Силлогизмнинг таркиби хулоса асослари (praemissae) ва хулоса (conclusio) дан ташкил топган. Хулоса асослари ва хулосадаги тушунчалар терминлар деб аталади. Хулосанинг мантиқий эгаси — S - кичик термин (terminus minor), мантиқий кесим» — Р – катта термин (terminus major) деб аталади. Хулоса асослари учун умумий бўлган, лекин хулосада учрамайдиган тушунча — М - (terminus medius) ўрта термин деб аталади. Асосларда катта терминни ўз ичига олган мулоҳаза катта асос, кичик терминни ўз ичига олган мулоҳаза кичик асос деб аталади.
Терминларнинг катта ёки кичик деб аталиши улар ифодалаган тушунчаларнинг ҳажмига боғлиқ.
Ўрта термин катта ва кичик терминни мантиқий боғловчи элемент ҳисобланади.
Силлогизм аксиомаси
Аксиомалар исботсиз чин деб кабул қилинган назарий мулоҳазалар бўлиб, улар воситасида бошқа фикр ва мулоҳазалар асослаб берилади. Силлогизмнинг аксиомаси хулосалашнинг мантиқий асосланганлигини ифодалайди.
Мантиқда аксиома бир неча марта амалиётда исботланган фикрлар маъносида ишлатилади. Бу маънода “инсондан олдин ер пайдо бўлган», «бутун ўз бўлагидан катта» каби фикрлар аксиомалардир. Силлогизм аксиомаси инсон амалиётида миллион-миллион марта такрорлаш асосида вужудга келган тўғри фикрлардан хулоса ўз-ўзидан келиб чиқишини кўрсатади.
Масалан, А предмет В нинг ичида бўлса, В предмет С нинг ичида бўлса, демак, А предмет С нинг ичида бўлади. Агар А предмет В предмет ичида бўлса, В предмет С нинг ичида булмаса, демак, А предмет С дан ташқарида бўлади.
Демак, силлогизм аксиомасида маълум группа предмет тасдиқланса ёки инкор қилинса, унга кирувчи ҳар бир предмет ҳам тасдиқланади ёки инкор қилинади. Инсон бир неча бор нарсаларнинг турларини ва бу турга кирувчи гуруҳларнинг қисмларини билиб боради, улар ўртасидаги алоқа ва муносабатларни ўрганиб, уларнинг умумий хусусиятлари ҳақида фикр юритади, хулоса чиқаради.
Силлогизм аксиомаларида фикр шакли ва мазмуни ўзаро узлуксиз, объектив боғланган бир бутуннинг айрим томонларини ифодалайди. Бу бир томондан, ҳамма умумийликка хусусийлик, жузъийлик ва яккалик хос эканлигини ва ҳар бир яккалик, жузъийлик, хусусийлик умумийлик хислатига эга бўлишини ифодаласа, иккинчи томондан, буюм ва белгининг ўзаро узвий боғланганлигини, яъни буюмлар жинси айрим ўзига хос белгига эга бўлса, албатта, бу белги шу жинсдаги ҳамма буюмлар учун ҳам хос белги бўлишини ифодалайди. Булар эса, уз навбатида, яккалик ва умумийлик ўртасидаги, микдор ва сифат ўртасидаги диалектик алоқадорликнинг тафаккур жараёнида ўзига хос намоён бўлишидир.
Do'stlaringiz bilan baham: |