Назорат учун саволлар:
1. Маълумки, корхона фуқаролик ҳуқуқининг ҳам объекти, ҳам субъекти ҳисобланади. Бироқ фуқаролик қонунчилигида бу борада аниқ чегара ёки мезонлар мавжуд эмас. Лекин, амалдаги фуқаролик қонунчилигида корхонани сотиш шартномаси белгиланган ва у ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Шу жиҳатдан корхонани сотиш шартномасининг тушунчаси ва унинг ҳуқуқий белгиларини изоҳланг?
2. Корхонани сотиш шартномасини расмийлаштиришнинг ҳуқуқий механизмини тушунтиринг.
3. Фуқаро Эргашев аукционда сутни қайта ишловчи корхонани сотиб олиш истагини билдирди. Лекин, мазкур корхона бошлиғи корхонани фақат юридик шахс ёки тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган шахс сотиб олиши мумкинлигини айтиб, унга рад жавобини берди. Ҳамда, мазкур корхона бошқа юридик шахсга, фуқаро Эргашев таклиф этган нархдан анча арзон нархга сотиб юборилди.
Фуқаро Эргашев корхона бошлиғи ҳаракатидан норози бўлиб, судга мурожаат қилди. Суд ушбу масалада қандай қарор қабул қилиши керак?
4. Корхона кредиторларнинг розилигисиз сотиб юборилди, бундан сотиб олувчи ҳам хабардор эди. Бундан хабар топган кредиторлар ушбу корхонани сотиш шартномасини бекор қилиш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилишди. Суд шартномани бекор қилмасдан сотувчи ва сотиб олувчи кредиторларнинг маблағларини тўлаши ҳақида ҳал қилув қарор чиқарди. Ушбу ҳал қилув қарори устидан сотиб олувчи шикоят ёзди. Шикоятнинг мазмуни шундаки, бу қарзлар бўйича сотувчи жавоб бериши керак, чунки кредиторларни хабардор қилиш унинг мажбурияти эди. Шикоят ариза бўйича сотиб олувчининг талаби қаноатлантириладими?
30-БОБ. АЙИРБОШЛАШ ШАРТНОМАСИ
1. Айирбошлаш шартномаси тушунчаси, ҳуқуқий белгилари ва предмети
Айирбошлаш товар ва пул муносабатларига асосланган бозор иқтисодиётида ҳам муайян аҳамиятга эга. Шу боисдан у амалдаги фуқаролик қонун ҳужжатларида ўзининг ҳуқуқий асосларини топган. Айирбошлаш бартер деб ҳам юритилади.
Айирбошлаш деб шундай шартномага айтиладики, унга кўра шартномада қатнашувчи ҳар бир тараф бошқа тарафга бир товарни бошқа товарга алмаштириш йўли билан мулк қилиб топшириш мажбуриятини олади (ФК, 497-м.). Унинг моҳияти шундаки, шартнома предмети бўлган бирон-бир товар иккинчи тарафга, одатдагидек, мазкур товар қийматини умумий эквивалент бўлган ёки унга деярли тенг келадиган бошқа бир товарга айирбошланади. Демак, мазкур ҳуқуқий муносабат одатдаги шартномалар, айтайлик, олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш каби шартномаларга ўхшаб, тарафларга бу орқали келиши мумкин бўлган муайян пул суммаларига талаб-эҳтиёжлардан келиб чиқмай, балки бевосита мазкур шартноманинг предмети бўлган товарга бўлган эҳтиёжлардан келиб чиқади. Бироқ бу шартнома кўп ҳолларда субъектлар ўртасида ҳисоб-китоблар йўлга қўйилмаган ёки ўзаро ишонч бўлмаган инфляция шароитида кенг қўлланиладиган шартномалардан бири бўлиб қолмоқда. Ривожланган бозор тизимида у аҳён-аҳёнда қўлланилади.
Шартноманинг яна бир хусусияти шундаки, шартноманинг мазмунидан бошқача ҳол англашилмаса, айирбошланаётган товарлар тенг қийматли деб тахмин қилинади. Айни пайтда товарни топшириш ва уни қабул қилиш харажатларини, ҳар бир ҳолда тегишли мажбуриятларни бажарадиган тараф амалга оширади. Шубҳасиз, бошқа шартномаларда бўлгани сингари айирбошлашда ҳам унинг предмети ҳисобланган товарнинг баҳоси муайян аҳамиятга эга. Баъзан амалиётда айирбошлаш предметининг қиймати бир хил бўлмайди. Бундай ҳолларда баҳоси айирбошлашга тақдим қилинаётган товар баҳосидан паст бўлган товарни топшираётган тараф, агар шартномада ҳақ тўлашнинг бошқача тартиби назарда тутилмаган бўлса, товар ёки товарни тасарруф қилиш ҳужжатлари топширилгандан сўнг кечиктирмасдан баҳолардаги фарқни тўлаши лозим бўлади. ФКнинг 242-моддасига кўра, агар қонун, шартнома ёки мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача ҳол англашилмаса, қарздор ҳисобланган тараф бундай мажбуриятни кредитор талаб қилган кундан бошлаб етти кунлик муддат ичида бажариши шарт.
Айрим ҳолларда товарлар ўртасидаги юқорида тилга олинган фарқ доимо аниқ белгиланавермайди. Фуқаролик қонунчилигининг мазмунидан англашилишича, бундай ҳолларда шартномани бажарганлик учун худди шунга ўхшаш вазиятларда одатда шундай товарлар, ишлар ёки хизматлар учун олинадиган баҳолар – ҳақ тўланиши керак. Айнан бундай ҳолларда иш муомаласи одатлари, яъни одат ҳуқуқи нормалари қўлланилади (ФКнинг 6-моддаси тартибида).
Айирбошлаш шартномаси қуйидаги ҳуқуқий белгилари билан характерлидир: консенсуал, ҳақ эвазига тузиладиган, икки тарафлама шартномалардир.
Шартноманинг муҳим жиҳатларидан бири айирбошланади-ган товарларга бўлган мулк ҳуқуқининг иккинчи тарафга қачондан бошлаб ўта бошлашидир. Одатда, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, айирбошланадиган товарларга мулк ҳуқуқи айирбошлаш шартномасига мувофиқ, сотиб олувчи ҳисобланадиган тарафларга иккала тараф тегишли товарларни топшириш мажбуриятини бажарганидан сўнг бир вақтда ўтади (ФК, 500-модда). Айирбошлаш шартномасининг предмети муайян моддий қийматга эга бўлган ҳамда иқтисодий муносабатнинг предмети бўла оладиган, айни пайтда кишиларнинг у ёки бу эҳтиёжларини қондира оладиган нарсалар, яъни ашёлар бўла олади.
Do'stlaringiz bilan baham: |