Фермер хўжалигида банк иши ва кредитдан фойдаланиш
Фермер хўжалигини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича кредит бериш икки турда амалга оширилади. Биринчидан, тижорат банклари томонидан микрокредит бериш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2000 йил 22 февралдаги 464 сонли Қарори ва Адлия вазирлигининг 2000 йил 29 февралдаги 903 рақам билан рўйхатга олинган «Тижорат банклари томонидан юридик шахс мақомини олиб фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларини миллий ва чет эл валютасида микрокредитлаш» Тартиби ва унга киритилган 1-сонли ўзгаришлар билан амалга оширилади. Мазкур Тартиб тижорат банклари томонидан юридик шахс мақомини олиб фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларга микрокредитлар беришни тартибга солади. Тижорат банклари томонидан микрокредитларни бериш, қайтариш, тўлаш, таъминлаш, муддатли ва мақсадли фойдаланиш шартлари асосида амалга
оширилади.
Юридик шахс мақомини олиб фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларига ва кичик бизнеснинг бошқа субъектларига бериладиган микрокредитлар деганда, кредит бериладиган кундаги Республика Марказий банки курси ҳисобида 10000 (ўн минг) АҚШ доллари эквиваленти миқдоридан ошмайдиган ҳажмда миллий ёки чет эл валютасида бериладиган кредитлар тушунилади.
Тижорат банклари микрокредитларни қарз олувчиларга шартнома асосида 3 йилгача бўлган муддатга берадилар. Кредитлар мижознинг талаб қилиб олингунча депозит ҳисоб рақами жойлашган манзил бўйича берилади. Фақат деҳқон ва фермер хўжаликларига микрокредитларнинг 50 фоизгача миқдорининг аҳолидан чорва моллари, парранда, уруғлик ва кўчатларни сотиб олишига, 1,5 йил(18 ой)гача бўлган муддатга қайтариш шарти билан, нақд пулда берилишига рухсат берилади.
Микрокредитлар қарз олувчиларга қуйидаги мақсадлар учун берилади:
кичик (мини) ускуналарни харид қилиш;
фермер хўжаликларида хусусий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва кенгайтириш, шу жумладан қишлоқ хўжалик техникасини сотиб олиш, иншоотларни қуриш, уруғлик, чорва моллари, ёш чорва моллари, парранда, ем-хашак ва омухта ем, ветеринария дори-дармонлари, кимёвий воситалари ва минерал ўғитларини сотиб олиш ўсимликларни ҳимоя қилиш;
хом ашё ва материалларга бирламчи ишлов бериш;
меҳнат қуроллари, хом ашё, ярим тайёр маҳсулотлар ва ёрдамчи ашёларни харид қилиш;
халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини ишлаб чиқариш;
ҳунармандчиликни ривожлантириш, уй меҳнати (касаначилик) ни ташкил қилиш;
сервис хизмати ва маиший хизмат кўрсатишни ривожлантириш;
солиқ тўлашни ривожлантириш;
сайёҳлик (туризм) соҳасини ривожлантириш;
кичик кўламдаги ишлаб чиқаришларни ташкил килиш.
Микрокредитлардан фойдаланганлик учун фоиз ставкаларининг миқдори қарз олувчи ва банк ўртасидаги ўзаро келишувга кўра, кредит шартномаси асосида, аммо Марказий банк томонидан расман ўрнатилган қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда белгиланади.
Махсус микрокредитлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бериладиган микрокредитларда имтиёзли фоиз ставкаларини белгилаш тавсия этилади.
Микрокредитлар олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
микрокредит олиш учун кредит буюртмаси;
пул оқими таҳлили мажбурий тарзда кўрсатилган бизнес-режа;
охирги ҳисобот санасига Давлат солиқ хизматининг маҳаллий (туман) идораси томонидан тасдиқланган бухгалтерлик баланси (1-шакл), дебиторлик ва кредиторлик қарзи ҳақидаги маълумотнома (2 а)- шакл), шунингдек, 90 кундан ортиқ муддатдаги қарздорликни солиштириш далолатномалари, молиявий натижалари ҳақида ҳисобот (2 шакл).
Олинган микрокредитни қайтармаслик хатарининг олдини олиш мақсадида қарз олувчи тез ва эркин сотилиш талабларига жавоб берадиган таъминотга эга бўлиши керак. Қарз олувчи банкка қуйидаги таъминот турларининг бирини тақдим этиш ҳуқуқига эга:
мулк ёки қимматли қоғозлар гарови;
банк ёки суғурта ташкилоти кафолати;
учинчи шахснинг кафиллиги;
суғурта компаниясининг қарз олувчининг кредитни қайтара олмаслик хатарини суғурта қилгани тўғрисидаги суғурта полюси;
-фуқаро йиғинларининг, маҳалла, қишлоқ, овул Кенгашлари кафиллиги.
Кредитлар мижознинг талаб қилиб олингунча депозит ҳисоб рақами жойлашган манзил бўйича берилади. Кредитлар алоҳида ссуда ҳисоб рақамини очиқ ва ушбу ҳисоб рақамидан қарз олувчининг тўлов топшириқномалари асосида моддий-товар бойликлари учун нақд пулсиз, яъни пул ўтказиш йўли билан ёки микрокредитнинг 50 % фоизигача миқдорида нақд пул шаклида фақат деҳқон ва фермер хўжаликларига, улар томонидан тақдим этилган пул чекларига нақд пул бериш билан берилади.
Нақд пулда бериладиган микрокредитлар ва уларга ҳисобланган фоизлар белгиланган тартибда нақд пулда қайтарилади.
Қайтариш муддатлари пул оқимининг келиб тушиш истиқболига қараб, бир неча босқичда қоплашни кўзда тутувчи жадвал шаклида тақдим этилиши мумкин.
Қайтариш муддати етиб келганда ва қарз олувчининг пул маблағлари мавжуд бўлмаган тақдирда, кредит муддати ўтган ссудалар ҳисоб рақами орқали ундириб олишга тақдим этилади, у бўйича муддатли мажбуриятномалар эса, 2 картотекага жойлаштирилади
ва календар навбати тартибида қайтарилади. Бунда фоизлар кредит қарзларидан олдин қайтарилади.
Тижорат банклари ўз низомларига ва валюта операцияларини амалга ошириш учун уларга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан берилган лицензияда берилган ҳуқуқларга мувофиқ равишда, мазкур тартиб санаб ўтилган мақсадларни амалга ошириш пайтида, фақат ўз ишлаб чиқариш фаолияти учун республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар, хом-ашё ва бутловчи қисмларни импорт йўли билан харид қилишга чет эл валютасида микрокредитлар беришлари мумкин.
Чет эл валютасидаги микрокредитлар банклар билан қарз олувчилар ўртасида тузиладиган кредит шартномаларида белгиланадиган тижорат шартлари асосида, нақд пулсиз шаклда берилади.
Чет эл валютасида берилган кредитлар бўйича фоизларнинг тўлови, тўлов санасидаги Марказий банкларнинг курси бўйича миллий валютада амалга оширилади.
Асосий қарзни тўлашда ҳисоб рақамида чет эл валютасида маблағ мавжуд бўлмаган тақдирда – тўлов санасидаги Марказий банкнинг курси бўйича миллий валюта тўланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |