Bog'liq Инновацион иктисодиёт укув кулланма Алиев Я печат 29 07 19й
1.1-расм. Инновация фаолияти инфратузилмаси субъектлари. Инновация фаолияти инфратузилмаси бу – инновация фаолияти субъектларига хизмат кўрсатувчи ёки уларнинг ишини таъминловчи, шу жумладан инновация фаолияти субъектларига бошқарув, моддий-техник, молиявий, маркетинг, ахборот, маслаҳат, ташкилий, кадрларга оид ва бошқа хизматларни кўрсатувчи ёрдамчи ташкилотлар йиғиндисидир.
Ўзбекистон иқтисодиётини инновацион ривожлантиришнинг устувор стратегик йўналиши миллий инновацион механизмни барпо этишдан иборат бўлиб, мазкур механизм ташкилий-иқтисодий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар ва муайян инновацион лойиҳаларни амалга ошириш тизимидир. У янги билимларни ишлаб чиқариш, тадқиқотлар натижаларини иқтисодиётни реал секторига тезкор татбиқ этиш ва янги маҳсулотларни истеъмолчиларга сотиш жараёнини таъминлаши лозим.
Инвестицион стратегиямизнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, унда илғор технология билан жиҳозланган ва хом ашё ресурсларимизни чуқур қайта ишлаш имконини берадиган янги юксак технологияли ишлаб чиқаришларни яратишга, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини юксалтириш ва янги иш жойларини барпо этишга қаратилган инвестиция лойиҳалари афзал кўрилади.
Шу муносабат билан инновация фаолияти инфратузилмасини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этади, чунки мамлакатдаги корхоналарнинг ҳам ички, ҳам ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги унинг фаолият самарадорлигига боғлиқдир.
Мамлакат иқтисодиётининг барқарор инновацион тараққиётини таъминлаш нафақат тегишли миқдордаги тадқиқот ва ишланмаларнинг мавжуд бўлишини, балки уларнинг амалда қўлланилишини ҳам тақозо этади. Иқтисодиётнинг саноат ва илмий секторлари ўртасида алоқанинг сустлиги, саноат корхоналарининг фундаментал ва амалий фан натижаларини ўзлаштириш даражасининг пастлиги, фан ютуқларидан фойдаланишда рағбатлантириш ва имкониятларнинг етишмаслиги, инновацион ғояларнинг бозор эҳтиёжларига мувофиқ эмаслиги иқтисодиётдаги инновацион жараёнларнинг ривожланиш самарадорлигининг пастлигига сабаб бўлмоқда.
Ҳўжалик юритиш субъектларининг инновацион фаоллигини ошириш учун инновацион циклнинг барча таркибий қисмлари ва бўғинларини шакллантириш зарур. Бунинг йўналишларидан бири инновация жараёнида бевосита иштирок этувчи субъектларнинг ўзаро ҳамкорлик механизмларини яратишдир. Шу муносабат билан инновация фаолияти инфратузилмасини шакллантириш ва унинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш зарурати вужудга келади. Инновацион инфратузилмани шакллантиришнинг хориж тажрибасини тизимлаштириш унинг айрим элементларини яратишнинг базавий моделларини белгилаб олиш ва улардан миллий иқтисодиётда фойдаланиш имкониятларини аниқлашга имкон беради.
Уларнинг умумий хусусияти – хусусий сектор менежерларини жалб қилиш ҳисобига бюрократик босимни камайтиршга интилиш, молиялаштириш ва бошқарувнинг бозор воситаларидан фойдаланишдир. Инфратузилмани ривожлантириш нуқтаи назаридан энг истиқболли йўналишлардан бири хусусий сектор ва илмий-тадқиқот ташкилотлари жалб қилинадиган моделлардан фойдаланишдир. Ушбу моделлар инвестиция рискларининг тақсимланиши (ажратилиши) ва давлат маблағларининг тежалишини таъминлайди.
Инновация фаолияти инфратузилмасини шакллантириш жараёнининг амалга оширилишини икки асосий жиҳат белгилайди. Жумладан, инвестициялар фақат қуйидаги шартлар мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилади: манфаат (фойда); қулай шарт-шароитлар.
Инновация фаолияти инфратузилмасига (ИФИ) йўналтириладиган инвестицияларни шакллантириш механизмлари соҳасидаги халқаро тажрибанинг таҳлили қуйидаги базавий моделларни ажратиб олишга имкон беради:
давлат ИФИ объектининг моддий-техник базасини барпо этишни тўғридан-тўғри молиялаштиради ва унинг фаолияти билан боғлиқ барча жорий амалиёт харажатларини истеъмолчиларнинг тўловлари амалий харажатларни қоплагунга қадар қоплайди;
давлат ижтимоий-иқтисодий самарани таъминлаш мақсадида ИФИ объектининг яратилиши ва фаолиятини тўғридан-тўғри молиялаштиради;
давлат иштирокчи фирмалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини олиш учун ИФИ объектини барпо этишда инвестор сифатида иштирок этади;
давлат ИФИ объектини кейинчалик хусусий инвесторларга ўтказиб юборишни кўзда тутган ҳолда капитал ва дастлабки харажатларни қоплайди (3-5 йил давомида).
Санаб ўтилган сўнги модель АҚШга хос бўлиб, унда инновация фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ҳам миллий, ҳам минтақавий миқёсда амалга оширилади.
Шундай қилиб, кўриниб турибдики, ташқи механизм инновация фаолияти инфратузилмасини шакллантиришга инвестициялар ажратиладиган иқтисодий ва ташкилий чегаралар белгилашдан иборат бўлиши лозим. Бу ҳолатнинг моҳиятига қараладиган бўлса, инновация фаолияти инфратузилмасини шакллантиришнинг ушбу механизмини ташкилий-иқтисодий механизм деб аташга асос бўла олади. Уни аввалдан белгиланган йўналишдаги ҳаракатни таъминловчи бўғинлар тизими деб тасаввур қилсак, бундай бўғинлар вазифасини инновацион фаолият тартибини белгиловчи меъёрий ҳужжатлар ўтайди. Қонуний-меъёрий ҳужжатлар, стандартлар, методикалар, низомлар, алгоритмлар ва ҳоказолар шулар жумласидандир.
Бугунги кунда илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизмини такомиллаштириш муаммоси энг долзарб масалалардан бири бўлиб, унинг ҳал қилиниши илм-фан соҳасини бевосита ишлаб чиқариш кучига айланишини, илмий тадқиқотлар натижаларини ишлаб чиқаришга амалий татбиқ қилишни кўзда тутади.
Республика инновация тизимидаги динамик жараёнлар устида олиб борилган таҳлиллар унинг айрим секторларидаги узилишларни аниқлашга ва инфратузилма объектларини шакллантиришга дифференциялашган ёндашув зарурлигини исботлашга имкон берди. Уларнинг фаолиятида аниқланган ўзига хос хусусиятлар уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмидан фойдаланиш кераклигинидан далолат бермоқда.
Бизнинг фикримизча, инновация фаолияти инфратузилмасини шакллантириш механизми қуйидаги тамойилларга асосланган бўлиши лозим:
асосий эътиборни мавжуд илмий-тадқиқот муассасалари, саноат корхоналари ва кредит-молия ташкилотларига қаратиш;
инновацион лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳатти-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ва барқарор ўзаро алоқаларни таъминловчи инфратузилма объектларининг яхлит мажмуасини барпо этиш;
инфратузилма объектлари тараққиётининг узоқ муддатли истиқболини кўра олиш зарурати;
жараённи бошқариш тизимини ташқи ва ички муҳитнинг ўзгарувчан шароитларига мослашуви;
иқтисодий ва ижтимоий самара шаклидаги пировард натижага йўналтирилганлик.
Мавжуд инновация фаолияти инфратузилмасини амал қилиши муаммолари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, амалдги холат бугунги кундаги инновацион корхоналар эҳтиёжларига тўлиқ жавоб бермайди. Бу эса инновация фаолиятини амалга оширишга қулай шарт-шароитлар яратиб беришни таъминловчи инфратузилмавий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришни талаб этмоқда (1.2-расм).
Миллий иқтисодиётнинг инновацион секторини барқарор ривожлантириш учун инфратузилма элементларини барпо этиш бўйича мавжуд ташаббуслар ва уларни молиялаштиришнинг мавжуд кўлами етарли эмас. Самарали инновация фаолияти инфратузилмасини шакллантириш унинг элементлари ўртасидаги тизим ҳосил қилувчи алоқаларни жонлантириш зарурати билан белгиланадиган турли ташкилий ва иқтисодий омилларга боғлиқдир.