ҲИНДИСТОН МИНИАТЮРА МАКТАБИ - Ўрта асрларда Ҳиндистонда шаклланган миниатюра услублари. Деворий рассомлик санъати тушкунликка учрагач, мамлакатнинг турли туманларида ривож топган (ХI-ХIХ асрлар). Муҳимлари:
ГУЖАРОТ миниатюра мактаби (ХI-ХVI асрлар)- миниатюралари диний китобларга ишланган иллюстрациялардан иборат. Илк даврларда пальма баргларига чизилган, матн ҳам ёзилган. ХIV асрнинг 2-ярмидан қоғозга ишланган, олдинги содда композициялар анча мураккаблашган, фонда архитектура элементлари манзара акс эттирила бошлаган. Гужарот шоҳлари даври миниатюраларида тасвир жонлилиги, расм тиниклиги, безак деталлари кўпайгани кўзга ташланади. Гужарот миниатюраси РАЖПУТ миниатюра мактабининг илк даврларига таъсир кўрсатган.
РАЖПУТ (ёки Рожастхон) миниатюра мактаби (16-19-асрлар) – Рожастхонда ва Марказий Ҳиндистонда шаклланиб ривож топган асосий марказлари: Мевар, Марвар, Бунди, Кишангар, Мальва ва бошқа жойларда. Миниатюралар диний мазмунда: Кришнага эътиқод (муҳаббат билан худонинг висолига эришиш) ифодаланган. «Раги» (ёки «рагини») жанри фаслларга, об-ҳавога бағишланган куйларга иллюстрациялардан иборат, уларда табиат кўрки нафис акс эттирилган.
БОБУРИЙЛАР миниатюра мактаби (ХVI асрнинг 2 - ярми – ХVIII аср) - Бобурийлар саройида шаклланган (бу мактаб Оврўпада Муғул миниатюра мактаби номи билан машҳур). Эрон ва Марказий Осиё миниатюраси анъаналари маҳаллий анъаналари билан уйғунлаштирилган, шу даврларда Оврўпалик рассомларнинг Ҳиндистонга олиб келинган картиналари таъсири ҳам кўзга ташланади. Дастлабки даврда миниатюрачилар Ҳиндистонга таклиф этилган табризлик Мир Саид Али, шерозлик Абдусамад ва бошқа рассомлар бошчилигида ижодий меҳнат қилганлар. Мактаб ХVI асрнинг 2 – ярмида, Акбаршоҳ даврида шаклланиб, Шоҳжахон даврида юксак даражага кўтарилган. Илк даврларда қўлёзма китобларнинг мазмунига асосланишга, конкрет тарихий шахсларни реал акс эттиришга, воқеаларни тўғри ифодалашга аҳамият берилган. Воқеа, кўп фигурали композициялар шартли манзара фонида ифодаланган («Бобурнома», ХVI аср охири). Аста-секин миниатюра дастгоҳли санъатга айлана борди. ХVII асрнинг 2-чорагида анималистика жанри ривожланди: гул, ҳайвон, қушлар тасвирига кўпроқ аҳамият берилди. ХVIII асрга келиб реал борликдан анча узоқлашилган, расмлар туссизлашган, лекин кўпгина миниатюраларда эркак ва аёлларнинг кийимлари деталларигача аниқ кўрсатилган. Бобурийлар миниатюра мактаби Шимолий Ҳиндистон ва ДЕКАН миниатюрачилари ижодига катта таъсир кўрсатган.
ДЕКАН миниатюра мактаби (ХVI-ХVIIасрлар) маҳаллий анъаналар, айниқса, қадимий деворий рассомлик анъаналари Эрон, Марказий Осиё, турк миниатюралари анъаналари билан уйғунлаштирилиши оқибатида вужудга келган. Ёрқин бўёқ, бўёқларнинг контрастлиги, безак тарзидаги тасвирлардан реал манзаралар ҳосил қилинган, реалистик руҳдаги портретлар, маиший лавҳалар яратилган. Ғимолай тоғ туманларида «ПАХАРИ» («Тоғ») номи билан аталган миниатюра мактаби (17-19-асрлар) ҳам машҳур.
Do'stlaringiz bilan baham: |