ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЮРИДИК УНИВЕРСИТЕТИ
МОДУЛЬ:МОЛИЯ ҲУҚУҚИ
5-Мавзу:Бюджетнинг молиявий-ҳуқуқий асослари
Режа:
1. Бюджет тушунчаси ва моҳияти
2. Бюджет ҳуқуқи ва предмети
3. Бюджет ҳуқуқи тамойиллари
4. Бюджет муносабатларининг ҳуқуқий асослари
1. Бюджет тушунчаси ва моҳияти
Бюджет - бу давлат ҳокимияти вакиллик органлари томонидан тасдиқланадиган марказлашган пул жамғармаларининг ташкил топиши, тақсимланиши ва улардан фойдаланилишининг асосий молиявий режаси бўлиб, давлат ва маҳаллий ҳокимият органларнинг барча вазифалари ва функцияларини таъминлашга хизмат қилади.
Давлат бюджети – бу давлат пул маблағларининг (шу жумладан давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг) марказлаштирилган жамғармаси бўлиб, унда даромадлар манбалари ва улардан тушумлар миқдори, шунингдек молия йили мобайнида аниқ мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар сарфи йўналишлари ва миқдори назарда тутилади.
Маҳаллий бюджет – Давлат бюджетининг тегишли вилоят, туман, шаҳар пул маблағлари жамғармасини ташкил этувчи бир қисми бўлиб, унда даромадлар манбалари ва улардан тушумлар миқдори, шунингдек молия йили мобайнида аниқ мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар сарфи йўналишлари ва миқдори назарда тутилади.
Бюджетнинг қандай бўғинда ташкил топишидан қатъий назар, бюджетни уч маънода кўрсатиб ўтиш мумкин: а) иқтисодий маънода; б) моддий маънода; в) ҳуқуқий маънода.
Давлат олдида турган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий соҳалардаги вазифаларини бажариш учун маълум бир молиявий маблағларнинг мавжуд бўлиши талаб қилинади. Давлат эҳтиёжлари пул (иқтисодий) шаклида қондирилади.
Бюджет иқтисодий маънода - бюджет жамғармаларини турли бўғинда ташкил этиш, тақсимлаш ва фойдаланиш билан боғлиқ бўлган иқтисодий (пул) муносабатлари тизимини англатади.
Моддий маънода бюджет - давлат ёки маҳаллий ҳокимият органларининг ўз олдига қўйган вазифаларини таъминлаш мақсадида у ёки бу бўғинда ташкил қилинадиган марказлашган пул жамғармаларини англатади. Бюджет муносабатлари моддий-мулкий хусусиятга эга. Бюджетнинг моддий мазмуни мураккаб ташкилий тизимга эга бўлиб, доимий ҳаракатда (динамикада) бўлади, яъни: тўпланадиган пул маблағларининг ҳажми; даромадлар ва харажатлар турлари ўзгариб туради.
Бюджет жамғармасининг катта ёки кичиклиги бир қатор омилларга: иқтисоднинг ривожланиш даражасига; корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда олиб бориладиган хўжалик усулларига; жамият томонидан ҳал қилинадиган иқтисодий, ижтимоий вазифаларга боғлиқ бўлади.
Ҳужжатлар, у ёки бу тадбирларни бюджет ҳисобидан молиялаштириш, бюджет маблағлари ҳисобидан органлар ва муассасаларни таъминлаш, даромад манбаини бюджет ҳисобига ўтказиш тўғрисида сўз юритганимизда, бюджетнинг айнан шу жиҳати назарда тутилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |