Икки томонлама монополия модели кучли тармоқ касаба уюшмалари ҳаракат қиладиган монопсоник бозор шароитларига хосдир. Бошқача қилиб айтганда, монопсоник модель билан касаба уюшмалари харакати ҳисобга олинадиган модель бирлаштирилган
тақдирда икки томонлама монополия ўрин тутади. Касаба уюшмалари шу маънода меҳнатни монополистик сотувчиси бўлиб, у меҳнат таклифини назорат қилади ва иш ҳақи ставкаларига таъсир эта олади. У иш билан бандликни ўзгартириш йўли билан, иш ҳақига таъсир эта оладиган монопсонистик ишга ёлловчига қарама-қарши туради.
Турли мамлакатларда иш билан бандлик ва ишчи кучи бозори моделлари ўзига хос хусусиятларга эга бўлади, биз ана шуларга қисқача тўзталиб ўтамиз.
Франция модели.Францияда охирги 10 йил ичида ишсизлик даражаси 12,0% атрофида сақланмоқда. Ишсизликка қарши курашиш учун ҳам фаол, ҳам суст чора-тадбирлар қўлланилади, лекин ишчи кучи бозорида пассив (суст) сиёсат маъқулроқ кўрилади.
Ишсизларга узоқ вақт нафақа тўланади. Бундай нафақа тўланишининг энг узоқ давом этиши 5 йилни ташкил этади. Шу билан бирга Франция бюджетидан ишчи кучи бозоридаги пассив сиёсатга харажатлар улуши фаол ижтимоий сиёсат ўтказишга қилинадиган харажатлар улушидан деярли икки баравар юқоридир1.
Ҳозирги вақтда Франция корхоналарида меҳнат ресурсларини бошқариш соҳасида ишсизликка қарши курашнинг глобал воситаси деб қаралаётган иш билан тўлиқсиз бандлик сиёсати амалга оширилмоқда. Лекин Францияда ишсизлик бундан буён ҳам 10-12% даражасида қолаверади, яъни Ғарбдаги кўпчилик мамлакатлардагидан юқорироқ даражада бўлади деб тахмин қилинмоқда. Ана шуларнинг барчаси ишчи кучи бозоридаги пассив
1 Чернов Ю.И. Меҳнат унумдорлиги ва ишсиз иқтисодиёт. –М.: 1992, 24-б.
сиёсатнинг фаол сиёсатга қараганда, самараси анча паст эканлигини кўрсатмоқда.
Швеция модели.Швецияда ишчи кучи бозоридаги сиёсат бўш иш ўринларини ишсизлар билан тўлдиришга кўмаклашиш ва ишсизларга фақат нафақалар бериб боришдан иборат бўлиб қолмаслиги лозим, деб ҳисобланади. Иш билан тўлиқ бандликни юзага келтириш анъанавий стратегияси муқаррар равишда инфляциянинг юқори даражасига чиқишга ва иш ҳақи борасида силжишлар рўй беришига олиб келиши эътироф этилган эди. Шу боис Швеция ишчи кучи бозорида фаол сиёсат юритилиб, у қуйидаги тўрт элементни ўз ичига олади:
Чекловчи фискал сиёсат. Унинг мақсади товарлар ва хизматларга кам даромадли корхоналарнинг фаолиятни тўхтатишга мажбур қиладиган суръатда талаб ва инфляциянинг ошишига йўл қўймайдиган эгри солиқлар белгиланишидан иборат. Жуда юқори фойда оладиган фирмалар ўртасида иш ҳақини ошириш борасида инфляцияга олиб келувчи рақобатга йўл қўймаслик учун фойдани жиловлаб туриш лозим.
Иш ҳақи борасида олиб борадиган ҳамжиҳатлик сиёсати. Бунинг маъноси шуки, барча ишчи ва хизматчилар тадбиркорларнинг молиявий аҳволидан ёки фирманинг қайси тармоққа қарашли эканидан қатъи назар, тенг меҳнатга тенг ҳақ олишлари керак.
Янги иш ўринларини, шунингдек ходимларни тайёрлаш ва қайта ўқитиш марказларини яратишни рағбатлантириш.
Селектив (танлама) тарздаги иқтисодий юксалиш. Иқтисодий кўрсаткичлари паст бўлса-да, ижтимоий зарур хизматларни
таъминлайдиган секторларда иш билан бандликнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тўғрисида гап бормоқда.
Швеция фаол сиёсат олиб бориш бўйича бир қатор Европа давлатлари ва Америка Қўшма Штатларидан анча олдинда бормоқда.