«Мен» ─ ичимдаги қумурсқа
...Нехлюдов ўз умрида, унинг таъбирича, бир неча бор «қалбини покизалаб олган» эди. Баъзан, орадан анчагина вақт ўтгач, у маънавий ҳаёти сусайиб ёки турғунликка учраб қолганини ҳис этар ва кўнглида йиғилиб қолган бу турғунликка сабаб бўлган барча ифлосликларни тозалай бошларди. Ана шундай аҳволни «қалбни покизалаш» деб атарди...
Князь олий доирага мансуб. Бу доиранинг барча хислатлари ─ манманлик, худбинлик, молпарастлик, ҳашамат ва пулга ўчлик уни доимий таъқиб этса-да ва кўп ҳолларда ўзига бўйсундира олса-да, ундаги инсонийлик, ҳаётнинг чин маъносини излашга интилиш бутунлай жон бермаган. Ўзлигини англашга, умрининг асл мотивини ахтаришга бўлган интилиш унда уйғониб туради, қамоқхона ҳаёти билан танишгандан кейин эса бу жараён янада кучаяди. Аммо олий доиранинг жимжимали ҳаётидан воз кечиш, умрни шунчаки яхши инсон бўлишга бағишлаш осон кечмайди. Бу ҳолатни Толстой қуйидагича тасвирлайди: ...уйқуга тўйиб уйғонган одам ўзини кутиб турган муҳим ва қувончли ишни бажариш учун аллақачон туриши кераклигини билса-да, уйқуси келмаётганига қарамай, тўшакда роҳатланиб яна ётгиси келади...
Ўз саволларига жавоб қидирган Нехлюдов шахсий эҳтиёжлари атрофида ўралашиб қолган кишилар умрини асл миссиясидан чалғиганларга қиёслайди: хўжайинининг ишини қилинглар деб боққа юборилган боғбонлар боғни ўзларининг хусусий мулклари деб хаёл қилганлар, улар боғдаги жамики нарсаларни ўзлари учун қилинган деб билишган. Шунинг учун ишимиз хўжайинни эсдан чиқариб, хўжайинни ҳамда хўжайиннинг олдидаги бурчни эслатувчиларни ўлдириб, боғда гашт қилиб яшашдан иборат, деган фикрга келишган...
Нехлюдовнинг дўсти, Сенат котиби Селенин мисолида ички уйғоқлик кўрсатилади. Унинг оилавий ҳаётидан ҳам, ишидан ҳам, боринг-ки, ана эътиқод қиладиган динидан ҳам кўнгли тўлмайди. Бу кўнгли тўлмаслиқ, қониқмаслик ҳисси аслида ношукрлик ёки ношудлик эмас. Балки, аксинча, ўзидаги камчиликларни кўра олиш, улардан кўз юммасликдир...
Одатийлик, ўзи кўниккан қобиққа кўникиб яшаш, комфорт зонасидан чиқа олмаслик, ҳаётдан қониқиш ҳис қилиб ёки қониқаётгандек ўзини кўрсатиб яшаш осон, лекин бу ўлимга олиб боради, руҳий таназзулга етаклайди.
Нехлюдовнинг таъбирича, ҳар кимнинг ичида бир қумурсқа бор ─ бу асл «мен». У баъзида ғимирлаб, тўғри гапни айтиб туради, лекин биз шаҳвониятга шунчалар қулмизки, бу қумурсқани эшитиб-эшитмаганликка оламиз, овозини ўчиришни истаймиз. Ваҳоланки, бу қумурсқани уйғотиш, қайта мудрашига изн бермаслик керак. Асл тирилиш, инқилоб шундай рўй беради.
Do'stlaringiz bilan baham: |