2 БОБ. СЎЗ БИРИКМАСИНИНГ ШАКЛИЙ ВА МАЗМУНИЙ ТУЗИЛИШИ
Ҳар қандай синтатик бирлик каби сўз бирикмаси ҳам шакл ва мазмун иккилигининг бирлашувидан ташкил топган лисоний бирлик саналади. Сўз бирикмаси маълум грамматик шаклга ва грамматик маъно эга. Мазкур синтактик бирликнинг грамматик шакли унинг аъзолари қайси сўз туркуми орқали ифодалангани, қандай воситалар билан боғланганлигини кўрсатувчи белгилар орқали ифодаланса, грамматик маъноси грамматик шаклнинг ишораси орқали англашилувчи маъно саналади. Шунинг учун сўз бирикмасининг шаклий ва мазмуний томонларига алоҳида-алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқ.
Сўз бирикмасининг шаклий тузилиши.
Маълумки, сўз бирикмалари аъзоларининг бири доимо ҳоким, иккинчиси тобе бўлади. Ҳоким сўзнинг қайси сўз туркумига мансублигига қараб, сўз бирикмалари бир қанча кўринишларга эга бўлади:
1Отли бирикмалар.
2.Феъли бирималар.
3.Равишли бирикмалар.
Отли бирикмада ҳоким сўз от, сифат, сон, олмош ва ҳаракат номидан иборат бўлади.
От+от –дарахтнинг барги, ғишт девор;
Сифат+от –ёқимли куй, ширин олма;
Сон +от – беш баҳо, йигирма бешта бола;
Олмош+от – у йигит, бу бино;
Сифатдош+от – кулаётган бола, учар гилам;
Ҳаракат номи+от – эшитиш мосламаси, ўқиш китоби;
Равиш+от - кўп одам, тез ҳаракат;
Тақлид сўз +от - ғир-ғир шамол, ғовур-ғувур овоз;
Феълли бирикмада ҳоким сўз сифатдош, равишдошдан ташкил топади.
От+ сифатдош: Кечада катнашган;
От+ равишдош: Китобни ўқигунча;
От+харакат номи: Ватанни севиш.
Равишли бирикмада ҳоким сўз равишдан ташкил топади:
Олмош+равиш: Ҳаммадан кўп;
От+равиш: Салимдан тез.
Сўз бирикмаси тузилишига кўра ики хил бўлади:
1.Содда бирикмалар;
2.Мураккаб бирикмалар;
Икки мустақил сўзнинг грамматик-семантик муносабатидан ҳосил бўлган бирикма содда бирикма дейилади11: баланд тоғ, булоқнинг суви.
Уч ва ундан ортиқ лексик бирикманинг грамматик- семантик муносабатидан тузилган бирикмалар мураккаб бирикмалар дейилади12. Мураккаб бирикманинг тузилишига содда бирикма асос бўлади. Мураккаб бирикма содда бирикманиг маъносини кенгайтиради, аниқлайди: китоб ўқимоқ // янги китоб ўқимок // кўп янги китоб ўқимоқ.
Мураккаб бирикманинг тобе компоненти вазифасида мураккаб сўзлар, мураккаб терминлар ҳамда нутқда бир бутун ҳолда қўлланиладиган ажралмас бирикмалар қўлланади. Масалан: Тошкент Давлат университетининг + профессори; £ора кўзли + бола; Тўрт хонали + уй.
Мураккаб бирикма ҳосил қилишнинг махсус қоидалари бор. Масалан: «Ғайратли ёш болалар» типидаги бирикма қисмлари тўғридан тўғри бир-бирига боғланмайди. Сўз бирикмасининг ғайратли қисми қурилманинг бир бўлагига эмас, балки бутун бирикмага қарашли булади, яъни «ёш болалар» бирикмаси «ғайратли»га нисбатан бир бутун бўлакдир.
Мураккаб бирикманинг маъноси унга асос бўлган содда бирикманинг маъносини кенгайтириш, аниқлик киритиши билан характерланади.
Шунингдек, сўз бирикмалари қисмлари орасида уч хил синтактик алоқа шаклланади: бошкарув, мослашув, битишув.
Бошқарув алоқасида тобе суз ҳоким сўзнинг талаби билан маълум бир шаклга киради: тобе сўз ё бирор келишик қўшимчасини олади, ё бирор кўмакчи билан бирга келади. Шунга кўра, бошқарув алоқаси икки турга ажралади: келишикли бошқарув ва кўмакчили бошқарув.
Келишикли бошарувда тобе сўз ҳоким сўзнинг талаби билан тушум, жўналиш, ўрин-пайт ва чиқиш келишикларидан бири билан қўлланади. Бу унинг тобелигини кўрсатувчи белгидир. Масалан: Иложи бўлса, сизни саройдан ҳовлига кўчирамиз. (Ойбек. «Навоий»)
Келтирилган ушбу гапда «ҳовлига кўчирмоқ» бирикмаси келишикли бошқарув алоқасида бириккан.
Кўмакчили бошқарувда тобе сўз ҳоким сўзнинг талабига биноан бирор кўмакчи билан бирга қўлланади: У дарахтларнинг қуриган шохларини ток қайчи билан кесди. («Ёшлик».)
Ушбу синтактик қурилмада «ток қайчи билан кесди» бирикмаси билан кўмакчиси воситасида бириккан, шунинг учун бу бирикма кўмакчили бошқарув алоқаси орқали шаклланган бирикма саналади.
Шуниси аҳамиятлики, сўз бирикмаси қисмлари орасида ҳам келишик, ҳам кўмакчи иштирок этган кўринишлари ҳам учрайди. Масалан: Баъзи аёллар доктордан кўра табибларга ишонишади. («Ёшлик».)
Келтирилган синтактик қурилмадаги «доктордан кўра табибларга ишонмоқ» сўз бирикмасида ҳар икки: келишик ва кўмакчи воситаси қўлланган. Бундай бошқарув усулини келишик+кўмакчили бошқарув деб баҳолаш мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.
Шунингдек, бирикма қисмлари мослашув алоқаси ёрдамида ҳам бирикади. Ҳоким ва тобе сўзнинг шахс ва сонда мувофиқ ҳолда боғланиши мослашув дейилади. Сўз бирикмасида мослашув қаратқич ва қаралмиш орасида (менинг ёшлигим, китобнинг варағи каби), гапда эса эга ва кесим орасида (Мен келдим каби) шаклланади.
Битишув алоқасида икки сўз ҳеч қандай шаклий кўрсаткичларсиз боғланади. Бунда тобе бўлакнинг ҳоким сўзга муносабати тартиб ва интонациядан билинади: оппоқ пахта, олтин бошоқ, тез чопмоқ каби.
Хуллас, сўз бирикмалари ҳам бошқа синтактик бирликлар каби ўз шаклий тузилишига эга синтактик қурилма саналади. Сўз бирикмаларининг ҳоким қисми қайси сўз туркуми орқали ифодаланишга кўра унинг маълум бир турлари ажратилса, қурилма таркибидаги сўзларнинг иштирокига кўра унинг тузилиш жиҳатдан турлари ажратилади. Шунингдек, сўз бирикмаси аъзолари ўртасида маълум бир синтактик алоқалар мавжудки, бу уларни боғловчи воситалар орқали белгиланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |