Назорат учун саволлар:
1. Ҳадя шартномасининг тушунчаси ва ҳуқуқий белгиларини тавсифланг.
2. Кичик гуруҳларда мустақил равишда ҳадя, хайр-эҳсон шартномасини тузинг ва ўзаро муҳокама қилинг?
3. 1951 йилда туғилган фуқаро Олегова Наташа даъво ариза билан Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судига мурожаат қилиб, ўз даъво аризасида 2001 йилда ягона фарзанди бўлган қизи Олегова Татьянага ўзига тегишли бўлган2 хонали квартирани давлат нотариал идорасида ҳадя шартномаси орқали расмийлаштириб берганлигини, орадан беш йил ўтгач, Т.Олегова унга нисбатан турли хил тазъйиқлар ўтказиб уйдан чиқиб кетишни талаб қилиб келаётганлигини, бу ҳолатлар бир неча маротаба такрорланганлигини, ушбу ҳолатни қўни-қўшнилари ҳам тўлиқ тасдиқлашлигини баён қилиб, суддан 2001 йилда нотариал идорада 2166-сон давлат реестр рақами билан қайд қилинган ҳадя шартномасини бекор қилишни сўраган.
Мазкур ҳолатда даъвогарнинг даъво талаблари қай даражада асосли ёки асосли эмаслигини ҳуқуқий жиҳатдан асослантириб беринг.
4. Тошкент шаҳри Миробод туманида яшовчи фуқаро Батиров Мирзонинг номидан ишончли вакили, адвокат Т.Бойматов Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат этиб, 2012 йилда Батиров Мирзо ўзига тегишли бўлган 3 хонали квартирани ўғли Батиров Мансуржон номига давлат нотариал идорасида ҳадя шартномаси орқали расмийлаштириб берганлигини, бироқ, ҳадя шартномасини расмийлаштириш чоғида нотариус М.Батировга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирмаганлигини, ваҳоланки М.Батиров 2011 йилда буён Руҳий касалликлар диспансерида рўйхатдан туришлигини, ҳадя шартномасига имзо қўяётган вақтда ҳам ўз ҳаракатларини аҳамиятини тушунмаган бўлиши мумкинлигини, ушбу ҳолатларга асосан Батиров Мирзо билан Батиров Мансуржонлар ўртасида 2012 йилда тузилган ҳадя шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.
Ушбу ҳолатда низоли муаммо ечимини ҳуқуқий жиҳатдан асослантириб баён этинг.
32-боб. Рента
1-§. Рента тушунчаси ва моҳияти
Рента мажбуриятларнинг ўзига хос тури бўлиб, ўрта асрларда европада кенг қўлланилган шартнома конструкцияларидан бири ҳисобланади. Мазкур шартномадан асосан, бирон бир сабабга кўра, ўз мол-мулкини шахсан муомалада бўлишини таъминлаш ёхуд ижара, траст шартномалари ва шу кабилар орқали фойдалана олмайдиган ёки бунга имкони бўлмаган ёхуд буни хоҳламайдиган мулкдорлар фойдаланадилар. Бу ҳолат мол-мулкни тасарруф этишнинг энг пассив шакли ҳисобланади.
Рента шартномасининг мавжудлиги мулкдорнинг мол-мулкни тасарруф этиш имкониятини бирмунча кенгайтиради. Бунда мол-мулкни бегоналаштириш бирданига амалга оширилмайди. Бегоналаштиришда мулк ҳуқуқини ўтиши узоқ муддат билан белгиланади. Рента тўловчи мол-мулкдан фойдаланишда мулкдор каби ваколатларига эга бўлади. Бироқ, бунда муайян чекловлар мавжуд бўлади. Рента бўйича мулк ҳуқуқини олган мулкдорни рента тўлаш мажбурияти билан юкли бўлган мулкдор сифатида баҳолаш мумкин. Рента шартномаси бўйича мулк ҳуқуқини олган рента тўловчи тўлақонли мулкдор ваколатига эга бўла олмайди. Бу ҳолат биринчидан, унда рента тўлаш мажбурияти бор ва иккинчидан, шартнома амалда бўлган вақтда мол-мулкка нисбатан рента олувчида гаров ҳуқуқи мавжуд бўлади. Демак, рента тўловчи гарчи мулкдор мақомига эга бўлсада унинг мулкдорлик ҳуқуқи муайян маънода (мол-мулкка нисбатан рента олувчининг гаров ҳуқуқи асосида) чекланган бўлади.
Рента тўлиқ ишлаши учун кенг мулкдорлар синфи шаклланган бўлиши лозим. Бунда улардан баъзилари мол-мулкини ўзи бевосита бошқариш, ишончли бошқаришга топшириш ўрнига ўзи учун энг қулай, тинч бўлган йўл яъни, муаммосиз кафолатли тўлов бўлган рентани танлайди. Рента мулк ҳуқуқини бир шахсдан бошқа шахсга ўтишини таъминловчи шартномалар туркумига мансуб. Рента ҳуқуқни қўллаш амалиётида деярли учрамайди.
Рента шартномасига мувофиқ бир тараф (рента олувчи) кўчмас ёки кўчар мол-мулкни бошқа тарафга (рента тўловчига) мулк қилиб беради, рента тўловчи эса олинган мол-мулк ўрнига рента олувчига вақти-вақти билан белгиланган пул суммаси ёки уни таъминлаш учун бошқа шаклда маблағ бериш тарзида рента тўлаш мажбуриятини олади (ФКнинг 512–моддаси 1-қисми).
Рента шартномаси олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя шартномалари каби, мол-мулкни бегоналаштиришга қаратилган шартномалар тоифасига киради. Бироқ, ҳадя шартномасидан фарқли равишда рента ўзининг ҳақ бараварига тузилиши, яъни бегоналаштирилаётган мулк учун муқобил мажбуриятни бажариш назарда тутилиши билан тафсифланади. Олди-сотди, айирбошлаш шартномаларида товар муайян ҳақ бараварига бегоналаштирилса, рента шартномаси бўйича топширилган мол-мулк эвазига рента олувчига тўланиши лозим бўлган рента тўловларининг умумий қиймати номаълум бўлади, чунки шартноманинг амал қилиш муддати олдиндан маълум бўлмайди.
Рента олувчи сифатида фақат фуқаролар ва нотижорат ташкилотлар иштирок этади. Қонунда рента тўловчи сифатида иштирок этувчи шахсларга нисбатан чекловлар назарда тутилмайди. Рента тўловчи сифатида фуқаролар ҳамда таъсис ҳужжатларида бундай фаолият тури билан шуғулланиш таъқиқланмаган ҳар қандай ташкилотлар иштирок этиши мумкин.
Рента тўлаш шарти билан кўчмас мулк ҳам, кўчар мулк ҳам бегоналаштирилиши мумкин (ФК 83–моддаси).
Рента тўловлари рента олувчининг муайян муддатларда оладиган доимий даромади бўлиб ҳисобланади. Ушбу даромад пул кўринишида ҳам, натура (ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш, уй-жой, овқатлантириш, кийим-кечак, парваришлаш, хизматларга ҳақ тўлаш ва ҳ.к.га бўлган эҳтиёжини таъминлаш) шаклида ҳам бўлиши мумкин.
Рента шартномаси давомий характерга эга, чунки рента олувчи ҳаёт бўлган муддатга (умрбод рента) ёки муддатсиз (доимий рента) тузилади ва шартнома амалда бўлган муддат давомида доимий (тизимли) равишда рента тўловчи ўз мажбуриятларини бажариши лозим. Рента олувчи вафот этган тақдирда рента тўлаш мажбурияти тугайди.
Шу муносабат билан рента шартномаси тарафлари муайян таваккалчиликка қўл уради, чунки мазкур шартнома муддатидан олдин тугатилиши ҳам мумкин. Бу хусусияти билан рента шартномаси ҳадя шартномасидан фарқ қилади, чунки ҳадя шартномаси бўйича ашё мулк қилиб топширилгандан сўнг тугайди.
Умрбод рента фуқарони ўз қарамоғига олган ҳолда умрбод таъминлаш шарти билан уй-жой (квартира)ни бошқа шахсга бериш шарти билан ҳам белгиланиши мумкин.
Рента тўловчи рента олувчининг мол-мулкини ҳақ эвазига ёки текинга мулк қилиб олади. Хатто мол-мулк рента тўлаш шарти билан текинга мулк қилиб берилган тақдирда ҳам, шартнома ҳақ эвазига тузилган ҳисобланади, чунки ҳар қандай ҳолатда ҳам пул суммаси кўринишида ҳам, натура шаклида ҳам рента тўловларини тўлашга оид муқобил талаб мавжуд бўлади (ФК 512–моддаси).
Рента шартномаси тарафларининг ўзаро муносабатларига рента тўлаш шарти билан бериладиган мол-мулкнинг ҳақ эвазига ёки текинга берилишига қараб олди-сотди ёки ҳадя шартномасига доир қоидалар қўлланилади. Бироқ, олди-сотди ёки ҳадя шартномасига доир қоидалар фақат ФК 32-бобида бошқа қоидалар белгиланган бўлмаса ва рента шартномаси моҳиятига зид келмасагина қўлланилади. Чунончи, кўчар мол-мулкни олди-сотди шартномаси нотариал тартибда тасдиқланмаса ҳам, ФКнинг 513–моддасида предмети кўчар мол-мулк бўлган рента шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши лозимлигини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |