16.3.3. Алоқа канали частоталар характеристикасини тўғрилаш
Алоқа канали орқали сигнал узатилганда реал шароитларда кириш сигнали шакли албатта қисман бузилади. Бу бузилишлар натижасида рақамли алоқа тизимлари орқали дискрет хабарларни узатишда хатоликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Ушбу хатоликларни йўқотиш (ёки қисман камайтириш) учун алоқа каналининг сигналга таъсирини йўқотиш (камайтириш) талаб этилади, бунинг учун тескари идентификациялаш муаммосини ечиш керак бўлади (16.3б-расм). Алоқа канали таъсирида сигналлар бузилишини умуман йўқотиш (ёки камайтириш) учун, унинг частоталар характеристикасини тўғрилаш (тузатиш) керак бўлади. Ушбу вазифани бажарувчи тўғриловчи фильтрлар эквалайзерлар деб аталади.
Адаптив фильтрлардан эквалайзерлар сифатида фойдаланилганда намунавий сигнални олиш муаммоси юзага келади. Бу муаммо алоқа канали орқали маълумотлар узатишдан олдин, у орқали махсус созловчи сигналларни узатиш орқали ечилади. Ушбу созловчи сигнал сифатида “1” ва “0” лар тасодифийсимон кетма-кетлигидан фойдаланилади. Созловчи сигнални шакллантириш алгоритми кўп ҳолларда қайдлаш томонида маълум бўлади ва уни қабуллаш томонида мустақил генерациялаш ва ундан намунавий сигнал сифатида адаптив фильтрни бошқариш (ўргатиш, ўқитиш) учун фойдаланиш мумкин. Бу иш ҳолати адаптив фильтрни бошқариш (ўргатиш, ўқитиш) иш ҳолати деб аталади (16.6-расм).
16.6-расм. Алоқа канали частоталар характеристикасини адаптив фильтр ёрдамида тўғрилаш.
Алоқа канали орқали созлаш сигнали узатиш тугаллангандан сўнг асосий маълумотларни узатиш иш ҳолатига ўтилади. Бунда қабуллаш қурилмаси кириш сигналини баҳолаш иш ҳолатида бўлади. Намунавий сигнални олиш учун рақамли алоқа тизимларида сигналларнинг шакл (кўриниш)лари чекланганлигидан фойдаланилади. Навбатдаги оний қиймат қабул қилингандан сўнг унга яқин бўлган рухсат этилган қиймат қидириб топилади. Бу сигналдан намунавий сигнал сифатида фойдаланилади. Ушбу сигнал ва қабул қилинган сигнал орасидаги фарқ хатолик сигнали бўлиб, ундан адаптивлаштириш учун фойдаланилади. 16.7-расмда юқоридаги фикрлар 16-ҳолатли квадратура манипуляцияли сигнал мисолида акс эттирилган.
16.7-расм. Баҳолаш иш ҳолатида намунавий сигнални ва хатолик сигналини шакллантириш.
Эквалайзер бошқариш иш ҳолатида созлангандан сўнг, фильтр чиқишидаги шовқин шундай катталикка эга бўлиши мумкинки, энг яқин турган рухсат этилган нуқта сақланиб қолади (хатолик эҳтимоллиги кичик), бу иш ҳолатида адаптив фильтр ўз барқарорлигини сақлаб қолади.
Do'stlaringiz bilan baham: |