Тил ва тафаккур антиномияси Тилсиз тафаккурнинг бўлиши мумкин эмас. Тил, ўз навбатида, тафаккурни тақозо этади. Ҳар иккиси бир-бирининг тараққиёти учун хизмат қилади. Инсон фаолиятида тил ва тафаккур бир-биридан ажралган ҳолда яшамайди. Бу эса уларнинг ажралмас бир бутунлиги ва ички зиддиятини, катта бутунликнинг зиддиятли икки томонини кўрсатади.
Тилнинг фаолият ва олдинги авлод фаолиятининг маҳсули экани антиномияси. Гумбольдт тилнинг яшаш шакли узлуксиз ҳаракат эканини таъкидлайди. У тилни ўлик маҳсулот эмас, балки яратувчи жараён, доимий фаолият деб ҳисоблайди. Тилнинг ана шу хусусиятини эътиборга олган ҳолда, яна бир антиномияни олға суради. Унда тил фаолият бўлиш билан бирга, айни пайтда маҳсулот эканлиги, фаолият ва унинг маҳсули ўртасидаги зиддият экани эътироф этилади. Бошқача қилиб айтганда, бир томондан, индивид нутқ моментида яратилган нарса, яъни нутқ жараёнида яратилаётган маҳсулот саналади. Иккинчи томондан, тил бу олдинги авлод фаолияти натижаси, жамиятнинг маҳсули ва меросидир. Тил моҳиятан барқарор, доимий, шу билан бирга муайян бир даврда ўткинчидир.
Тил ва нутқ антиномияси.В.Гумбольдтнинг тилшунослик олдидаги катта хизмати тил ва нутқни фарқлаш зарурлиги ҳақидаги ғояни олға ташлаганлиги ҳамда тилшунослик тарихида илк бор бундай фарқланишнинг тадқиқот объекти сифатида берганлигидадир. Кўриниб турибдики, тил – нутқ антиномияси тилнинг фаолияти маҳсули антиномияси билан узвий алоқадордир.
Нутқ ва тушуниш антиномияси В.Гумбольдт фикрига кўра, нутқ ва тушуниш бу тил фаолиятининг турли шакллари, нутқий қобилиятнинг икки томони саналади. Сўз фақат индивид нутқидагина аниқ маъносига эга бўлади. Жонли нутқда ҳеч ким бир сўзни аниқ бир маънода тушунмайди. Шунинг учун ҳам сўзлашувчилар ўртасида бир-бирини қисман тушуниш мавжуд бўлади. Шундай бўлишига қарамасдан ана шу нутқ ёрдамида сўз ва маъно оттенкаларини аниқлаштириш орқали ўзаро тушуниш амалий фаолиятини таъминлаш етарли бўлган ҳолатга эришади.
Тилда объективлик ва субъективлик антиномияси.В.Гумбольдт тилнинг объектив бўлиш билан бирга, айни пайтда субъектив ҳам эканлигини таъкидлайди. Унинг фикрича, тил – мустақил мавжудот. Шу билан бирга у ҳақиқий ҳаётини кишиларнинг мулоқот жараёнида топади. Шундай бўлишга қарамай, унинг мавжудлиги алоҳида индивидга боғлиқ эмас. Тил индивид учун, бир вақтнинг ўзида ҳам ўзиники, ҳам бегона; ҳам индивидга боғлиқ, ҳам боғлиқ эмасдир. Бир томондан, индивид тилни олдинги авлоддан тайёр ҳолда қабул қилади, иккинчи томондан, нутқ жараёнида уни қайта яратади. Индивид нутқида ҳар доим тил шакли танланади.
Тилда ижтимоийлик ва индивидуаллик антномияси.В.Гумбольдт фикрича, тил қанчалик мустақил бўлса, шунчалик индивидга боғлиқ бўлади. Тил халқнинг ижод маҳсули саналади. Шунинг учун ҳам тил алоҳида шахслар нутқида воқеланади. Бу эса тилда ижтимоийлик ва индивидуаллик антиномиясининг амал қилишини кўрсатади.
Тилда зарурийлик ва эркинлик антиномияси.Тил анъанавийлик хусусиятига эга. У авлоддан авлодга берилади. В.Гумбольдт тил ва тил эгалари, яъни жамият ўртасидаги муносабатни ёритишга ҳаракат қилар экан, бу антиномияни кашф этади. Унинг фикрича, тилда сўз ва қоидалар заҳираси тўпланиб, унга асрлар давомида амалда бўлган мустақил куч беради. Айни пайтда ҳар бир шахс ва авлод узлуксиз индивидуалдир. Ижтимоий тилдан фойдаланиш жараёнида шахс тилга таъсир қилади ва унга янги элементлар олиб киради. Ана шу жараён тилда зарурийлик ва эркинлик антиномиясининг воқеланишини намоён қилади.
Белгининг эркинлиги ва тил элементларининг мотивлангани антиномияси.В.Гумбольдт сўз алоҳида тушунчанинг белгиси бўлиб товуш қобиғига эга эканини эътироф этади. Товуш ва тушунча табиатан фарқли: товуш инсонга нарсанинг вакили бўлиб хизмат қилса, тушунча эса инсоннинг предмет ҳақидаги тасаввури саналади. Унинг фикрича, тушунча ва товуш ифодаси ўртасидаги каби яқин муносабат йўқ. Сўз сезги аъзоларимизга таъсир қилувчи нарсанинг эквиваленти эмас. Бу эса сўзнинг эркинлик белгисини таъминлайди. Шу билан бирга тил элементи мотивланиш хусусиятига ҳам эгадир. Тил элементлари муайян системага бўйсунади, тилнинг маълум ички қонуниятларига, унинг бутун структурасига мослашади. Бу эса тилда белгининг эркинлиги ва тил элементининг мотивланганлик антиномиясининг мавжудлигидан далолат беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |