Ортиқча қувватлар. Ортиқча қувватлар, яъни мавжуд фойдаланилмайдиган асосий капиталнинг кўпайиши, янги инвестицион товарларга талабни ва натижада ялпи талабни камайтиради. Ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланилганда тадбиркорлар кўпроқ машина ва ускуналар сотиб олишга тайёр бўлади, демак инвестицион сарфлари кўпаяди.
Давлат сарфлари. Нархларнинг мавжуд даражасида, миллий маҳсулотда давлат харидининг кўпайиши ялпи талабнинг ўсишига олиб келади. Бунга давлатнинг ўз армиямизни тузиш тўғрисидаги қарори мисол бўла олади. Давлат сарфларининг камайиши ялпи талабнинг қисқаришига олиб келади. Масалан, янги автомобиль йўли қуришга давлат сарфларининг қисқариши шундай натижага олиб келади.
Соф экспортдаги ўзгариш. Соф экспортнинг кўпайиши ялпи талабни ҳам кўпайтиради. Биринчидан, экспортнинг юқори даражаси, чет элларда бизнинг товарларга бўлган талабни оширади. Иккинчидан, импортнинг қисқариши ўз товарларимизга ички талабнинг кўпайишини тақозо қилади. Соф экспорт ҳажмини аввало чет давлатлардаги миллий даромад ва валюта курслари ўзгартиради. Чет мамлакатларда даромадлар даражаси ошганда, уларнинг фуқаролари ҳам ўзларининг товарларини ва ҳам чет элларда ишлаб чиқарилган товарларни кўпроқ миқдорда сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Чет элларда миллий даромаднинг камайиши эса қарама-қарши натижа беради: бизнинг экспортнинг соф ҳажми қисқаради.
Валюта курслари. Бошқа валюталарга нисбатан миллий пул курсининг ўзгариши соф экспортга ва демак ялпи талабга таъсир кўрсатади. Фараз қилайлик, иенанинг доллардаги нархи ўсади. Бу шуни билдирадики, доллар иенага нисбатан қадрсизланади ва иена курси кўтарилади. Доллар ва иена ўртасидаги янги нисбат натижасида япониялик истеъмолчилар иенанинг маълум суммасига кўпроқ доллар олиши мумкин. Демак, япониялик истеъмолчилар учун америка товарлари японияникига қараганда арзонроқ бўлади. Шу билан бирга америкалик истеъмолчилар долларнинг маълум суммасига камроқ япония товарларини сотиб олиши мумкин. Бундай ҳолда кутиш мумкинки, Америка экспорти ўсади, импорти камаяди. Соф экспортнинг кўпайиши ўз навбатида АҚШ ялпи талабининг кўпайишига олиб келишини билдиради.
Бозор механизмида талаб ва таклиф муҳим ўринни эгаллайди ва кўзга кўринмас кучга эга. Талаб - бу шунчаки эҳтиёж эмас, балки тўловга қобил пул билан таъминланган эҳтиёждир. Эҳтиёж - кишиларнинг ҳаётий воситаларга заруриятини, тараққиётнинг ҳамма босқичлари учун умумий ва доимийликни ифодаловчи илмий категория. Унинг бозор иқтисодиёти шароитида ифодаланиши «талаб» тушунчасидир.Талаб эҳтиёждан фарқ қилиб, мустақил иқтисодий категория сифатида амал қилади. Эҳтиёжнинг фақат пул билан таъминланган қисми талабга айланади.Демак, талаб - бу пул билан таъминланган эҳтиёждир. Бозорда харидор ўзига зарур бўлган нарсаларни сотиб олиб, эҳтиёжларини қондиришга интиладилар. Аммо киши эҳтиёжларининг қай даражада қондирилиши унинг муайян товарга бўлган талаби, аҳолининг пул даромадлари ва унинг ўзгаришига, бозор ҳажмига, бозордаги молларнинг нархларига, истеъмолчиларга бериладиган имтиёзлар каби омилларга боғлиқ бўлади. Буларнинг ичида талабни аниқлаб берадиган асосий омил бу товарнинг баҳосидир.Чунки бу омил талабнинг у ёки бу томонга қараб ўзгаришига олиб келади.Хўш, талабнинг ўзи нима? Талаб - бу истеъмолчининг муайян жойда ва муайян вақтда товар ёки хизмат сотиб олиш истаги ва имкониятидир. Бошқача айтадиган бўлсак, бу пул билан таъминланган эҳтиёж, яъни тўловга қодир эҳтиёждир. Айнан мана шу эҳтиёжга қараб бозорга чиқарилиши лозим бўлган товарнинг миқдори ва ассортименти аниқланади. Талаб истеъмолчи сотиб олиш қобилиятига эга бўлган товар миқдорини белгилаб беради.Демак, талабни истеъмолчи томонидан товарларни сотиб олиш мумкин бўлган баҳо сифатида кўришимиз ҳам мумкин.Товар баҳоси билан харидор сотиб олиши мумкин бўлган товар миқдори ўртасидаги боғланишни кўриб чиқамиз. Талаблар ҳар хил бўлиб, бир хил товар ёки хизматларга бўлган талабнинг икки тури фарқ қилинади: якка талаб ва бозор талаби.
Do'stlaringiz bilan baham: |