Олтинчи тун. Тўлин ойнинг жамики одам зотидан ҳафсаласи пир бўлганди. Энди унинг бу қавмдан йироқроқ юргиси келди. Қоронғи тушиши билан кўк қўйнида пайдо бўлдию табиат қўчоғига кириб, негадир ўзи ҳам билмайдиган ненидир қидира кетди. Аммо нимани қидирганини ўзи билмасди шу тобда. Ахир, қидириб топганлари нима кароматлар кўрсатди?.. Шунга қарамай, аллақандай савқитабиий ички бир эҳтиёж остида қолиб фақат қидирарди. Ниҳоят, кўзлари гирён бўлди ва... ва топди. Ит сув ичмоқчи бўлиб сойга яқин келмоқчи бўлишга уринарди. Тўлин ой шошди. Одамлардан тополмаганини ҳайвондан умид этди. Ит бўлса, бу вақтда тумшуғини сойга тиқиб “чалоп-чалоп” этиб сувни ялаб ичмоққа тутинганди. Ой унга тепадан жудаям ёвуқ келди. Шунда унинг акси сувда кўринди. Ит бирданига сув ичишни тўхтатиб, бошини хиёл кўтарди ва ғалати бир алфозга тушиб, диққатини сой тубида пайдо бўлган нонга ўхшаган ғаройиботга қаратди ва ҳаялламай қўлга киритиш илинжида сувдаги ойга ташланди... Ойнинг акси сувда, қалби эса кўкюзида чил-чил синди: шўрлик ит оч экан, ойни ой деб эмас, балки нон деб қабул қилганди...
Ойнинг яна бир парчаси сувда қолиб кетди...
Еттинчи тун. Ойнинг муроди, кўнгил истаги нима эди? Нега у қўним топмай изланади, мудом кимнидир кутади, ниманингдир йўлларига маҳтал боқади, умидланади, умидсизликка тушади, ўртанади, парчаланади, лекин излашдан воз кечмайди... Ким у, нима у?... Қани энди ўзи ҳам шуни билса? Ҳеч қурса, бирон билганни топиб олса! Йўқса, ҳаммасига, бутун изтиробларига чек қўйиб яшаса, нима бўлади? Пешона ёзуғи – зиммасига тушган вазифа - оламни чароғон этишини билиб, жимгина фалак кезиб умргузаронлик қилса, нима қилади?.. Оҳ, қани энди бу осон бўлса?.. Ҳамма гап шунда-да. Ахир, ичида кимдир, нимадир борки, мудом унга тинчлик бермайди, мудом ўзига чорлаб ҳаловатини ўғирлайди, зулматга чулғанган тунда кўк юзида бесамар тентиратиб, зор ва хор айлайди... Нима у, ким у?..
Лекин, қарангки, кундан кун юзи кемтилиб бораётганига қарамай, ойнинг умиди барибир кесилмаган экан, йўқса, шунча хосиятсиз сафарлардан кейин ҳам юрак ютиб ташқари чиқармиди?..
У ғайритабиий макон қидириб, биттагина, каттагина кўзи билан заминга умидвор боқди, узоқ боқди. Бироқ на қирдаю на тоғда, на чўлдаю на водийда, на қишлоқдаю ва на шаҳарда, на одамийзод ва на ҳайвонот оламида қўним топди. У кутилмаган бир учрашув кутарди. Шундайки, учрашувдан сўнг ўша ерда муқим қолса, жойидан жилмай ҳар тун бир ўша маскандан пайдо бўлса, бир-бирларининг дардига дармон бўлиб топилдиғи билан қўша қариса...
Умид ва умидсизлик, хаёл ва ҳаёт орасида моккидек бориб келаркан, тўлин ойнинг кўзи бирдан уммон ичра, уммоннинг туб-тубида ўзига қараб турган яна битта кўзни, кўзки ичида хазиналар кўмилган ғорнинг оғзини кўриб қолдию бирдан ҳушёр тортиб, бутун диққат-эътиборини ўшанга қаратганча йўлга тушди. Шиддат билан йўл босиб бораркан, етти қават ернинг остига кирмагунча хазинага етиб боролмаслиги ҳақида ўйлаб кетди. Хотирасини титиб, бутун кечмишини варақлаб чиқди – ҳеч нима, ҳеч қандай бошқа йўл - нажот топмади у ердан. “Начора... Ер ости бўлса, ер остига тушамиз, токи ўша гизли хазина лоақол бир бора бўлса-да арзанда юзини кўрсатсин, ким экан, не экан у?.. Сўнг ўша қаърда қолиб ўлсам ҳам розиман!..” деб хитоб қилди у ўзига ўзи ва уммон тубидаги ғорга қараб елди.
Биринчи қаватга кириш қийин кечди. Чунки жудаям узоқ йўл босишга тўғри келди. Устига устак, йўл ўта машақатли бўлиб, умид ва умидсизлик тўлин ойни нари обориб бери опкеларди. Лекин ортга қайтиш йўқлиги кундек равшан. Зеро, ортда ҳаёт битган. Магар у бор бўлса, фақат ва фақат мана шу туйнукнинг ичидагина мавжуд. Шунинг учун ҳам тўлин ой чекинмади, эртакларда айтилганидек, “йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди”, ниҳоят, илк қаватни ишғол қилди.
Қараса, ер юзи каби кенг бир қаватга тушиб қопти. Ҳайрон бўлиб атрофга олазарак боқди: ғимирлаган зоғ йўқ-а! Нима қиларини билмай серрайиб турди-турди-да, беихтиёр олдинга қараб босди. Шунда юрган йўлида, оёқ остида биттагина тандир нон ётганини кўриб ажабланди. Нонни кокиллари ёрдамида кўтариб қизиқсиниб қараган эди, у бирдан туйнукка эврилдию тўлин ойни қаърига тортиб кетди. Шўнғиб, бир қаватдан иккинчисига ўтиб бораркан, ойнинг кўзига томорқа, олтин танга, сўнг ёр кўринди. Тўлин ойнинг, айниқса, шу қаватда қолгиси келди. Лекин гарданидаги вазифа ва ботиндаги орзу унинг сочларидан тортиб олдинга судроқлаб кетди. Йўлда, дўмпайиб чиққан қорнини силаган кўйи ўз хаёлларига ғарқ бўлганганча ишком остида ўтирган ўша - юзи ойникидек доғли келинчакка юзма юз кепқолди. Лекин тўхтаб бўлмасди. Уни ўзига тортган хазина олдинда, бас, юриш, юриш ва яна юриш керак эди! Ой келинчакнинг ёнидан шувиллаб учиб, навбатдаги қаватнинг бағрини ёриб кирди ва улкан бир сайҳонликда сиғиниб ўтирган биттагина одамга рўбарў келди. Во ажаб, тўлин ой қарияни таниди ва бир зумгина унинг қошида тин олди. Шунда у ер устида кўрганларининг барчаси ер остида тескари бир тартибда юз бераётганини фаҳмлаб қолиб, бундан бағоят таажжубланди. Лекин фурсат оз эди: ҳадемай фалакка қуёш чиқади-да ойга ажратилган муддат соб бўлади. Ой шошиб ўзини яна йўлнинг бағрига отди. Ниҳоят, мана у - еттинчи қават! Ойнинг қизиқиш ва ҳаяжонига чеку чегара йўқ эди. Хўш, нима бўлиши мумкин бу сирли қатда, сўнгги қаватда?!..
Яқинлашиб бораркан, кўз ўнгидан яна ҳар хил суратлар лип-лип этиб ўтиб турди. Тўлин ойнинг бўлари бўлди. У бундай жумбоқнинг сирига етолмай, айни дамда, нима қиларини билмай гаранг, ҳолсиз ва қарорсиз қолди. Шунда ҳаммасидан чарчаганини, ҳаммасидан бир йўла ва бир умрга қутилиш, озод бўлиш истаги тўшида юрак каби дукиллаб ураётганини ҳис қилди, шу ҳамона уммон тубидаги ғорнинг сўнгги қавати уни ўзига - дафиналар яширилган охирги довонига чорлади. Шубҳа йўқки, нажот шу ерда! Фақат шу қаватга кириб, ундаги сирлар дунёсидан, хазиналар асроридан воқиф бўлишгина унинг бутун изланишларига, саргардон ҳаётига жавоб бўлади, ўзга йўл йўқ! Тўлин ой ўзини яна туйнукка қараб отди!.. Туйнук унга бир чоҳга ўхшаб туюлди. У қачонлардир осмоннинг еттинчи қаватида масту мустағриқ ҳолда кезиб юрарди, энди бўлса, қисматнинг дастидан ернинг еттинчи қаърига чўкиб бормоқда! Ҳайҳот, муродга етиш шунчалар қийинми? Муроднинг ҳосил бўлиши учун осмону фалакдан ернинг энг чуқур қаърига кириш шарт қилиб қўйилганми қисматда?.. Аммо тўлин ойга энди барибир эди: у толе ёзиғини бўйнига илиб, таваккал қилганча ўзини ғорнинг оғзи - туйнукнинг қаърига отганди: нима бўлса, тезроқ бўлсин ва ҳаммаси битсин!.. У гўзал ва каттакон кўзини юмиб ғорнинг энг охирги қаватига шўнғиди, шу баробари юраги ҳам шув этиб кетди, назарида у ғорнинг тубига етгандек бўлди ва у ерга кўмилган хазинани кўриш умидида кўзини катта очиб қаради: ё қудратингдан, тушми бу ё ўнг? Тўлин ой қаршисида ўзига қуйиб қўйгандек ўхшаш – яна битта ой турарди! Жилмайса жилмаяр, хўмрайса хўмраярди. Тўлин ой ўзини таниди! “Тавба, бор йўғи шуми, у қидирган, етти қават ернинг остига кўмилган хазина шугинами?” - ўйлади у. Аммо вақт ўтган сайин ботинида туғилган фавқулотда кучли ва ёқимли ҳисни туйиб, хотиржам торта бошлади. Жуда ҳайрон бўлди, лекин бу шундай хотиржамлик эдики, тўлин ой ботинига қулоқ бериб, бошқа ҳеч ким ва ҳеч нимани истамаётганини туйиб қолди...
Эртаси тунда, осмону фалакда, юзи кемтила-кемтила ўроғдек бўлган, лекин кўнгли тўлиб чиққан ҳилолнинг ботинида ўз вазифасини адо этишдан, яъни оламни чароғон айлашдан ўзга эҳтиёж йўқ эди...
БИНАФША
(ёки кўнгил ва юрт озод бўлган кун)
Бинафша, сен учун - кўкрагим эрк ери,
Бу ердан кўкларга учгил!
Чўлпон.
(лирик ҳикоя)
...лекин у, ана шундай ижодкор, ёзишни ҳаётининг бирдан бир мазмуни, деб билган ёзувчи бирданига ёзмай қўйди. Худди бир вақтлар кутилмаганда ёзишни бошлаб юборгани каби...
Ваҳоланки, у юртда ҳам, дунёда ҳам жуда машҳур ва энг кўп ўқиладиган ижодкорлардан эди. Қолмишига, ўзининг энг катта китобини, ҳаётининг бош асарини, юрагининг шоҳбайтини ёзишга ҳозирлик кўраётганди. Овоз чиқариб бировга айтмаган эса-да, ўзича “Мазкур асарим билан ер куррасининг теран мулоҳазали, ҳассос қалбли, ўткир зеҳнли инсонлари қалбига энг тансиқ олам янглиғ кириб бораман ҳамда шу янглиғ дунёнинг равишига таъсир қиламан, уни янгилайман”, деб ўйлаб юрган эди. Лекин... лекин ўйлари ярим йўлда қолди. Ҳа, нотўғри ўқимадингиз, ярим йўлда... Хўш, нега? Нима учун? Нима бўлди ўзи? Қандай оламшумул ҳодиса рўй бердики, қаҳрамонимиз онадан бошқа инсон бўлиб туғилган каби ўзгарди-қолди, илкидаги еру кўкка инонмайдиган қаламини синдирди-отди. Ахир, қўша-қўша ношир, қанча-қанча режиссер, неча-неча мухлис унинг номидан келадиган ҳар бир сатрга илҳақ бўлиб ўтиришар эди-ку!.. Наҳотки, ҳаммасидан бирданига ва биратўла воз кечиш мумкин бўлса?!.. Бу қандай телбалик?..
...бир кун бурун юраги ториққанди ёзувчининг. Ёзиш хумори деб ўйлади. Ўзи шунақа, ижод тўлғоғи бошланаётганда кўксида аллақандай сирли-сеҳрли, айни чоғда, оғриқ аралаш оғир бир кайфият пайдо бўлади-да, индамаса, чора кўрмаса, вақт ўтган сари қотиб тошга айланади. Худди инжиқ болакайга ўхшайди бу ҳол. Кўнглига қарамасанг, гап қўшмасанг, нима истаётгани билан қизиқмасанг, лабини чўччайтириб, қовоғини тоғдек уйиб олдингда туриб оладиган без болажонлар бўлади-ку, худди ўшанга! Кейин илкингга қаламу довот олмагунингча сени тарк этмайди бу кайфият.
Ёзувчи қаламу довот - ноутбукини ёнига - машинасига олдию газни босиб шаҳардан чиқиб кетди. Одатдагидек, дала ҳовлисига эмас, йўқ, негадир рулни бошқа томонга қараб бурди. Кўнглининг жиловини қўйворгиси келди шу сафар. Ичидан шундай келди негадир... Ҳа, нима қибди? Умрининг ярмини тизгинлаб яшади, энди қолган ярмида юганни салгина бўшатса, осмон узилиб ерга тушмас, ахир!.. Ёзувчи отнинг бошини эркин қўйиб, унинг салт юришига монеълик қилмаган чавандоз янглиғ кўнглига озодлик эълон қилди. Кўнгил эса уни олис-олисларга олиб кетди. Узоқ йўл босди. Шунчалар узоқки, асфальт йўллар тугаб, қир-адирлар бошланди. Шаҳарнинг, тамаддуднинг оёғи етмаган жойларга боргандагина тормозни босди. Тушди. Димоғига ер бағрини ёриб чиққан кўкламойимнинг илк майсаларидан енгил таралаётган бўйи урилди. Энгашиб боқди. Сўнг қизиқиши ортиб, чўккалаб ўтириб олди: Бинафша! У эпкинда ҳафиф чайқаларди. Бинафшадан кўзини узмай тураркан, миттигина шу гулнинг нозиккина елкаларига ортилган улкан баҳорни кўриб қолди. Кўрдию юрагининг туб-тубида, жудаям чуқур бир жойида кимдир уйқули кўзларини очиб бошини кўтарганини ҳис қилди... Ҳайрати ҳаяжонга, ҳаяжони энтикишга дўнди, бир пас шу кўйи чуқур-чуқур нафас олиб турди-турди-да, сўнг андак ҳовурини босгач, қаддини тиклаб кўкка юзланди. Янада кейин эса кимдандир, нимадандир миннатдор жилмайди...
***
Ўша куни юрт озод бўлди. Ҳамма кўчаларда ҳурриятни байрам қилар, ким қўшиқ-шеър айтса, ким рақсга тушар, ким нуқт ирод этса, қим тинглар, ким кулиб-ўйнаб юрса, ким кулиб-томоша айлар, хуллас, одамлар ўзларида йўқ шоду хуррам эдилар. Ёзувчи ҳам улар орасида ҳаяжонга тўлиб кезар, нашъу намоси чек-чегара билмас, ўзи каби бахтиёр одамларни маҳкам қучиб табриклар, кўзларидан шошқатор севинч ёшлари қуюлар эди. Қизга шу янглиғ рўбарў келди. Уни ҳам кутилмаганда қаттиқ қучиб, ердан оёқларини узди-да, ҳавода чир айлантириб яна жойига қўяркан, иттифоқо, кўзлари қизнинг кўзларига қадалиб қолди. Шунда... шунда нафас олиш бир муддат ёдидан кўтарилгандек юзи бўғриқиб-қизариб кетди ёзувчининг, қиз бўлса ундаги фавқулотда ҳаяжонни кўриб қаҳ-қаҳлаб кулиб юборди. Фақат шундан кейингина ёзувчи бирдан сув остидан чиққан одам сингари ютоқиб-ютоқиб, шошиб-шошиб ҳавони симира кетди. Бунга сари қиз хандон отди. “Кулгулари камалакдек товланади, фақат ранглари товуш кўринишида!” деди ёзувчи ўз ўйидан ўзи завқланиб. Ёзиб қўйиладиган жумла эди бу унинг назарида. Илгари албатта ёндафтарига тиркарди. Лекин бу гал...негадир ёзмади... Тавба-а-а...
Исмингиз нима?
Бинафша...
Бинафша?!..
Жавоб ўрнига қиз яна яйраб кулди...
***
Орадан баробарликдаги кунлар, ойлар ва ҳатто йиллар ўта бошлади. Лекин фурсат уларнинг муносабатига фақат қўр бағишлар, асло акс таъсир қилмасди. Ёзувчи ва Бинафша турмуш ташвишларию инсон имконлари маҳдудлигини эплаганда енгиб, зўр келганда эса айланиб ўтиб, хуллас, иложини топиб бирга вақт ўтказишга, узоқ-узоқ, тотли-тотли суҳбатлар қуришга ҳаракат қилишарди. Мавзу - ҳамма нарса ҳақида, яъни олами суғродан тортиб олами куброгача. Ёки тескариси - кабир оламдан бошланиб зарра оламда ниҳоя топарди. Эртасига эса яна интиҳодан ибтидо куртак ёзарди. Ёзувчи бир вақтлар ҳамма нарса ҳақида ҳамма билан жуда кўп гаплашган, пировардида, ўша ҳамма нарса ҳаммага қўшилиб жонига тегиблар кетган, бирдан бир нажот - узлатга чекинган кўйи олам ҳақида одамга жимгина ёзиш эди. Дунёнинг казо-казо руҳшунос олимларидан бири “оламни ҳокимиятга интилиш инстинкти бошқаради” деса, бошқаси “йўқ, уни жинсий майл ўз ортидан оч итдек эргаштириб юради” дегич эди. Ёзувчи эса “сўз айтиш ва тушунилиш эҳтиёжи - бирламчи” деб билар, шу боис ҳам тинмай, ҳа, тинмай ёзар, ўзи тўғрисида оламга шу тарзда жар солар эди. Лекин... лекин у сира кутилмаганда ёзмай қўйди-ку!.. Ҳа-ҳа, нотўғри ўқимадингиз, айнан ёзмай қўйди. Кечагина “Менинг дардим - дунё дарди, дунёники эса меники”, - дер эди. “Фақат бутун дунё бир бўлибгина дардимни кўтаришга қодир. Дунё ҳам менинг ёзганларимга муҳтож, чунки мен унинг юзига сўзларимдан кўзгу тутаман. Бошқача айтганда, мен унга ўзи ҳақидаги энг ҳаққоний, энг рост ҳикояларни айтиб бераман” деб ўйларди у. Лекин, во ажаб, Бинафшага дуч келдию ўйлаганлари сароб бўлиб чиқди. Назмнинг елкаларини эзиб қўяди деб насрда битганлари ва битмоқчи бўлганлари, ҳазм қилса, фақат башар аҳли бир бутун бўлиб ҳазм қилади деб билганларининг барча-барчаси биргина, ёлғизгина, ожизгина Бинафшага айтилиши билан эриб битди. Қалби ҳам шаррос қуйган ёмғирдан сўнгги дарахт япроғидек тиниқ тортиб яшнади. Ажаб, хўп ажаб!..
“Сени учратгунимга қадар ичимда жаннат соғинчи кезиб юрарди, сенга дуч келганимдан бери эса менинг жаннатга эҳтиёжим қолмади! Эҳтимол, жаннатнинг кўнглимга, унинг шу ҳолига эҳтиёжи бордир... Тавба дейман, Биру Борнинг Ўзи кечирсин, дейман, лекин кўнглимнинг мавжуд ҳолидан қандай қилиб юз ўгирай? Қандай қилиб носамимий бўлиш мумкин? Буларнинг ҳаммасига сабаб - ишқ! Мен уни гуноҳ деб ўйламайман. Билъакс, ҳар қанча гуноҳим бўлса, айнан кўнглимдаги ишқ барчасини юқ-юқигача ювиб тозалайди, деб биламан, бунга ишонаман. Худди борлигимга, тириклигимга иймон келтирганимдек. Биланиҳоя, гуноҳлардан покланиш имкони бор экан, бу дунё туғилиш ва яшашга арзийди! Ҳа, минг бор, миллион карра, чексиз марта арзийди! Яхшиям сен борсан! Яхшиям мен борман! Ҳамда яхшиям сену мен - биз топишдик! Ахир, бир шаҳарда, ҳатто битта маҳаллада, айни кўпқаватли уйда ёнма-ён яшаб ҳам ҳеч қачон бир-биримизни учратмаслигимиз мумкин эди-да! Мен зоҳирий учрашишни назарда тутмаяпман ва сен буни яхши англаб турибсан, албатта. Бу дунёда ўз ярмини топган инсонлар нақадар бахтлидирлар ва билъакс, миллионларнинг ичида яшаб ҳам, бир ёстиққа бош қўйиб ҳам қалбан ёлғиз ўтаётганлар нақадар ғарибдирлар! Ёнимда сен бор экансан, менинг ҳаётим ўзини оқлайверади! Кўзларим гавҳарларида ойдек жамолинг порлаб турар экан, қалбим ҳам илоҳий ҳимоя билан лиммо-лим тўлиб бораверади! Ҳа-ҳа, юрагимда сен бор экансан, мен Яратганнинг паноҳида яшайман, яшайвераман!..” Ёзувчи бу гапларни ёзмасди, балки Бинафшага айтарди. Тил билан эмас, йўқ, кўзлари билан, ҳоли билан, ҳаёти билан баён этарди борлиқ дил изҳорларини...
***
Ёзувчи қобоқларини очди. Тушмиди бу ё ширин бир хаёл - билолмади. Нафсиламрини айтганда, энди бунинг унга фарқи йўқ эди. Чунки унинг ҳаётида, юрагида бинафша бор эди, эшитяпсизми, бинафша! Лаблари ҳам дамодам “Бинафша!” дея пичирларди: “Бинафша! Ҳозир ҳузурингга учиб бораман ва биз ниҳоят, дийдор кўришамиз! Сўнг бир умр бирга бўламиз, бир умр ширин суҳбат қурамиз. Бир умр кўзларингга қараб яшайман, ҳаётим!.. Бир умрми?.. Йўқ, умр деганимиз биз учун бир лаҳза, холос! Сезиб турибманки, бу дунё вақти бизга, севгимизга камлик қилади, бизга мангулик керак дийдорлашмоқ учун ва биз унда абадий суҳбат қурамиз! Покиза гулим, эшитяпсанми, абадий! Бу дунёю у дунё бирга бўламиз энди! Ҳатто Яратганнинг яна неча-неча бошқа очунлари бўлса, уларнинг ҳаммасида, тақдир бизни қай сорига йўлласа, ўша оламларнинг ҳам барча-барчасида баробар бўламиз! Тушуняпсанми, Бинафшам, айланай сендан,Тангрим ёрлақаса, биз ҳамиша бор, ҳамиша бирга ва ҳамиша бахтиёр бўламиз!..”
Ёзувчи уйдан ораста кийиниб чиқди. Анвойи гуллар иси тутган йўлда енгил одимларкан, юзлари ажойиб бир тарзда ёришиб борарди унинг...
2014
Do'stlaringiz bilan baham: |