Доцент Э.Мустафаев: - Жиззах политехника институти тадқиқотчиси Ибайдуллаев Темур Гайбуллаевич ҳақиқатдан бугунги кунда энг долзарб мавзулардан бири устида тадқиқот олиб борган. Диссертация либосни миллий маданият тараққиётининг муҳим феномени эканлигига бағишланган. Унда муаллиф аҳоли истеъмол маданиятини шакллантиришнинг ижтимоий-фалсафий муаммоларини тадқиқ этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Диссертациянинг илмий аппарати кириш, олтита параграфни ўз ичига олган учта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан ташкил топган. Асосий матнида диссертант қарашлари қуйидагича ифодасини топган.
Тадқиқотнинг Кириш қисмида мавзунинг долзарблиги ва зарурати, муаммонинг ўрганилганлик даражаси, илмий янгилиги асосланган, тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг асосий устувор йўналишларига боғлиқлиги, объекти, предмети, методлари, мақсади ва вазифалари аниқланган, нашр этилган ишлар, диссертациянинг тузилиши бўйича маълумотлар келтирилган.
Диссертант тадқиқот ишида ўз олдига истеъмол маданияти муаммоларига қаратилган тадқиқотлар эволюциясини кўриб чиқишни, истеъмол маданиятининг ижтимоий-фалсафий таҳлилининг услубиятини ишлаб чиқишни, “истеъмол маданияти” тушунчасини аниқлаш, таърифлар бериш, унинг асосий шаклларини ажратиш, таркибий-функционал мезонлари ва таснифини кўрсатишни, истеъмол маданиятини шакллантиришда анъана, тарих ва маънавий мероснинг ўрнини ёритиб беришни, истеъмол маданиятини шакллантиришнинг усул ва воситаларини кўрсатиб беришни, истеъмол маданиятининг мамлакатимизга хос бўлган миллий хусусиятларини ёритиб беришни ва истеъмол маданиятини шакллантириш механизмида ижтимоий институтларнинг ўрнини кўрсатиш ва уларнинг бу борадаги фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишни вазифа қилиб қўйган.
Диссертациянинг “Истеъмол маданиятининг ривожланиш эволюцияси ва уни ўрганишнинг назарий-методологик асослари” деб номланган биринчи бобида истеъмол маданиятининг ривожланиш тарихи ва уни ўрганишнинг назарий-методологик асосларига бағишланган бўлиб, Истеъмол маданияти назарияси, унинг тарихий пайдо бўлиши ва ривожланиш тенденциялари таҳлил қилинган. Шунингдек, ушбу бобда истеъмолчи тушунчаси ва жамиятда истеъмолчи мақомининг ижтимоий-фалсафий мезонлари ҳамда истеъмол маданияти ва истеъмолчиларнинг xатти-ҳаракатларини таҳлил қилишнинг фалсафий-методологик асослари ёритилган.
Диссертацияда келтирилган истеъмолчилар маданиятига Ф.Фукуяма, Ж.Баудриллард, М.Феатҳерстоне, П.Стеарнс, Т.Адорно, С.Зизекларнинг фикрларини таҳлили жуда яхши ёритиб берилган. Бу эса диссертантнинг ютуғидир.
Диссертациянинг “Ўзбекистонда аҳоли исътемол маданиятини такомиллаштириш истиқболлари ва унинг ижтимоий-фалсафий масалалари” деб номланган бобида, аҳоли истеъмол маданияти ривожида меъёрий-ахлоқий нормалар ролини ошириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнлари, ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ ва товар айирбошлаш омилларининг истеъмол маданияти ривожланишига таъсирининг ижтимоий-фалсафий масалалари ижтимоий-фалсафий жиҳатдан таҳлил қилиб берилган.
Бундан ташқари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш аҳоли истеъмол маданияти ривожига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатиш омиллари ишлаб чиқилган бўлиб, қонун устуворлиги асосида истеъмол маданиятининг шаклланиши ва ривожланиши ўз навбатида жамият иқтисодий ҳаёти ва ишлаб чиқаришини юксалишини таъминлаши ёритиб берилган.
Диссертациянинг “Аҳоли истеъмол маданиятини шакллантиришнинг назарий-амалий механизмлари” деб номланган учинчи бобида давр нуқтаи назардан аҳоли истеъмол маданияти юксалишига таъсир кўрсатувчи анъанавий ва замонавий йўналишдаги усул-воситаларни қиёсий таққосланган, янгича маънавий, иқтисодий, ҳуқуқий тафаккур ва фалсафий дунёқарашга эга шахс истеъмол маданиятининг ҳаётдаги ўрнини янгича тушунишга кенг имкон бериши ва уни юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастурини кенг кўламда амалга ошириш, аҳоли истеъмол маданиятини такомиллаштиришнинг инновацион, педагогик ва дидактик масалалари ижтимоий-фалсафий жиҳатдан таҳлил қилиб берилган.
Аҳоли истеъмол маданиятини шакллантиришга қаратилган анъанавий урф-одатлар, миллий қадритларнинг ўзига хос хусусиятлари бўйича асосланган янги илмий хулосалар, истеъмол маданиятини шакллантириш жараёни тарбия, таълим ва тарғибот сингари усул-воситалар ёрдамида амалга оширилиши ҳамда ушбу усул-воситаларнинг мазмун-моҳияти бўйича конструктив аҳамиятга эга бўлган хулосалар ишлаб чиқилган.
Ҳозирги замон фан-техниканинг ривожланиши, ишлаб чиқариш салоҳиятининг ортиши, талаб ва таклиф ва миқдор ва сифат қонунлари ўзгариб турса ҳам инсон эҳтиёжининг етарли даражада қондирилишига олиб келиши, инсонлар қобилиятининг эркин намоён бўлиши учун шаклланаётган янгича сиёсий-иқтисодий тафаккур, фалсафий дунёқараш ва ҳуқуқий онг истеъмол маданиятининг жамият ва шахс ҳаётидаги ўрнини янгича тушунишга имкон бериши, аҳоли истеъмол маданиятини шакллантириш ҳамда такомиллаштириш бир қатор омиллар(иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ташкилий, психологик, педогогик)га боғлиқлиги хусусидаги таклиф ва хулосаларга келинган.
Диссертант ўзи илмий ва руҳий-маънавий солоҳиятига асосланиб ушбу илмий тадқиқотда муаллифлик концепциясини тақдим этган. Диссертация матнида иложи борича далилларга асосланишга ҳаракат қилган. Диссертациянинг якунида баён этилган умумий хулосалари ва илмий мулоҳозаларга асосланган. Шу билан бирга диссертация баъзи камчиликлардан ҳам ҳоли эмас. Ушбу камчиликлар шахсий фикрларимиз бўлиб, диссертациянинг умумий савиясига путур етказмайди. Булар, биринчидан, мавзунинг ўрганилганлик даражаси қисмида бир қатор олимлар келтирилган, лекин баъзи олимларнинг асарларида мавзуга доир муаммолар ёритилганлигига ҳаволалар келтирилмаган; иккинчидан, диссертацияда тушунчаларнинг таҳлилий изоҳларига кўпроқ тўхтанилган.
Хулоса қилганда юқоридаги кўрсатилган камчиликлар диссертация илмий савиясига катта таъсир этмайди, диссертацияни ижобий баҳолаш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |