КИТОБ БАДИИЙ БЕЗАГИ – китоб санъати. Қадимдан китоб тузиш иши билан турли ҳунар эгалари машҳур бўлганлар. Китобни саҳифаларини тайёрловчи ҳунарманд саҳҳоф ёки варроқ деб аталган. Жилдсоз чаримдан жилд ясаган. Тайёр қоғоз саҳифасига хаттот асар матнини кўчирган, лаввох эса унинг саҳифаларни рангли жадвал билан зийнатлаган. Китобнинг биринчи икки саҳифасига сарлавҳа /унвон/ ишланган. Унвон /титул/ нақшлар билан безалган, ундан кейин китоб тасвир тушириш керак бўлса, мусаввирга топширилган. Мусаввир олдин нозик чизиқлар билан суратни устихонини /композициясини/ чизган, сўнгра ранг берган.
КЛАССИК САНЪАТ – мумтоз санъат, кўп йиллар мобайнида халқ томонидан обрў қозониб, намуна сифатида қўлланилиб келинаётган мумтоз, биринчи даражали, намунали санъат.
КОЛОРИТ - /итальянча colorito, лотинча color – ранг, бўёқ маъносида/- тасвирий санъатда реал ҳаётни хаққоний акс эттириш учун ишлатиладиган рангларнинг ўзаро мутаносиблигини, нисбати. Рассом асарида ғояни, образни ифодалашда бўёқларга алоҳида аҳамият билан қарайдиган санъаткор колорист рассом деб аталади. Ўзбекистонлик рассомлардан Ў.Тансиқбоев, Н.Г.Карахан, З.М.Ковалевская, Ч.Ахмаров, М.Саидов ва бошқалар Ўзбекистон манзаралари, замон кишилари қиёфасини ифодалашда рангга алоҳида аҳамият берадилар.
КОНТРАСТ - /франц. коntrаstе – кескин зиддият/ Қора ранг оқ ранг олдида яна ҳам қорароқ кўринади; иссиқ нарсани сезиш кетидан совуққа сезгирлик кучаяди ва ҳ.к.
КОНТУР - /франц. коntоir/ предметнинг умумий шаклини тасвирловчи кўриниш, абрис, чизиқ.
КОРОПЛАСТИКА - ҳайкалтарошлик тури, сопол ҳайкалчалар, сопалак.
КОМПОЗИЦИЯ /лотинча composition – тузиш, қуриш маъносида/ - этюд ёки сурат қурилиши, қисмларининг мувофиқлиги. Натурани тасвирлашда: жисмларни танлаш ва кўриш, кўз қарашнинг энг мос нуқтасини топиш, ёруғлик, шакл ўлчамларини аниқлаш, композицион марказни пайдо қилиш ва унга асарнинг иккинчи даражали қисмларини бўйсиндиришдир.
Картина яратишда: мавзуни танлаш сюжет устида ишлаш, асар ўлчамини топиш, тасвирдаги шахсларни ички кечинмалари, бир-бирига бўлган муносабатлари, ҳолатлари, ҳаракатлари, маънодорлиги, оҳангдорликни қўллаш - булар ҳаммаси суратни композицион кўришнинг асосий қисмлари бўлиб, рассом фикрини мақсадли бажарилишига хизмат қилади. Бундай композицияда ҳамма нарса ҳисобга олинади: жисмлар миқдори ва уларнинг вазни, оҳанги, перспектива, уфқ чизиғи ва тасвирга кўзнинг қараш нуқтаси, суратдаги бўёқ рангларининг бир-бирига мос келиши, уларнинг қараш йўналиши, жисмларнинг перспектив қисқариши, ёруғ соянинг тақсимланиши, ҳолати ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |