Ахборотли таъминлаш – ўқув ахбороти ва қайтар алоқани етказиб беришнинг йўл ва воситаларини амалга ошириш. Бунда йиғилган ахборот жараёнининг боришини тезкорликда ўзгартиришни, таъсир кўрсатадиган рағбатлантирувчи омилларни, самарали воситаларни киритишга имкон беради.
Назорат, баҳолаш ва ўзгартириш киритиш – ривожланиш жараёнига таъсир кўрсатадиган рағбатлантирувчи омилларни яратиш, педагогик таъсир этиш объекти ўзгаришини мувофиқлаш.
Тугалланган жараён таҳлили – самарасизликни, уларни пайдо бўлиш сабабини аниқлаш, келгуси такрор ишлаб чиқиладиган даврда унга йўл қўймаслик чораларини аниқлаш.
ХУЛОСА
Ушбу монографияни хулоса қилар эканмиз, шуни айтиб ўтиш жоизки, модулли таълим технологияси бугунги кунда хорижда ва республикамизда энг замонавий таълим турларидан бири эканлигини эътироф этиш жоиздир. Ҳақиқатдан ҳам, модулли таълим технологияси ақлий ҳаракатларнинг босқичма-босқич шаклланиши назариясининг бош тушунчаси – фаолиятнинг йўналтирилганлигига қаратилганлиги ва унда ҳаммаси олдиндан режалаштирилган бўлишлиги билан замонавий усуллар орасида эътирофга созоварлисидир. Чунки, модулли ўқитишнинг мақсади: таълим мақсади, мазмуни, усули ҳамда воситаларини талабанинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда мувофиқлаштиришдан иборат бўлиб, унинг асосий вазифаси эса, тугалланган ахборотлар блокини, ўқув дастурларини тўла, қисқа ёки чуқурлаштирилган табақалаш орқали бўлакларга бўлиб ўқитиш имкониятини яратишдан иборатдир.
Модулли таълим назоратнинг рейтинг тизими билан чамбарчас боғланган бўлиб, модул қанчалик катта ва муҳим бўлса, баллар ҳам шунча юқори қилиб белгиланади ва ҳаққоний бўлади.
Модулли технологиядан фойдаланиб ўқув машғулотларини лойиҳаларини тузиб ўқитиш назарий томондан асосланган бўлиб, унда, таълим тизимида жорий этилаётган модулли технологиялар бугунги кунда ўзига хос аҳамиятга эга бўлиб, уларни такомиллаштириш ва самарадорлигини таъминлаш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкинлиги, талабанинг билим, кўникма ва малакалари шаклланишини таъминлаб беришлиги ва талаба модуллар билан ишлаш жараёнида ўқув-билув фаолияти олдига қўйилган мақсадга мустақил равишда тўлиқ эришиши асосланди.
Монографияда узлуксиз таълим тизимида фанларни ўқитишнинг замонавий концептуал асослари ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, ўқитишга технологик ёндашув, таълим технологиясининг модели, ўқитишда анъанавий ва шахсга йўналтирилган таълим технологиялари ва унинг ўрни ва аҳамияти кўрсатиб берилган. Модулли таълим технологияси тамойиллари асосида дарсларни режалаштириш ва лойиҳалаштириш илмий асосланган, дарс машғулотларини лойиҳалаш ва таълим амалиётига жорий этиш методикаси ишлаб чиқилган ҳамда узлуксиз таълим тизимида ўқитишнинг хусусий-методик технология ва интерактив методларни ўқитиш жараёнига қўллаш йўллари кўрсатиб берилган.
Шунинг учун ҳам, таълим тизими бошқарувининг жонкуяр мутасаддилари томонидан педагогик технология ва унинг таркибий қисми бўлган модулли ўқитиш технологияси асосида ўқув машғулотлари лойиҳаларини тузиб, таълим жараёнини ташкил этилишини куннинг долзарб масалаларидан бири этиб қўйилиши, қолаверса профессор-ўқитувчи ва педагогларимиз бу технологиянинг мазмун-моҳиятини тушунган ҳолда таълимдаги фаолиятларини ташкил этсалар, таълим сифати ва самарадорлиги кескин ошишни кафолатлайди.
Ушбу монографияда келтирилган фикрлар лойиҳа ижрочилари томонидан 2015 йил “Fan va texnologiya” нашриётида чоп қилинган муаллифлар М.Тожиев, М.Баракаев, А.Хуррамовларнинг “Математика ўқитиш метоликаси фани ўқув машғулотлари лойиҳаси” ўқув ва илмий-услубий қўлланмаси [26], 2015 йил “Fan va texnologiya” нашриётида педагогика фанлари доктори М.Тожиевнинг умумий таҳрири остида чоп қилинган муаллиф Н.Бекниёзовнинг “Ўқитувчи нималарни билиши керак” ўқув- методик қўлланмаси[14] ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2016 йил 25 августидаги 355-сонли буйруғи билан “Математика ўқитиш методикаси” таълим йўналишининг талабалари (ўқитувчилари) учун тавсия этилган ва “Fan va texnologiya” нашриётида чоп қилинган муаллифлар М.Тожиев, М.Баракаев, А.Хуррамовларнинг “Математика ўқитиш метоликаси” ўқув қўлланмаси[14]ларда батафсил ёритилган ва таълим амалиётига сингдирилмоқда.
Берилган фикрларни барча ўқитувчи (педагог)лар яхши ўзлаштириб олиб, амалиётда тинмай қўллаб борсаларгина жамиятимиз маорифчилар олдига қўяётган ижтимоий буюртмани, фахр билан, бажара олишга муваффақ бўладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |