ҲУДУДЛАР РИВОЖЛАНИШИНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИШ
Мамлакатимизда ислоҳотларнинг янги босқичида маҳаллий хомашё, ишлаб чиқариш ва меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланиш асосида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш миллий иқтисодиётнинг изчил юқори ўсиш суръатларини таъминлаш ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омили сифатида қаралмоқда. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида “Вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, уларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали ва оптимал фойдаланиш” устувор йўналиш сифатида белгиланган. 1
Чунки, ҳозир республикамизнинг аксарият минтақаларида иқтисодий ўсиш суратлари паст даражада қолмоқда. Натижада уларнинг ривожланиш даражаси ўртасидаги фарқ ортиб бормоқда. Айниқса, қишлоқ маъмурий туманлари ва кичик шаҳарлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси ўртасидаги фарқларнинг катталиги асосий муаммо муаммо бўлиб турибди.
Бунинг асосий сабабларидан бири турли даражадаги ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тартибга солиш бўйича самарали механизм шаклланмаган эди. Мамлакатимизнинг ягона илмий асосланган ҳудудий ривожланиш концепцияси ишлаб чиқилмаган. Натижада, тармоқ ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқишда минтақалар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси ўртасидаги тафовутлар ва уларнинг сабаблари етарли даражада эътиборга олинмаган.
Ислоҳотларнинг янги босқичида мамлакатимизда ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш ва уни тартибга солишда сифат жиҳатидан янги босқич бошланди. Туманлар ва шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда турли дастаклардан, масалан, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, махсус зоналар ташкил этиш, ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш ва кластерлар ташкил этиш каби замонавий усуллардан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди.
Маълумки, дунёнинг барча мамлакатлари ҳукумати ўзининг ҳудудий бирликларини комплекс ва барқарор ривожлантиришни таъминлашда турли даражада иштирок этади. Давлатнинг иштирок этиш кўлами иқтисодиётнинг ривожланганлик даражасига, ислоҳотлар даврийлиги ва уларнинг натижаларига бевосита боғлиқдир. Ҳудудлар барқарор ривожланишини таъминлашдаги давлатнинг аралашуви умумий макроиқтисодий барқарорлик ва умумий иқтисодий ривожланишни таъминлашдаги иштирокига қараганда бирмунча кучлироқ бўлади.
Ўзбекистонда ҳудудларни комплекс ва барқарор ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солишда бирқанча дастаклардан фойдаланилмоқда. Уларнинг кўлами ва амалиётда қўлланилганлик даражаси ўтган йилларда турлича бўлиб, ислоҳотларнинг янги босқичида жадаллашди (1-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |