлиқ; мамлакат молия тизимининг ўзига хос жиҳатлари ва ривожланиш даражасига боғлиқ. Умумий солиқлар давлат бюджетига пул тушишининг ишончли ва энг йирик манбаси ҳисобланади. Булардан ташқари, давлат ўз даромадларини тўлдириш учун ички ва ташқи қарзлар олиши мумкин.
2. Ижтимоий суғуртага бадаллар тиббий хизматларга кўзда тутилган харажатлар учун тўловларни билдиради. Бу мақсадли солиқлар иш берувчилар томонидан иш ҳақи фондидан ижтимоий ажратмалар шаклида ва ёки ишчилар томонидан индивидуал иш ҳақидан ижтимоий бадал шаклида тўланади. Улар давлат бюджетидан алоҳида ҳолда ижтимоий тиббий суғурта фондларида тўпланади ва шунинг учун улар бюджетдан ташқари фондлар дейилади.
3. Хусусий тиббий суғуртага бадаллар ижтимоий тиббий суғурта каби мақсадли бадаллар ёки назарда тутилган тиббий харажатлар учун суғуртачига тўловлар ҳисобланади. Лекин ижтимоий суғурталашдан фарқли равишда, хусусий суғурта ихтиёрий ҳисобланади. Ҳар бир одам у тиббий ёрдамни қачондир оладими йўқми бундан қатъий назар бадални тўлайди.
4. Истеъмолчиларнинг тиббий хизматни сотиб олишга бевосита тўловлари ёки бевосита харажатлари. Бу бевосита тўловлар тиббий хизматни олиш вақтидаги беморнинг чўнтагидан амалга оширилувчи тўлов ҳисобланади. Масалан, бемор шифокор ёзиб берган дориларни олишда унинг тўлиқ қийматини тўлаши (бевосита харид), тўлиқ қийматнинг фақат 10%ини (ҳамкорликдаги суғурта) ёки дорига юз сўм тўлаши (ҳамкорликдаги тўлов) керак.
Дунёда юқорида санаб ўтилган соғлиқни сақлашни молиялаштиришнинг фақат бир туридан фойдаланадиган мамлакат деярли йўқ. Барча жойларда аралаш тизимлар амал қилади, қаердадир даромад тўплаш манбасининг униси ёки буниси устунлик қилади.
Давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар рўйхати (ёки асосий хизматлар пакети) ҳар бир мамлакатда ундаги мавжуд иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, экологик ва бошқа шароитлардан келиб чиқиб белгиланади ва давлат бюджетидан ёки ижтимоий суғурта ҳисобидан молиялаштирилади. Бу иккала манба жамоат фондлари дейилади.