35-§. НЕОТЕКТОНИК ҲАРАКАТЛАР
Ер пўстининг ривожланиш тарихи унда муттасил тектоник ҳаракатлар бўлиб турганлигидан дарак беради. Бундай харакатлар қатламларни ётиш ҳолатини, тузилишини ўзгартиради.
Ер қатламларидаги бундай ўзгарган шаклларни аниқлаш, уларни ўрганиш айниқса ёш қатламларда муҳим аҳамиятга эгадир. Чунки улар билан нефть, газ, кўмир ва бошқа фойдали қазилмалар жойлашади.
Худди шундай шакллар энг ёш ер қатламларида (неоген ва антропоген ётқизиқларида) ҳам учрайди. Бу даврлардаги тектоник ҳаракатларни ва улар хосил қилган структураларни геологиянинг неотектоника деб аталувчи соҳаси ўрганади.
Неотектоникани совет олими академик В. А. Обручев (1863-1956) биринчи бўлиб умумий тектоника фанидан ажратишни таклиф қилган ва бунга асос солган.
Неотектоникани совет олимларидан Н. И. Николаев, Н. П. Костинко, А. Б. Ранов, В. Е. Хаин ва бошқалар ривожлантирмоқдалар. У қуйидагича классификация килинган: бўр давридан ҳозирги вақтгача бўлган тектоник ҳаракат—Альп бурмаланиш даври, неоген-антропоген даврдаги ҳаракатлар неотектоник, ҳозирги вақтдагиси хозирги замон тектоник ҳаракатлар деб аталади. Ер шарининг неотектоник картаси Н. И. Николаев бошчилигида тузилган.
Неотектоник харакат бўлган жойларни бир неча хил усуллар билан аниқлаш мумкин.
Тектоник ҳаракат туфайли неоген, антропоген ётқизиқлари қаватларида дарз кетган, букилган структуралар ҳосил бўлган ва баландликларда қадимги текисликларнинг қолдиклари қолиб кетган жойлар бор. Масалан, Жанубий ва Шимолий Фарғона адирларидаги ёш структуралар: шимоли - ғарбда Оқчоп, Оқбел, Супатов, жанубда Селкетма, Чимён, Капирқоқ, Нефтеобод ва бошқа кичик - кичик брахиантиклиналлар устида неоген ва антропоген майда тошлари алевролитлари 5°—20° бурчак остида ётади. Айрим жойларда флексура сброслари ҳосил қилган.
Антропоген ётқизиқларини дарз кетган ва узилган жойлари Қоржантовда, Норин дарёси ва бошқа жойларда учрайди. Ер пўстининг кўтарилиши туфайли антропоген даври ётқизиқлари тоғларнинг 1800-2000 м баландлигида, дарё ўзанидан 600—700 м да қолиб кетган. Масалан, Писком дарёси чап қирғоғидаги Нанай (Ю. А. Скворцов) террасаси бунга мисол бўла олади. Қадимги (Q) текисликларни баланд тоғ оралиғида қолиб кетиши фақат неотектоник ҳаракат бўлганлигидан дарак беради. Масалан, Чотқол, Писком тоғлари орасидаги Майдонтол платоси (денгиз юзасидан 2500—2800 м баландликда).
Неотектоник ҳаракат бўлганлигини дарё водийсининг бўйлама профилида яққол кўриш мумкин. Масалан, Вахш, Оҳангарон, Оқсоқота дарёларини бўйлама профилини олсак, уларнинг ҳосил қилган аллювиал ётқизиқлари биринчидан, ҳар хил баландликда (қуйи оқимидан юқори оқимига борган сари), иккинчидан ёнбағрида дарё ҳосил қилган аккумулятив террасаларни вақтинча оқар сувлар емириб катта - кичик сойлар, ирмоқлар пайдо қилганини кўриш мумкин. Бундай дарё ирмоқлари асосий дарё пайдо бўлгандан кейин бир неча минг йиллар давомида ҳосил бўлгандир. Неотектоник ва ҳозирги тектоник харакатлар вулкан отилиши, зилзила ҳаракатларида намоён бўлади. (Зилзила темасига қаранг). Антропоген даврининг бошларида ер ёрилишидан Африкадаги Виктория, Танганьика кўллари, Қизил денгиз ва Ўлик денгизлар ҳосил бўлган. СССР территориясидаги Байкал кўли хам антропоген даврида ҳосил бўлган деб ҳисобланади.
Тоғларда учрайдиган ер ёриқлари. Тектоник харакатлар натижасида ҳосил бўлган ер ёриқлари вақт ўтиши билан ювилиб, емирилиб баъзан кўмилиб кетади. Бундай ҳолларда уларни ер юзасидан топиш анча қийин бўлади.
Тоғларда ер ёриқларининг борлигидан дарак берувчи белгиларга қуйидагилар киради.
1. Ҳар хил ёшдаги тоғ жинслари қатламларининг стратиграфик жиҳатдан номос ётиши. Бундай ҳолат бир неча хил бўлиши мумкин. Масалан, тектоник номос ётиш. Бунда ер ёриғининг икки томонидаги қатламлар ҳар хил давр ётқизиқларидан иборат бўлади. Яна уларни ажратувчи чегара қатламларнинг бир томони пастга ёки юқорига 45дан катта ёки кичик бурчак остида силжиган бўлади.
2. Қатламларнинг синган, дарз кетган жойидан қарама-қарши томонга ётиш бурчаги икки хил бўлиб қолади.
3. Ер ёриқлари бор жойда тектоник брекчия деб аталувчи тоғ жинси учрайди, қатламларда ёки дарз кетган жойдаги жинслар юзасида тектоник ҳаракатдан бўлган сирғаниш, ишқаланишдан ойнасимон силлиқ юза (зеркало скольжения) ҳосил бўлади.
4. Катта ер ёриқлари тарқалган жойларда жинслар майдаланган, сиқилиб, эзилиб зичлашиб сўнгра ҳар хил минераллар билан цементланган бўлади. Улар таркибида кальцит, кварц, темир баъзан олтин, мис, қўрғошин ва бошқа фойдали қазилмалар минераллари бўлиши мумкин.
5. Ер ёриқлари бўлган жойлар рельефида бир оз чуқурроқ (нов) бўлади. (Новқат—Жанубий Фарғона чуқур ер ёриғи. Пейве, 1947).
6. Ер ёриқлари бўйлаб иссиқ ва совуқ булоқлар қатор жойлашган бўлиб, баъзан буталар хам ўсади.
7. Ҳозирги вақтда ҳаракатдаги ер ёриқлари бор жойларда кўчки процесси ҳам кенг тарқалган (Бурчмулла, Хўжакент, Нурекота).
8. Ер ёриқлари бор жойнинг қарама-қарши томонидаги қатламлар хар хил ёшли, икки хил жинсдан ташкил топади. Уларда турли хил хайвон колдиғи бўлади.
Бу кўриб ўтилган белгилар энг кўп учрайдиган белгилар ҳисобланади. Аммо ер ёриқлари яна геофизик текшириш методи ёрдамида исботланиши зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |