Статуслар трансформацияси
“Тарбия” дарси машғулотлари жараёнида болалар статуси “ўқувчи”дан “тарбияланувчи”га ўзгаради. Мос равишда ўқитувчи статуси “ўқитувчи”дан “коуч-тренер”га алмашади.
“Тарбия” дарслари ҳар бир ўқитувчи ва ота-онадан тарбиявий ишлар методикасини яхши билишни, бу борада қизғин ҳамкорлик қилишни талаб қилади. Зеро ахлоқий сифатлар кичик ёшдан бошлаб болаларнинг кўникмаларига айлантира борилсагина фазилатларга айланади. Шундай экан, ҳар бир ота-она, ўқитувчи бу сифатларни сингдириш, маънавий тарбия йўллари ва усулларини чуқур билишлари лозим. Ана шу педагогик ҳамкорлик дарсликнинг мақсад ва вазифаларини таъминлаб беради.
Бола шахсига ҳурмат.
“Тарбия” фани дарслиги аввало болага ИНСОН сифатида ҳурмат билан муносабат бўлишга асосланади. Бунинг учун ҳар бир ота-она, ўқитувчи:
болага инсоний муносабатда бўлиши;
унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиши;
болага унинг кучи етадиган ва оқилона, адолатли талабларни қўйиши;
тарбияланувчининг ҳолатини, ҳатто у ўзига қўйилган талабларни бажаришдан бош тортган пайтда ҳам тушуниш;
унинг ўзи билан ўзи бўлиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш;
болани тарбиянинг мақсад ва вазифаларига қизиқтириш;
билим, кўникма, компетенция ва фазилатларни мажбурий шакллантирмаслик;
боланинг ор-номус ва қадр-қимматини камситувчи жазо методларини қўлламаслик.
Ўқитувчи-коучларга қўйиладиган талаблар
маънавий-ахлоқий тарбиянинг мазмун, йўналишлари, технологиялари;
ўқувчиларни оилада, дарс ҳамда синфдан ва мактабдан ташқари ишлар жараёнида тарбиялаш методикаси;
оила, синфда, мактабдаги тарбия жараёнларини интеграл диагностика қилиш;
миллий педагогик мерос ҳамда янги педагогик технологияларни амалда қўллай билиш малака ва кўникма ва компетенциялари;
тарбия дарсларида мактаб, ўқувчиларнинг жамоат ташкилотлари фаолиятидан самарали фойдаланиш;
Мактаб, оила, маҳалла ҳамкорлиги;
- тарбия натижаларини аниқлай, баҳолай олишлари;
- тарбия дарсларида болаларнинг индивидуал хусусиятларини, ёши, билим даражаси, дунёқараши, тарбияланганлик даражаси, мотивация ва руҳий ҳолатларига асослана олишлари;
- креативлик, кейс ва ивент технологияларидан фойдаланиш орқали тарбиянинг идентив мақсадлари ва натижалари тенглигига эришиш;
Маънавий-ахлоқий тарбиянинг суггестив технологияси тақозо қилувчи педагогика назарияси ва тарихи, педагогик маҳорат, ўқитувчи одоби, этика, эстетика, тарих, фалсафа, психология, адабиёт фанларидан хабардор бўлишлари керак.
Бу эса ота-оналар билан педагогик ҳамкорликни талаб қилади. Шу сабабли дарсликнинг ҳар бир мавзусида ота-оналар учун методик тавсия, кўрсатмалар бериб борилади. Ота-оналар учун ишлаб чиқилган методик қўлланмалар бу ишда ёрдам беради.
Дарслик маънавий-ахлоқий компетенциялар тўғрисидаги билимлар манбаи ва ижтимоий малакаларни ўргатиш воситаси сифатида ўқувчиларда ўз-ўзини тарбиялаш, хулқ машқларини бажаришга ўргатади.
Дарслик ўқувчиларга замонавий умуминсоний ижтимоий малакалар билан биргаликда энг аввало миллий фазилатлар моҳиятини тушунтириш ва ўргатишга хизмат қилади. Шу сабабли дарсликда миллий маънавий-ахлоқий қадриятлар, хулқ, одоб нормалари тарихий ва замонавий намуналар асосида тушунтирилади, кўрсатилади ва ўргатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |