“Transkasb” Корхоналар Уюшмаси тизимидаги ўқув корхоналарида таълим олаётган таълим олувчилар учун аҳлоқ меъёрлари
Ҳайдовчилик касби жуда ҳам шарафли ва мураккаб касб. Бу касбни ўрганиш учун инсондан етук идрок, сабр-қаноат ва қунт талаб этилади. Шундай экан, ҳайдовчиликни ўрганишга енгил-елпи ёндошиш - кейинчалик ўзининг ва ўзгаларнинг ҳаётига таҳдид солиш билан баробар эканлигини унутмаслик даркор.
Ҳайдовчиликка номзоднинг тарбияси, аҳлоқи ва маданияти унинг келажакда, ҳайдовчилик касбининг асоси – пойдевори бўлади десак, муболаға бўлмайди. Шу муносабат билан ҳайдовчилик касбини ўз олдига мақсад қилиб қўйган ўқувчиларимиз, айниқса ёшларимиз учун қуйидаги аҳлоқ меъёрларини ишлаб чиқдик:
машғулотларга кеч келиш, ўқитувчининг ва гуруҳдаги бошқа ўқувчиларнинг диққатини чалғитади ва натижада ўқитувчи ушбу мавзу бўйича айтмоқчи бўлган энг муҳим фикрдан чалғийди;
хонага кириш билан бош кийимни олиб қўйиш аҳлоқ меъёрларидан биридир. Этиканинг бир қоидаси – “Хонада эркаклар бош кийимисиз, аёллар эса бош кийимлари билан бўлишлари мумкин” дейилган. Лекин ўқув даргоҳига келган хотин-қизлар ҳам бош кийимларини ечишлари мактабнинг қанчалик улуғ даргоҳ эканлигидан яна бир маротаба далолат беради;
машғулотларга қандай кийимда келишнинг ҳам аҳамияти катта. Либос қулай ва кўзга ташланмаслиги керак. Хотин-қизларнинг ўзгаларнинг диққатини тортадиган (калта кўйлак-юбка, чуқур ўйиқлар, ўта тор шим, ола-була ранглар, ҳар-хил зебу-зийнат ва тақинчоқлар тақиш ва ҳ.к.) кийимда, ўғил болаларни эса уй ёки пляж либосларида (майка ёки футболка, шортилар, шиппаклар ва ҳ.к.) машғулотларга келишларига йўл қўйилмайди;
ўқув корхонасининг остонасидан ўтиш чоғида телефонни ўчириб қўйиш ва уни фақат машғулотлар тугаганидан кейин ёқиш, кейинчалик транспорт воситасини бошқараётиб, телефондан фойдаланмаслик ҳиссини тарбиялашда кўмаклашади;
автомобилни амалий бошқариш машғулотларини ўтаётган ўқувчи учун пойабзални танлаш – ўта муҳим омиллардан бири. Паланд пошна ёки тагчарми қалин пойабзалда автомобилни бошқариш, тепкиларни ҳис қила олмасликка ёки ноқулай пойабзалнинг бошқаришга қай даражада ҳалақит қилаётганлигига бой тажрибага эга бўлган инструкторлар кўп марта амин бўладилар;
автомобилни амалий бошқариш машғулотларини ўтиш учун рўмол ўраган (ҳижоб кўринишида) аёллар юзларининг аксарият қисмини беркитиб, кўзларнинг кўриш майдонини қисқартирадилар. Натижада орқани кўрсатувчи ён кўзгулардан деярли фойдалана олмайдилар ва ўзлари учун “ўлик” ҳудудида ҳаракатланаётган бошқа транспорт воситаларининг хавфлилик даражасини кескин ошириб юборадилар. Бу эса ҳаракат хавфсизлигига таҳдид соладиган омиллардан биридир;
машғулотлар давомида сақич чайнаш, машғулотлардан чалғиш, гаплашиш – умумаҳлоқ меъёрларидан четга чиқиш билан баробардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |