Махсус зоналар ташкил қилиш ва ривожлантириш.
Ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ҳудудлар имкониятидан самарали фойдаланиш ва ривожлантиришнинг амалиётда кенг фойдаланиладиган усуллардан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда махсус зоналарнинг 2 шакли, яъни эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари кенг қўлланилмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда жами 20 дан ортиқ эркин иқтисодий зоналар фаолият олиб бормоқда, уларнинг умумий ер майдони 15,2 минг гектарни ташкил этиб, қиймати 1,2 млрд АҚШ доллари бўлган 200 га яқин лойиҳалар ишга туширилган. Натижада уларда 13,6 мингга яқин иш ўринлари яратилиб, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Ислоҳот йилларида ташкил этилган эркин иқтисодий зоналарни таҳлил қиладиган бўлсак, дастлабки босқичда уларнинг сони фақат 3 тани ташкил этган. Ушбу босқичда улар фаолият юритишининг ҳуқуқий асоси яратилган. 1996 йил 25 апрелда “Эркин иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, мазкур зоналарнинг фаолият юритиши, уларни ташкил этиш, тугатиш ва бошқариш тартиби ва бошқа ташкилий ва амалий ишлар тўғрисида кенг маълумотлар келтирилган11.
2016 йилдан бошлаб ҳудудлар салоҳиятидан оқилона фойдаланиш ва юқори технологиялар асосида саноат ривожланишини жадаллаштириш мақсадида эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ташкил этиш ва уларни ривожлантиришда янги босқич бошланди. Мазкур зоналар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва бошқариш тизимини соддалаштириш ҳамда қўшимча имтиёзлар бериш бўйича ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди12. Натижада, мамлакатимизда фаолият юритаётган эркин иқтисодий зоналар сони 20 дан ошди, кичик саноат зоналари сони эса 168 тага етди. Кичик саноат зоналарида умумий қиймати 8,7 трлн сўм бўлган 2 мингга яқин лойиҳалар жойлаштирилди.
Кластерлар ташкил этиш ва ривожлантириш. Ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, уларнинг қишлоқ хўжалик салоҳиятидан самарали ва тўлиқ фойдаланиш, шу жойдаги аҳоли бандлигини таъминлашда ташкил этилаётган кластерларнинг ўрни муҳим, албатта. Амалиётда кластерларнинг агрокластер, қурилиш материаллари кластери, балиқчилик кластери каби шакллари кенг тарқалган. Бугунги кунда мамлакатимизда агрокластерлар ташкил этилиб, уларнинг фаолияти ривожланиб бормоқда. Кластерларнинг пахта толасини ўзимизда тўлиқ қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилишдаги ўрни хусусида Президентимиз Ш.Мирзиёев 2018 йил 12 сентябрда ўтказган йиғилишда “... шунинг учун кластерлар фаолиятига ҳар томонлама ёрдам беришимиз зарур. Пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқ. Кластерлар аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг “локомотиви” бўлиши керак...”13, деб алоҳида таъкидладилар.
Мамлакатимизда, 2019 йил 1 июль ҳолатига жами 126 та агрокластерлар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга 642,5 минг гектар ер майдонлари ажратилган. Уларнинг асосий қисми пахта-тўқимачилик (71 та ёки 56,3%) соҳасида ташкил этилган бўлиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришда катта аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимиз ҳудудларида 46 та мева-сабзавотчилик кластерлари ҳам ташкил этилган бўлиб, улар томонидан тайёр маҳсулот етиштириш, сақлаш ва экспорт қилиш ишлари амалга оширилмоқда (2-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |