1.3.2-расм. Корхона инновацион салоҳиятини ташҳисли
ёндашув асосида баҳолаш схемаси45
В.Н.Гунина, В.П.Баранчеева ва В.А.Устиноваларнинг илмий ишларида ташҳисий ёндашувни қўллаш услубининг намунаси тасвирланган46. Муаллифлар ташҳисни амалга ошириш учун корхона инновацион салоҳиятининг қуйидаги унсурларини аниқлашган: ишлаб чиқариш, функционал, ресурс, бошқарув ва ташкилий йўналишлар.
Тизимнинг алоҳида унсурлари ташҳисли инновацион салоҳиятини эксперт баҳолаш орқали амалга оширилади. Асосан мезонлар қиймати меъёрий қийматлар билан қиёсланади ва 1-5 оралиқда бўлган шкалада баҳоланади, бунда қийматнинг 1 га тенг бўлиши мезонинг жуда ёмон ҳолатини, тубдан қайта ишлашни тавсифлайди ва инновацион салоҳиятнинг заиф томони сифатида талқин қилинади; 5 га тенг бўлиши мезоннинг жуда яхши ҳолатдалигини, тўла қониқтирувчи меъёрий моделни ва инновацион салоҳиятнинг жуда кучли эканлиги сифатида талқин қилинади47.
Аслида ушбу ҳолатда баҳолаш сифатида инновацион салоҳият ҳар бир унсурининг кучли ва заиф томонларини баҳолашга имкон берувчи SWOT-таҳлил технологиясидан фойдаланилади.
Корхона инновацион салоҳиятининг интеграл қиймати сифатида ҳар бир йўналиш ҳолатининг якуний баҳоларининг ўртача қийматлари аниқланади.
Юқорида кўриб чиқилган усулларда ҳисобга олинган мезонларни баҳолаш эксперт баҳолашнинг баллари орқали амалга оширилади.
Шуни таъкидлаш керакки, экспертлар баҳолаш шкаласида максимал ва минимал баҳолардан четлашиб, баҳолашни ўртача қийматига асосланган ҳолда амалга оширишади ва шу билан улар ҳақиқий хусусиятларни «текислаб» юборилиши натижасида эксперт баҳолашнинг натижалари сезиларли даражада субъектив бўлишини ҳам таъминлаши мумкин. Ушбу усуллар фикримизча, қуйидаги баъзи камчиликларга эга:
эксперт баҳолашни қўллашда субъективликнинг сезиларли даражага эга бўлиш эҳтимоли;
баъзи ҳолатларда хусусий кўрсаткичлар сифатида баъзи кўрсаткичларнинг ишончлилиги ва амал қилиниш даражаларини етарлича аниқлаш қийинлиги;
интеграл шаклда баъзи хусусий кўрсаткичларнинг мажмуи одатда «баллар йиғиндиси» ёки «ранг бўйича ўринлари йиғиндиси» орқали амалга оширилади, шунингдек олинган натижаларнинг субъективлигини янада оширувчи хусусий кўрсаткичларнинг коэффициентлари қиймати ҳисобланади;
инновацион салоҳиятнинг даражаси ва ҳолати ҳақида олинган натижаларни солиштириш ёки эксперт баҳолашни амалга ошириш меъёрий моделининг аниқ бир мезонларининг йўқлиги;
четдан зарур кўникмаларга эга мутахассисларнинг жалб қилиниши, қуйидаги усуллар орасида қўлланилганда унинг такрор қўлланилишида қийинчиликларни келтириб чиқаради.
Бундан ташқари, инновацион салоҳиятнинг бундай баҳоланишида унинг даражаси ва ҳолатидан вазиятни бошқариш бўйича таклифларни қайта ишлашга, инновацион салоҳиятни бошқаришга ўтиш мумкин.
А.А.Трифилова48 томонидан таклиф қилинган инновацион салоҳиятни баҳолаш усулини кўриб чиқамиз. Илмий ишда ҳозирги вақтда корхона инновацион салоҳиятини баҳолаш ва инновацион ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда фақатгина инновацион фаолиятни амалга ошириш имкониятларини ҳисобга олмасдан, балки ишлаб чиқариш учун ресурсларнинг етарлилигини ҳам таҳлил қилиш зарурлиги ҳақида қайд этилган. Инновацион салоҳиятни баҳолашда муаллиф нафақат инновацион стратегияни самарали таъминлаш учун етарли бўлган, балки жорий ишлаб чиқариш фаолиятида ҳам молиявий-иқтисодий ресурлар билан таъминлашни назарда тутади. Биз А.А. Трифилова томонидан таклиф этилган баҳолаш усулининг такомиллаштирилган вариантини келтириб ўтамиз (1.3.3-расмга қаранг).
Ушбу усул бўйича баҳолашнинг натижаси корхонага жорий ишлаб чиқариш ва хўжалик юритиш фаолиятида айни пайтда жамланган ресурлар асосида инновацион фаолиятнинг танланган йўналишини амалга ошириш мумкинми, ёки йўқлигини кўрсатиб беради. Бошқача қилиб айтганда, бундай ёндашув орқали корхона инновацион салоҳиятининг молиявий-иқтисодий ва инновацион технологиялар билан самарали таъминлаш имкониятларини таҳлил қилиш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |