ХУЛОСА ВА ТАВСИЯЛАР
Хандон писта (Pistacea L) туркумига кирувчи 20 та писта турининг Марказий Осиёда фақатгина 1 тури ҳақиқий писта (фисташка настоящая) - Pistacea vera L табиий тарқалган. Умуман пистанинг энг йирик табиий пистазорлари айнан Марказий Осиё давлатларида жойлашган бўлиб, Тянь-Шань тоғ тизимининг барча тоғ тизмаларида, Помир-Олойда, Копет тоғда 450-1800 м (2000 м) денгиз сатҳидан баландликларда ўта қурғоқчил тоғли ва тоғ олди ҳудудларида асосий ўрмон ҳосил қилувчи тур ҳисобланади.
Эгаллаган майдонига кўра арчадан кейинги ўринда туради. Пистанинг ҳозирги ареали бўлиниб кетганлиги билан ажралиб туради, албатта ҳозир ёлғиз писта дарахтлари ўсиб турган ҳудудларда узоқ ўтмишда кенг пистазорлар бўлганлигига шубҳа йўқ.
Ўтган тарихий даврларда пистазорлар ўсиб турган ҳудудлар иқлими унчалик кўп ўзгармаган, демак пистазорлар табиий майдонини камайиб кетиши инсон фаолиятининг салбий таъсири билан боғлиқ. Ҳозирги даврда Марказий Осиёда 10 та писта тарқалган ҳудуднинг 5 тасида у ёлғиз ва яккам – дуккам дарахтлар кўринишида сақланиб қолган, фақатгина 5 та ҳудудда – Марказий ўрмон (Фарғона округи) Боботоғ пистазорларида, Жанубий Тожикистонда Бадхизда ва Кушкада (Бадхиз округи) катта табиий пистазорлар сақланиб қолган.
Пистани ўтмишда кўплаб кесилиб кетишининг сабаби деҳқончилик кўламини ошиши, метал эритиш ва унга ишлов бериш билан боғлиқ бўлган, чунки писта дарахти ёғочида юқори калория ёғоч кўмири (писта кўмир) тайёрланган.
Пистазорларда системасиз мол боқиш ҳам уларда табиий тикланиш жараёнлари камайишига олиб келган. Писта табиий ҳолда кенг тарқалган ҳудудларда уни уруғ экиш йўли билан қайта тиклаш лозим, у кам учрайдиган жойларда саноат плантацияларини барпо этиш керак.
Лалмикор ерларда пистани асосий кўпайтириш усули уруғ экиш усули бўлиб, энг юқори сифатли уруғлар пишган уруғларни 7-10 кундан сўнг терилганда қайд этилади. Уруғларни баҳорда экишдан аввал стратификация қилиш ҳам. Илиқ сувда ивитиш ҳам уларни униш қобилиятини оширади.
Марказий Осиёнинг арид зоналарида писта ўрмонмелиоратив ва тупроқни ҳимояловчи аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда пистанинг ҳосилдорлигини ошириш, ёнғоқларини сифатини оширишга қаратилган тадбирлар селекцион асосда ўтказилиши лозим.
Бунинг учун табиий пистазорлардаги ёш дарахтларни пайвандлаш орқали сифатини ошириш, маданийлаштириш, пистанинг плюсли дарахтларини танлаш улар 3-4 ёшида пайвандлаш, пистазорларда минерал ўғитларни қўллаш улар самарадорлигини оширади.
Республикамизда ҳам пистачиликни ривожлантириш, энг сара навлар ва шакллар асосида саноат плантацияларини барпо этиш, Эрон ва Туркияда қўлланилаётган илғор агротехникани (томчилатиб суғориш) қўллаш, инсон учун қимматли писта мевасини янада кўпроқ ҳажмда етиштириш имконини беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |