|
Таеквондо (корейсча: тае - оёқ, квон - қўл, до - йўл, яъни оёқ ва қўлларнинг ҳаракат йўли) - спорт кураши тури. Бунда эркак ва аёллар белгиланган майдончада ўз вазн тоифаларида (ҳимоя воситаларида) яккама якка олишиш ва махсус машқларни бажариш маҳоратини намойиш этиш борасида якка ва жамоавий тарзда оёқ-қўлларда зарбалар бериш ёки зарба ҳаракатларини қайд этиш бўйича мусобақалашадилар.
Таеквондода мусобақалар 2 йўналишда - Халқаро таеквондо федератсияси (ИТФ; 1966 йил тузилган, 140 дан ортиқ мамлакат аъзо) ва Жаҳон таеквондо федератсияси (WТФ; 1973 йил тузилган, 140 дан ортиқ мамлакат аъзо) йўналишларида ташкил этилади. Таеквондо асли корейс халқининг кураш тури ҳисобланади. Милоддан 600 йил илгари корейслар жанг қилиш ва ҳимояланиш воситаси сифатида унинг усулларини қўллаганлар. Таеквондонинг ривожланишида субак, хваран ва бошқа кураш йўналишлари муҳим рол ўйнади. Таеквондонинг ИТФ йўналишига 1955 йил КХДРда асос солинган. Бу йўналишда спортчиларнинг бошга тепиши, белдан пастга зарба бериш, умуман, тананинг рухсат этилган қисмига ҳам оёқ билан тўлиқ зарба бериш тақиқланган. Шунингдек, қўл билан ҳам кучли зарба беришга рухсат этилмайди. Мусобақалар (5 та вазн тоифасида) 2 бўлимда (ҳар бўлим 2 минутдан, танаффус - 1 минут) давом этади. Аниқ, зарбаларга очко берилади. Махсус машқларни бажаришга маълум вақт ажратилади ва ижро техникаси баҳоланди. Таеквондонинг WТФ йўналишига 1961 йил Корея Республикасида асос солинган. 2000 йил таеквондо (WТФ) Сидней олимпиадаси дастуридан ўрин олди. Таеквондо (WТФ) спортчиларнинг қўл оёқларда тананинг белдан юқори, олд қисмига зарбалар беришига рухсат этади. Мусобақалар (8 вазн тоифасида) спортчиларнинг ҳимоя воситаларини кийган ҳолида ташкил қилиниб, 3 бўлимда (ҳар бўлим 3 минутдан, танаффуслар — 1 минутдан) давом этади. Аниқ зарбаларга очко берилади. Ғолиб нокаутга ёки очколар кўплигига қараб аниқланади.
Ўзбекистонда таеквондо (ИТФ) 1989 йилдан оммавийлашди. Ўша йили Ўзбекистон таеквондо (ИТФ) федератсияси тузилди ва ИТФга қабул қилинди. Бу федератсия 2000 йилда Ўзбекистон таеквондо (ИТФ) миллий ассотсиатсияси номи билан қайта рўйхатдан ўтди. Унинг вилоятларда бўлимлари тузилган, 40 дан зиёд таеквондо (ИТФ) клублари фаолият кўрсатади. 200 дан ортиқ мураббий 50 мингдан кўпроқ Таеквондочи билан шуғулланмоқда (2004). Ўзбекистон Республикасида таеквондо (ИТФ) мусобақалари мунтазам ўтказилади ва ўзбекистонлик спортчилар халқаро мусобақаларда ҳам иштирок этишади. Пўлат Усмонов, Валерий Пак, Виктор Николайев ва бошқалар таеквондо (ИТФ) нинг Ўзбекистондаги дастлабки тарғиботчилари бўлишган. Эндиликда улар етакчилигида Ботир Мамедов, Дмитрий Ним, Насриддин Толипов, Шаҳноза Шуҳратжонова, Алефтина Ким, Моисей Ногай каби ўнлаб спортчилар Осиё ва жаҳон чемпионатлари, нуфузли мусобақаларда совриндорлар қаторидан ўрин олишди. Ўзбекистонда 1990 йили республика таеквондо (WТФ) федератсиясига асос солинди. Бу федератсия 1992 йилда Ўзбекистон таеквондо (WТФ) ассотсиатсияси номи билан қайта рўйхатдан ўтди ва 1993 йилда WТФга аъзо бўлди. Унинг вилоятларда бўлимлари бор, 10 та шаҳар таеквондо (WТФ) клуби, туманлардаги тўгаракларида 200 га якин мураббий 17 мингдан зиёд Таеквондочи билан машғулот олиб боряпти (2004). Ўзбекистонда таеквондо (WТФ) мусобақалари мунтазам ўтказиляпти ва спортчиларимиз халқаро мусобақаларда ҳам қатнашяпти. Олек Пак, Адик Ли, Алексей Кан ва бошқа таеквондо (WТФ) нинг юртимиздаги дастлабки тарғиботчилари бўлишган. Евгений Хан, Эдуард Хегай, Равшан Тошпўлатов, Умид Дадахонов, Санжар Мансуров, Наталя Микрюкова каби спортчилар Осиё ва жаҳон чемпионатлари, нуфузли мусобақаларда медалларни қўлга киритишган.
|
33
| |
Do'stlaringiz bilan baham: |