Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Тадқиқот натижалари 7 та илмий-амалий конференцияларда, 4 та халқаро ва 3 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилиниши. Диссертация мавзуси бўйича жами 37 та илмий иш чоп этилган, шулардан 2 та услубий қўлланма, 1 та ўқув дастури, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг 2 та дастури, илмий-амалий тиббий конференция тўпламларида 10 та тезис, 22 мақола, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий нашрларда 14 та мақола, жумладан, 12 таси республика ва 2 таси хорижий журналларда нашр этилган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация таркиби кириш, олтита боб, натижалар, хулосалар, амалий тавсиялар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан ташкил топган. Диссертациянинг хажми 176 бетни ташкил этади.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ ҚИСМИ
Кириш қисмида мавзунинг долзарблиги ва аҳамияти кўрсатилган, тадқиқотнинг мақсадлари ва асосий вазифалари шакллантирилган, объектлар ва предметлар тавсифланган, тадқиқотнинг республикада олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг устувор тематик режалари билан мувофиқлиги, илмий нуқтаи назардан илмий ва амалий натижалари баён қилинган, олинган илмий ва амалий натижаларнинг аҳамияти, илмий натижаларни синовдан ўтганлиги тақдим этилган, нашр этилган ишлар ва диссертация мазмуни бўйича мисоллар келтирилган.
Диссертациянинг “Адабиёт шархи” деб номланган биринчи бобида масофавий таълимнинг шакллари ва имкониятлари, жумладан масофадан ўқитиш дастурларининг журнал орқали врачларнинг малакасини узлуксиз ошириш (journal-based CME) усули; информацион – коммуникацион технологиялар орқали янги интернет (internet of point CME) ўқитиш; мультимедиа (multimedia education) дастурлари хақида маълумотлар келтирилган. Унда масофавий таълимнинг ривожланган давлатларда шаклланиш турли шакллари бўйича муаллифларнинг ютуқлари ва нуқтаи назарларининг фарқлари бўйича илмий ахборотлар таҳлил қилинади.
Диссертациянинг “Maтериаллар ва тадқиқот усуллари” деб номланган иккинчи бобда эса объектлар, материаллар ва тадқиқот усуллари, масофавий таълимнинг классификация журнал ва онлайн шаклларини ишлаб чиқиш ва олинган натижалар бўйича ахборот берилади. Экспериментал тадқиқотларнинг схема, материал ва методлари келтирилади.
Даволашнинг илмий-асосланган ва далиллар базасига эга янгича усуллари ҳақидаги замонавий ахборотларни ўз вақтида тақдим этиб бориш учун Ўзбекистон врачлар Ассоциацияси «Ўзбекистон врачлар Ассоциацияси Бюллетени» журналида 2010 йилдан бошлаб масофавий таълимдан фойдаланиб келмоқда (journal of base) ва бугунги кунда Ўзбекистонда узлуксиз таълимнинг ушбу шаклини татбиқ этиб келаётган ягона ташкилот ҳисобланади.
Врачлар мустақил таълим олишларининг ушбу усулини ташкил этиш учун Ўзбекистон врачлар Ассоциацияси ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ўртасида ҳамкорликда фаолият юритиш ҳақидаги шартнома имзоланган, масофавий таълим бўйича ўқув дастурларини ишлаб чиқиш учун талаблар тасдиқланган. Бугунги кунда ТошВМОИнинг умумий кафедралари етакчи мутахассислари билан ҳамкорликда 40 дан ортиқ ўқув дастурлари тайёрланди. Улардан қуйидаги йўналишлар бўйича 32 та ўқув дастури 2010–2018 йиллардаёқ чоп этилди: соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этиш, юрак-қон томир касалликлари, онкология, қандли диабет, гастроэнтерология, ҳомиладорлик ҳамда чақалоқларни озиқлантириш ва ҳ.к.
Ҳар бир ўқув дастурига зич рангли қоғозда чоп этилган ва регистрацион тартиб рақамга эга тест топшириқлари кўринишидаги 15 та савол илова қилинган. Тест саволлари мураккабликнинг турли шаклларига ажратилган бўлиб, биттадан ортиқ тўғри жавобларга ҳам эга бўлиши мумкин. Тест саволларига жавоб беришгач, врачлар тест берилган қоғозни йиртиб оладилар ва Ўзбекистон врачлар ассоциациясига жўнатадилар (1-расм).
Do'stlaringiz bilan baham: |