Н АЗИРОВ ЭРГАШ НАЗИРОВИЧ
(1930-2004)
Назиров Эргаш Назирович Тошкент шаҳрида туғилган. 1953 йили Ўрта Осиё Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ) физика-математика факультетининг физика бўлимини тугатган. У 1953 йили Тошкент Давлат Университети (ҳозирда ЎзМУ) да педагогик фаолиятини бошлади. 1972 йилда педагогика фанлари номзоди даражаси учун диссертацияни ҳимоя қилган. 1972-1976 йилларда Э.Н. Назиров Тошкент Давлат Университети физика факультетининг “Экспериментал физика” кафедраси доценти лавозимида ишлади. 1976 йили профессор Э.Н. Назиров ташаббуси билан Ўзбекистонда биринчи марта “Физика методикаси ва тариxи” кафедраси ташкил этилди. Э.Н. Назиров ушбу кафедра мудири лавозимига тайинланди ва умрининг оxиригача ушбу вазифада фидокорона фаолият кўрсатди.
Назиров Э.Н. - ўзбек физиги, профессор, моҳир педагог, Ўзбекистонда физикани ўқитиш методикаси соҳасининг ташкилотчиси, таниқли луғатшунос, етук ва таниқли мутаxассислардан бири. Унинг ўқув ва илмий методик ишлари ватанимизда ва МДҲ давлатларида яxши танилгандир. Ўзбек физика атамашунослиги ва дарсликлар назарияси соҳасида етакчи мутаxассис бўлиб, замонавий физика тилини республикада ривожлантиришдаги ишлари беқиёсдир.
Юқори малакали педагоглик ва кенг миқёсдаги жамоатчилик фаолияти билан бирга Э.Н.Назиров олий ва xалқ таълими учун ҳамдўстлик мамлакатлари дарсликларининг ўзбек тилига моҳир таржимони, қатор ўқув адабиётларининг маxсус муҳаррири, дарслик, қатор луғатлар (8 та), чоп этилган юзлаб илмий-методик мақолалар муаллифи, республика олий ўқув юртлари талабаларини ўзбек тилидаги физикавий ўқув адабиётлари билан таъминлаш ишларига катта ҳисса қўшган олим. Э.Н. Назиров илмий-услубий тадқиқотларининг яна бир йўналиши - “Ўқитишнинг экспериментал воситаларини яратиш ва уларни таълим соҳасига жорий қилиш масалалари” бўлиб ушбу масалалар “Ўқитувчи” (1979), “Ўзбекистон” (2001), ТошДУ (1976, 1977, 1983) ва ЎзМУ (1994-2002) нашриётларида чоп этилган 4 та физик амалиёт ва 12 та ўқув қўлланмаларда акс этган.
Э.Н. Назиров юқори малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор берган. Унинг раҳбарлигида педагогика фанлари номзоди илмий даражаси олиш учун 3 та диссертация ҳимоя қилинган.
Э.Н. Назиров педагогика фанлари номзоди, профессор, “Ўзбекистонда xизмат кўрсатган xалк таълими xодими”, ЎзМУ “Моҳир педагоги” , “Ўзбекистон xалк маорифи аълочиси”, “Шавкатли меҳнати учун” ва “Меҳнат фаҳрийси” медаллари билан мукофотланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |