Суғориш тармоқлари сувни қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш технологияларига мувофиқ керакли миқдор ва муддатларда сув манбаидан олиб, суғориладиган ҳудудларгача ташиб келтириш ва уни сувдан фойдаланувчилар ўртасида, алмашлаб экиш далалари ва суғориш участкалари бўйича бир текисда тақсимлаш учун хизмат қиладиган ўзаро узвий боғлиқ ҳолда фаолият кўрсатувчи иншоот ва техник воситаларни ўз ичига олади.
Коллектор-зовур ва сув йиғиш-ташама тармоқлари сизот сувлар сатҳини пасайтириш ва ортиқча сувларни участкадан ташқарига чиқариб ташлашда қўлланиладиган иншоот ва техник воситалардан таркиб топган.
Суғориш тизимлари алоҳида хўжаликка (ширкат, ижара, фермер, деҳқон) хизмат кўрсатаётган бўлса хўжалик суғориш тизими, икки ёки ундан ортиқ хўжаликка хизмат кўрсатаётган бўлса хўжаликлараро суғориш тизими деб юритилади. Агар суғориш тизими бир нечта туман, вилоят ёки республикалар ҳудудида жойлашган бўлса, у тегишлича туманлараро, вилоятлараро ва республикалараро суғориш тизимлари дейилади.
Геоморфологик шароитларга кўра тоғ олди (Марказий Осиёнинг тоғли) районларида, дарёларнинг водийларида (йирик дарёлар Сирдарё, Амударё, Зарафшон, Чирчиқ ва б.) ва текисликлардаги сув айирғичларда (Украинанинг саҳро ва ярим саҳро районлари) ташкил этилган суғориш тизимлари ўзаро фарқланади.
Суғориш тизимлари тузилиши (конструкцияси), сув узатиш усули, қўлланиш ҳолатига қараб ҳам турларга бўлинади. Тузилишига кўра очиқ, ёпиқ ва аралаш; сув ўз оқими билан, механик кўтариб бериш ва ўз оқими-механик, яъни аралаш усулларда узатилувчи; қўлланиш ҳолатига кўра кўчмас (турғун), ярим кўчма ва кўчма суғориш тизимлари ажратиб кўрсатилади.
Суғориладиган ерларда қишлоқ хўжалигини ихтисослашганлигига кўра қуйидаги суғориш тизимлари ўзаро фарқланади: пахтачилик, шоличилик, мева-сабзавотчилик ва бошқалар. Аҳоли истиқомат жойлари, саноат ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида шаклланаётган чиқинди сувлардан намиқтирувчи-ўғитлаш мақсадларида фойдаланиш учун махсус тизимлар – чиқинди сувлардан фойдаланиладиган суғориш тизимлари барпо этилади.
Суғориш тизимлари мураккаб сув хўжалик мажмуи бўлиб, қуйидаги асосий таркибий қисмлардан иборат: бош сув олиш иншооти (суғориш сувини сув манбаидан олиб, магистрал каналга узатиш учун хизмат қилувчи тўғон, шлюз, насос станциялари ва б.); сув узатиш ва тақсимлаш каналлари (магистрал канал ва унинг тармоқлари, хўжаликлараро тақсимлагичлар); хўжалик тақсимлаш тармоқлари (хўжалик тақсимлагичи, алмашлаб экиш участкасига сув тақсимлагич); карта суғориш тармоқлари (муваққат ва ўқариқлар, суғориш эгатлари, йўлаклар ва чеклар); оқова тармоқлари (ортиқча суғориш ва ёғин сувларини чиқариб юборувчи ташамалар); коллектор-зовур тармоғи (ортиқча сизот сувларни ташқарига чиқариб ташлашда қўлланиладиган бирламчи ва гуруҳ зовурлари, вертикал зовурлар, хўжалик ва хўжаликлараро коллекторлар, магистрал коллекторлар); гидротехник иншоотлар (сув ўлчаш-тақсимлаш иншоотлари, акведук, дюкер, сизот сувлар сатҳини кузатиш қудуқлари ва б.); хизмат йўллари ва улардаги иншоотлар, хўжалик ва дала йўллари, кўприклар; алоқа воситалари (сувдан фойдаланишни тезкор бошқариш мақсадида қўлланиладиган телефон, радиостанциялар); ишлаб чиқариш, хизмат, яшаш бинолари, омборхона, гаражлар, устахона ва ёрдамчи бинолар; каналларнинг ҳимоя зоналари, иҳота дарахтзорлари, электр линиялари ва бошқалар (8- расм).
2. Суғориш тармоқлари фойдаланиш муддатига кўра доимий ва муваққат тармоқларга бўлинади. Доимий тармоқларга икки ва ундан ортиқ йил давомида фойдаланилувчи сув узатиш тармоқлари – магистрал канал ва унинг тармоқлари, хўжаликлараро, хўжалик ва участка тақсимлагичларини ўз ичига олади. Ёпиқ суғориш қувурлари ҳам доимий тармоқ ҳисобланади. Муваққат суғориш тармоқлари мавсум давомида ёки битта суғориш давомида фойдаланилувчи тармоқлар бўлиб, уларга муваққат ариқлар, ўқариқлар, бешамаклар, суғориш эгатлари, йўлак (пол)лар ва чеклар киради. Муваққат тармоқлар бевосита суғориш арафасида қурилиб, суғоришдан кейин тупроқ етилиши билан ёки мавсум бошида қурилиб, мавсум охирида текислаб юборилади. Очиқ суғориш каналлари ҳудуднинг энг баланд қисмида қуриладики, токи сув далаларга ўз оқими билан узатилсин. Агар сув манбаи ёки тақсимлаш канали суғориладиган даладан пастда жойлашган бўлса, сув насос станцияси ёрдамида кўтариб берилади, яъни машина ёрдамида узатилади.
8- расм. Хўжаликда канал ва иншоотларни жойлаштириш схемаси:
1 - хўжаликлараро сув тақсимлагич; 2 - сув ажратиш иншооти; 3 - хўжалик сув тақсимлагичи; 4 - сув ўлчаш-сув чиқариш иншооти; 5 - сув чиқаргич; 6 - оқова сувларни чиқаргич; 7 - 20-40 гектарли участкалар; 8 - участка каналлари; 9 - йўллар; 10 - коллектор; 11 - муваққат суғориш тармоқлари; I-III - сувдан фойдаланишни ташкил этиш массивлари.
Суғориш каналлари фойдали иш коэффициенти (ФИК) ва ердан фойдаланиш коэффициенти (ЕФК)нинг юқори даражада бўлишини, улар ва гидротехник иншоотлардан самарали ва қишлоқ хўжалиги машиналаридан серунум фойдаланишни таъминлайдиган қилиб қурилади. Каналлардаги сув сатҳи улардан сув олувчи тармоқдагидан 20–22 см баланд бўлиши керак. Суғориш каналларининг ўзанлари ювилиб кетмаслиги ва уларни лойқа босмаслиги учун канал тубининг нишоблиги 0,00003 дан 0,002 гача бўлиши лозим.
Каналлар тузилишига кўра қазма, ярим кўтарма ва кўтарма каналларга бўлинади. Канал трассасида маълум бир тўсиқ (автомобиль ёки темир йўллари, дарё, сой ёки жарлик) учраб қолса, махсус гидротехник иншоотлар ёрдамида унинг устидан (акведук) ёки тагидан (дюкер) ўтказиб юборилади.
Ёпиқ суғориш тармоқлари хўжаликнинг сув узатувчи босимли ва босимсиз тақсимлаш қувур тармоқлари ҳамда улардаги иншоотлардан иборат. Ёпиқ тармоқлар шароитида қишлоқ хўжалиги экинларини мавжуд барча суғориш усулларидан фойдаланиш мумкин.
Аралаш типдаги ёпиқ суғориш тармоқлари хўжалик суғориш тизимида экинларни тупроқ сатҳидан ва ёмғирлатиб суғоришда қўлланилади. Сув босими ушбу тизимда механик усулда ёки ўз-ўзидан ҳосил қилинади. Бундай тизимларда ДДН-70, ДДН-100, ДДА-100МА, ДДПА-130/140 ёмғирлатиб суғориш машина ва агрегатларидан фойдаланиш мумкин.
Хўжалик суғориш тармоқларида фильтрацияга бўладиган сув исрофгарчилигини камайтириш мақсадида темир-бетон новлардан кенг фойдаланила бошланди. Новлар республиканинг янги ўзлаштирилган ерлари (Мирзачўл, Қарши чўли)да кенг тарқалган. Сувни фильтрацияга исроф бўлишини йўқотилиши туфайли новларнинг ФИК 0,90–0,96 гача, ЕФК эса 0,90 гача етиб боради. Новларни лойқа ва бегона ўтлар босмаслиги боис уларни тозалаш тадбирларига қилинадиган харажатлар тежалади.
Нов тармоқлар орасидаги масофа эгилувчан шланглар узунлигига мос ҳолда - 400–500 м қилиб олинади. Новдан икки томонга сув тақсимланадиган шароитда улар орасидаги масофа икки марта оширилади. Участка тақсимлаш новининг узунлиги 2–2,5 км, баъзан 3,5–4 км бўлиши мумкин. Участка тақсимлагичи 150–200 га ерни суғориш учун зарур бўлган сувни етказиб бера оладиган ўлчамда қурилади.
Новли суғориш тизимининг камчиликлари сирасига қуйидагилар киради: қишлоқ хўжалиги машиналарининг бир даладан иккинчисига ўтиши мураккаблашади. Бунинг учун дюкерлар қуришга тўғри келади. Тупроқнинг чўкиши ёки таянчларнинг оғиши авария ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.
3. Қишлоқ хўжалиги экинларини ер юзасидан суғоришда муваққат тармоқлардан фойдаланилади. Муваққат тармоқлар суғориш мавсуми бошида (ёки ҳар бир суғориш арафасида) олиниб, суғориш мавсуми тугалланиши билан (суғоришдан сўнг) текислаб юборилади. Муваққат тармоқлар сирасига муваққат ариқлар, ўқариқлар, бешамаклар, пол (йўлак)лар ва суғориш эгатлари киради.
Эгатлар чуқурлиги қатор ораларининг кенглигига боғлиқ ҳолда белгиланади: қатор оралиғи 60 см бўлганда 12 см. дан 18 см. гача, 90 см бўлганда 15 см. дан 32 см. гача қилиб олинади. Ғўзани биринчи суғоришда эгатлар 10–12 см чуқурликда, қатор оралиғи 90 см бўлган ерларда эгатлар чуқурроқ олинади. Ғўзани шоналаш фазасида суғориш эгатлари 12–14 см, навбатдаги суғоришларда эса 16–18 см чуқурликда олинади. Кенг қаторлаб экилган ерларда 20–32 см. гача етказилиши мумкин. Механик таркиби енгил тупроқларнинг сув ўтказувчанлиги юқори бўлиши туфайли эгатлар саёз, оғир тупроқларда эса чуқурроқ қилиб олинади. Эгатлар МТЗ-80Х ёки Т28Х3 тракторларига ўрнатилган КРХ-3,6 культиватор-озиқлантиргич ёрдамида олинади.
Муваққат тармоқларни қазиш учун ариққазгич-текислагичлардан фойдаланилади: улар ариқни 20–40 л/сек. дан 100–200 л/сек. гача сув ўтказа олишини ҳисобга олган ҳолда танланади. Қишлоқ хўжалиги машиналарининг муваққат тармоқлар орқали ўта олишлари учун ариқнинг чуқурлиги 30 см. дан ортиқ бўлмаслиги ва деворлари ётиқ, яъни қиялиги 1:4 атрофида бўлиши лозим.
Муваққат ариқлар КОР-500А, КЗУ-0,5, КПУ-2000А, КПН ва бошқа ариққазгич-текислагичлар ёрдамида олинса, ўқариқлар КБН-0,35, КЗУ-0,3, КЗУ-0,5, МК-12 каби қуроллар ёрдамида олинади.
КЗУ-0,3 ариққазгич-текислагич ёрдамида олинган ариқнинг чуқурлиги 25 см, тубининг эни 30 см, тепа қисмининг кенглиги 120–130 см ва тупроқ уюмининг баландлиги 20–25 см. ни ва ариқнинг сув ўтказиш қобилияти 40–60 л/сек. ни ташкил этади.
Муваққат ариқлар орқали 100–200 л/сек. миқдорида сув ўтказиш талаб этилаётган бўлса, у вақтда КЗУ-0,5, КПА-2000А ёки КОР-500А ариққазгич-текислагичлардан фойдаланилади.
Муваққат тармоқларни текислашда КЗУ-0,5, КЗУ-0,3, КБН-0,35 ариққазгич-текислагичлар қўлланилади.
4. Муваққат суғориш тармоқлари жойнинг шароитларига боғлиқ ҳолда суғориш участкасида кўндаланг ва бўйлама схемаларда жойлаштирилади.
Бўйлама жойлаштириш схемалари нишоблиги 0,002 дан кичик бўлган ерларда қўлланилади. Бундай ерларда участка тақсимлагичи энг катта нишоблик йўналишига қияроқ қилиб, муваққат ариқлар эса баландлик горизонталларига нисбатан перпендикуляр ҳолда, ўқариқлар эса кичик нишоблик йўналиши бўйича олинади. Бешамаклар ўқариқларга параллел ҳолда қурилиб, уларнинг ҳар биридан сув 5–6 та суғориш эгатларига тақсимланади. Суғориш эгатлари жойнинг катта нишоблиги йўналишида очилади, яъни улар муваққат ариқ йўналишига параллел бўлади.
Нишоблиги катта (>0,008) ерларда суғориш сувлари таъсирида тупроқнинг ювилишини олдини олиш мақсадида муваққат суғориш тармоқлари кўндаланг схемада жойлаштирилади. Ўқариқлар горизонталларга кичик бурчак остидаги йўналишда, суғориш эгатлари эса унга перпендикуляр ҳолда олинади.
Нишоблиги ўртача (0,002–0,008) бўлган ерларда у ёки бу схемадан фойдаланилади.
Муваққат ариқ узунлиги суғориш картасининг бир томони (эни ёки бўйи)ни узунлигига тенг қилиб олинади: муваққат суғориш тармоқлари бўйлама схемада жойлаштирилганда 1200 м. гача, кўндаланг схемада эса 800 м. гача бўлади. Кучли сув ўтказувчан тупроқлар ва мураккаб рельефли шароитларда ўқариқлар қисқароқ қилиб олинади. Муваққат суғориш тармоқларини тавсия этилган мўътадил ўлчамлари 87- жадвалда келтирилган (Лактаев Н.Т.).
16- жадвал
Do'stlaringiz bilan baham: |