2.4.-§. Спорт машғулотларида хотин-қизларнинг жисмоний-эстетик маданиятини такомиллаштиришнинг ташкилий ҳамда психофизиологик хусусиятлари
Ҳозирги кунда юртимизда ҳар бир соҳада янгиликлар кузатилмоқда. Айниқса, спорт соҳасини ривожлантириш борасида кўпгина ишлар амалга оширилди ва бу ишларнинг самараси ўлароқ соғлом турмуш тарзи шаклланди. Чекка-чекка туман ва қишлоқларда ҳам спорт иншоотлари қад ростлади. Юртимизда спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари жадал равишта олиб борилмоқда.
Бугунги кунда ёш авлод тарбиясига бениҳоят катта эътибор берилаётгани ҳам ҳар бир инсон дилида фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади. Юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баландларга кўтараётган қизларимизнинг издошларини тарбиялашда, аввало, спорт муҳитини тўлақонли шакллантириш борасида кўзга кўринарли ишлар қилинди. Барчиной авлодлари бўлган ўзбек қизлари ҳам эътибору- эътирофга жавобан ўзларининг ҳеч кимдан кам эмасликларини намойиш этмоқдалар. Чемпион спортчи қизларнинг номларини кўплаб келтириш мумкин. Ватанимиз ва халқимизнинг дунёдаги шуҳратини тобора орттиришда спортнинг аҳамияти беқиёсдир. Бу ҳақиқатни ўзбек ёшларининг, айниқса, спортчи қизларимизнинг йирик миқёсдаги мусобақалардаги улкан ғалабалари тасдиқлайди. Ўзбекистонда хотин-қизлар спортининг ривожланиши узоқ тарих билан боғлиқдир. Аёлнинг соғлиги - бу буюк юртнинг эртанги келажаги учун соғлом авлодни тарбиялаб вояга етказишда муҳим аҳамият касб этади. Ўтган асрларда ҳам аёларимиз гўзалликларини мустаҳкамлаш учун жисмоний тарбия ўйинлари билан шуғулланиб келганлар. Хусусан, “Оҳува”, “Пойгон”, “Така лов-лов”, “Кураш”, “Она-бола”, “Куёв танлаш”, “Чавгон” сингари хотин-қизларга хос миллий ўйинлар фақатгина саломатликка ҳисса қўшибгина қолмай, улар ўртасидаги аҳилликни, дўстликни янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилган. Бу каби ўйинларда халқнинг ижтимоий ҳаёти, яшаш тарзи, миллий хусусиятларига кенг эътибор берилган. Ҳатто аниқ дунё олимлари Диоген, Геродот, Полимейлар Шарқ хотин-қизларининг саломатлигини, уларнинг меҳнат қилишда ҳарбий ишларда эркаклар сингари фаол иштирок этганликларини ҳикоя қиладилар. Оддийгина мисол. Цитцилиялик сайёҳ Марко Поло туркий халқлар орасида Кавда шоҳининг қизи Ойётуғ ўзига ёр бўлишга талабгор бўлган йигитларга “Ким уни яккама-якка курашда енгса, ўшанга тегишини” айтган. Йиқилган йигит еса 100 тулпор от жарима тўлаши шарт бўлган. Қизларимизнинг бу қадар алплиги бир ой ёки бир йилда шаклланмаган, балки байрамларда, Наврўз сайлларида турли ўйинларнинг ташкил этилиши, шунингдек, кун ора бўлиб турадиган оммавий ўйинлардаги узоқ ва мунтазам машқлар натижасида юзага келган. Эпосда тасвирланган қизларга хос ўйинларнинг бири “Оҳуво” ёки ҳалинчак учишдир. Бу ўйинни қизлар севиб ўйнашган. Ҳалинчак учиш жараёнида юқори тезлик ва баландликка эришиш жисмоний куч ва қувватни ҳамда жасурлик, қўрқмасликни талаб қилган. Ёки қадимги зодагон аёлларнинг “Чавгон” ўйнашлари уларнинг от минишни мукаммал билишларини, бунинг учун жисмонан бақувват бўлишларини талаб этган. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг опаси Ҳамидабону ҳам 14 ёшлигидаёқ моҳир чавандозлардек чавгон ўйнашни мукаммал билган. Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони” китобида Ҳамидабонунинг жисмонан бақувват ва моҳирлигига шундай таъриф берилган: “Бўз отлиқ қизлардан Ҳамидабону ўйинчилар ғиж-ғиж бўлиб турган тўдага ўқдай ёриб кирдию, жиловни қўйиб юбориб, чавгон чўпини икки қўллаб тутганича, у зангига оёғини тирадида, улоқчилардек пастга энгашди. Бу қиз полвон каби чаққонлик билан тўпни чавгон чўпга илинтириб, тўдадан олиб чиққанда Ҳамидабонуни кузатиб турганлар “Оҳ!” деб юборди. Нариги дарвоза ҳимоясиз қолган эди. “Гуйн” деб номланувчи тўпни чирпирак қилиб, ўша томонга олиб отди ва чапдастлик билан рақиб дарвозаси тўрига тўпни жойлаштирди”. Хотин-қизлар орасида кенг тарқалган, достонлар қаторидан мустаҳкам жой олган “Оқ суяк”, “Тегма”, “Бекинмачоқ” каби ўйинлар қадимда кўпроқ қоронғу тушгандан сўнг, ой ёруғида ўйналган. Бу фикрларни кекса онахонлар хотиралари, шунингдек, Қори бахши Умиров ёзган “Алпомиш” достонидаги қуйидаги парча ҳам тасдиқлайди. “Кечки овқатни еб бўлгандан, қизларга: “Энди, қизлар, ой ҳам сутдай ёруғ экан, аввал оқшомдан ётиб қолгунча ўйнаймиз”, - дейилди. Дастлаб “Қиринқув” ўйнашди, охири “Оқсуяк” ўйнашди. Оқ суяк ўйинининг тартиби шундай бўлади: қизлар иккига бўлинишади. Ҳамма учун белгили оқ суяк танланади. Икки томон келишилган ҳолда ўрталикда марра белгилашади. Пойга жойини аниқлайди. Чек ташланиб, чек тушган томон оқ суякни истаган томонга отади. Қолганлар кўзини юмиб туради. Отган кишининг қўлида суяк бўлмаса, иштирокчилар уни излаб кетадилар. Ким топса, бошқаларга сездирмай, пойга жойига олиб келиши лозим. Аммо томонлар бир-бирини пойлаб, кузатиб юради. Суякни топган кишини қарши томон билиб қолса, суякни пойга жойига қандай усулда бўлмасин олиб келса, ютиб чиқади ва шу томон суяк отади. Ўйин шу тарзда давом этади. Ўйинлар фақатгина соғломлаштирувчи восита бўлибгина қолмай, у кишиларни меҳнатсевар қилиб тарбиялашда ҳам туртки ва асосий усул бўлиб ҳисобланган.
Ҳозирги пайтда спорт турлари билан нафақат эркаклар, балки хотин-қизлар ҳам шуғулланади. Кураш, эркин кураш, самбо, дзюдо, оғир атлетика, қиличбозлик ва армрестлинг бўйича хотин-қизлар ўртасида мунтазам равишда жаҳон чемпионатлари ўтказиб келинади. Хотин-қизлар билан ишлаш тренердан аёллар организми тўғрисида маълум бир билимга эга бўлишни тақозо этади. Аёллар организмининг хусусиятларини тренировка жараёнини тузишда ҳисобга олиш жуда муҳимдир. Аёллар ва эркакларнинг организми бир-биридан морфологик ва функционал жиҳатлари билан ажралиб туради. Бу жиҳиатлар биринчи навбатда энг муҳим биологик вазифа - оналик билан боғлиқдир. Шунинг учун аёллар билан спорт кураши машғулотларини ташкил қилиш ва ўтказишда турли ёш даврларида (кичик ёш - 7 дан 11 гача, ўрта ёш - 12 дан 15 гача, катта ёш - 16 дан 18 ёшгача ва етуклик 19 ёшдан катта) уларнинг анатомик-физиологик хусусиятларини ҳисобга олиш лозим. Ушбу ёш даврларида аёл организмининг ривожланиши бир текис кечмайди. 11 ёшгача бўлган қизларда гавданинг узунликка ўсиши вазннинг ошишга нисбатан жадалроқ кечади. Вазннинг ҳар йили ошиши ўртача 3-4 кг.га тенг бўлади, гавда узунлиги 4-5 см.га ортади. Бу ёшда қиз ва ўғил болалар ўртасида бўй, гавда оғирлиги ва тана қисмлари пропорцияларида фарқ кузатилмайди. Ўрта мактаб ёшида қиз болалар, ўғил болаларга қараганда интилувчан, интизомли, ҳаракат техникасига эътиборни осонроқ жалб қиладилар, бардошли ва ҳаракатчан бўладилар. Бу ёш даврида қизларнинг жисмоний ривожланиши аввалги даврдаги ривожланишдан муҳим даражада фарқ қилади, чунки уларда фаол жинсий етилиш даври бошланади. Жинсий етилиш сабабли қизлар эндокрин тизимида катта ўзгаришлар вужудга келади. Қизларда жинсий безларнинг ўсиши бошланади, қалқонсимон безларнинг фаоллиги, гипофиз орқа қисмининг гормонал функцияси ҳам ошади. Пубертат даврида жинсий безларнинг морфологик ва функционал ривожланиши улар оғирлигининг кескин ортишида намоён бўлади. Жинсий белгиларнинг иккинчи ривожланиши содир бўлади. Қизларда менструал циклнинг бошланиш даври одатда 12-15 ёшга, айрим ҳолларда эса 16-18 ёшга тўғри келади. Менструация пайдо бўлиши вақтидаги бундай катта фарқ кўпгина омилларга: ирсиятга, соғлиқнинг аҳволига, умумий жисмоний ривожланишга, қиз яшайдиган ташқи муҳит шароитларига боғлиқ. 28 кунлик цикл (60%) энг кўп учрайди, у 4-5 кун давом этади. Жинсий етилиш вақтида нафас олиш тизимининг ўсиши ва ривожланиш суръати юқори бўлади, организмнинг аэроб имкониятлари ошиб боради. Юрак-қон томир тизимининг жисмоний нагрузка (юклама)ларга мослашиш механизмлари ушбу даврда ҳали мукаммал бўлмайди. 16-18 ёшда жинсий фарқликлар ҳажм ва пропорцияларда, ўсмирлар ҳамда қизларнинг функционал имкониятлари ва умумий иш қобилиятида янада аниқ кўрина бошлайди. Катта ёш гуруҳидаги қизлар ўсмирлардан бўйи ўртача ҳисобда 10-12 см.га, гавда оғирлиги эса 5-8 кг.га орқада бўлади. Қизларнинг мушак оғирлиги гавда оғирлигига нисбатан ўсмирларникига қараганда тахминан 13% га кам, ёғ тўқимаси гавда оғирлигига нисбатан тахминан 10% га кам бўлади. Аёллар организмининг ҳаётий фаолияти биоритм қонуниятларига биноан кечади. Бу организмнинг иш қобилияти бирор даврда юқори, бошқа даврларда паст деганидир. Аёлларнинг асосий биологик хусусияти - бу овариал менструал цикл (ОМС) вақтида организм функционал имкониятларининг тўлқинсимон ўзгаришидир. ОМС деганда аёллар организмида жинсий етилиш даврида (менструация унинг ташқи кўринишидан бири ҳисобланади) ҳар ой юзага келадиган циклик хусусиятли ўзгаришлар тушунилади. Менструал фаза спортчи қизларда ўртача ҳисобда 3-4 кун давом этиши мумкин. Бу давр оралиғида улар тушкунлик ёки қўзғалувчан ҳолатда бўладилар, кўпинча уйқучанлик, қорин остидаги оғриқлар, ёмон уйқу, иштаҳанинг йўқолишидан нолишади. Менструация даврида организмнинг катта жисмоний нагрузка (юклама)лар ва инфекцияларга мустаҳкамлиги бузилади, унинг иммунитетни ҳимоя қилиш вазифалари пасаяди, юрак-қон томир тизими фаолиятининг бузилиши юзага келади. Постменструал фаза менструация тугаши билан бошланади, ўртача ҳисобда 5 кундан 10 кунгача давом этиши мумкин. Шу даврда мураккаб физиологик жараён - фолликулда тухум ҳужайранинг етилиши, сўнгра фолликул деворчасининг ёрилиши ҳамда тухум ҳужайранинг чиқиши (овуляция) содир бўлади. Овулятор фаза - спортчи қизлар биологик циклининг ўртача фазаси тахминан 2-3 кун давом этади. Спортчи қизларда овуляция даври ўта алоҳидадир. Бу спортчи қизларнинг физиологик имкониятларида акс этади ва тренировка жараёнини ташкил қилишда албатта эътиборга олиниши лозим. Постовулятор фаза дарҳол овулятор фазадан кейин бошланади ва спортчи қизларда 9 кундан 12 кунгача, биологик цикл давомийлигига қараб давом этади. Бу спортчи қизларнинг юқори иш қобилияти фазаси ҳисобланади. Менструал олди фазаси янги менструациядан 3-4 кун олдин бошланади ва бош айланиши, бош оғриши, ғазабланишнинг юзага келиши билан кечади. Ушбу фазада юрак қисқариш тезлиги ва артериал босими ошиши мумкин. Бунда ҳаракат тезлиги, чидамлилик ва спорт натижалари бироз пасаяди. Менструал циклнинг кечиши ва аёллар организмининг унга реакцияси хусусияти бўйича тўртта гуруҳни белгилаш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |