1.2. Жанубий ҳудудлардаги демографик жараёнларига Россия империяси мустамлакачилик сиёсатининг таъсири
Россия Ўрта Осиёни истило қилиб, ўзининг сиёсий таъсирини ўтказиши туфайли, рус аҳолисини Туркистон мустамлака ҳудудига кўчириб келтириш бўйича муҳим аҳамиятли тадбирларни амалга оширди. Шунингдек, Чор Россиясининг сиёсий манфаатларига қарши бўлган марказий ҳудудлардаги исёнчи аҳолини ва давлат жиноятчиларини ҳам Туркистонга кўчириш ва шу туфайли, марказни жиноятчи унсурлардан тозалаш масаласи ҳам ҳал этилди. Натижада Закаспий темир йўлининг қурилиши, Амударё бўйлаб 1887 йил 13 ноябрда кема қатновини очилиши натижасида ХХ аср бошида Бухоро амирлигига рус ишбилармонлари, савдогарлари, амалдорлари, ҳунармандлар, ишчилар ва исёнчилар оқиб келиши кучайган. Улар томонидан ташкил этилган рус манзилгоҳларига янги Бухоро (Когон), янги Чоржўй, Керки, Термиз, Амиробод, Фороб, Сарой каби номлар қўйилишига асос солинди. Бу манзилгоҳларда ХХ аср бошида 60 мингга яқин рус фуқаролари (руслар, украиинлар, ўзбеклар, тожиклар, татарлар, арманлар ва бошқалар) рус ҳарбийлари яшаган70.
Туркистон генерал-губернатори К.П.Кауфман 1873 йилда Туркистонга кўчиб келаётган аҳолини жойлаштириш бўйича махсус комиссия тузди. Россиядан кўчириб келинаётган аҳолини жойлаштириш бўйича Бухоро амирлиги билан тузилган 1868 йилги ва 1873 йилги шартномаларга таяниб, Бухоро бозорларига тўла ҳукмроликка эга бўлиш ҳамда рус фуқароларини қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилди. Россия ҳукумати Туркистонга кўчиб келаётган русийзабон аҳолининг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий турмуш тарзини назорат қилиш мақсадида, 1881 йил 10 июлда “Деҳқонларнинг бўш ҳукумат ерларига кўчиб бориши тўғрисида муваққат қоидалар”71, 1883 йилда кўплаб кўчиб келувчиларни тартибга олиш бўйича қонун, 1886 йил 12 июлда Россиядан кўчиб келувчиларни Туркистонга жойлаштириш бўйича Александр III томонидан имзоланган қонунларни қабул қилди. Ушбу қонунларда русийзабон аҳолининг Туркистонга кўчиб келишини иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ҳимоя қилиш билан бир қаторда, уларнинг фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи ҳам ҳал этилди72. Россия Ўрта Осиёни истило қилгандан кейин, оммавий тарзда мустамлака ҳудудига савдогарлар, ишбилармонлар, хизмат юзасидан жўнатилган аҳоли билан бирга, қочоқлар ҳамда жиноий гуруҳлар ҳам иш топиш ва яшаш илинжида кела бошлади. Натижада Россия империяси Туркистондаги ижтимоий-сиёсий аҳволни назоратга олиш мақсадида, 1889 йил 13 июнда “Қишлоқдаги ерсиз аҳолини подшоликка қарашли ерларга ихтиёрий кўчиши ва мазкур табақаларга мансуб бўлган аҳолини чекка ўлкаларга жойлаштириш тартиби ҳақида” махсус қарор қабул қилди73. Ушбу қарор натижасида Туркистон ўлкасига Россия марказидан ерсиз аҳолини оммавий тарзда кўчиб келишига имконият яратилди. Айниқса, 1890 йилларда Волга бўйи ва Россиянинг бошқа губерналарида юз берган очлик туфайли аҳолининг Туркистонга нон излаб кўчиб келиши ҳаддан ташқари ошиб, 1889-1891 йилларда Туркистонга 28911 оила ёки 100 мингдан ошиқ аҳоли кўчиб келиб жойлашди74. Россия ҳукмрон доиралари кўчиб келган русийзабон аҳолига солиқ соҳасида ва бошқа турмуш тарзи билан боғлиқ бўлган жараёнларга имтиёзлар бериб, маҳаллий аҳоли манфаатларини миллий камситиш асосида ўз сиёсатини ўтказди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Бухоро амирлигининг сиёсий жиҳатдан Россия таъсирига ўтиши натижасида, Шарқий Бухоро воҳасига ҳам русийзабон аҳолининг кўчиб келиб жойлашиши кучайди. Шунингдек, Россия ҳукумати Бухоро амирлиги, жумладан, Шарқий Бухоро воҳасига кўчиб келган русийзабон аҳолини ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиши билан биргаликда, маҳаллий аҳолига нисбатан миллий камситув сиёсатини мунтазам тарзда амалга ошириб борди.
Россия сиёсий агентлигининг олиб борган махфий ишлари натижасида, 1883 йил 23 июнда Россия-Бухоро амирлиги ўртасида «Темир йўл станцияси ва кемалар престани ёнидаги жойларда Россия фуқаролари учун манзилларни қуриш ҳамда аҳолини жойлаштириш» масаласида махсус битим имзоланди. Орадан маълум вақт ўтгач, ушбу шартномани Россия ҳукумати номидан Бухорода 1886 йил 3 мартда ташкил топган Россия сиёсий агентлиги бошлиғи Чариков ва Бухоро амирлиги номидан бош закотчи Остонақул Иноғом имзолади. Шартнома қуйидаги асосий тамойиллардан иборат эди:
1. Россия аҳолиси учун ажратилган манзиллар алоҳида режа асосида маҳаллаларга ажратилиб, ушбу уй-жой қурилиши режасини Туркистон генерал-губернатори ва амир томонидан шартнома билан тасдиқланиши таъкидланган. Ушбу шартномада шаҳарни маъмурий бошқариш ҳуқуқи, полиция маҳкамаси, санитария-соғлиқни сақлаш бинолари, сув таъминоти, кўприк, аҳоли яшовчи уй-жойлар, маъмурий бинолар қуриш билан боғлиқ ҳар бир ер-жой қоидалари ҳамда савдо, саноат ва уйлар, аҳоли томорқаларидан солиқ олиш ҳам белгилаб олинган75. Россия ихтиёрига ўтказилган манзиллар Бухоро амирлиги ихтиёрида, яъни амирлик мулки ҳисобланиб, фақатгина Россия ихтиёрига берилган мустамлака мулк деб ҳисобланган.
2. 1873 йилдаги шартноманинг 4, 8, 11 ва 12 моддаларига шартномага мувофиқ ажратилган манзиллар учун белгиланган ер участкалари рус фуқаролари томонидан Бухоро ҳукумати ёки Бухоро фуқаролари билан хусусий шартнома асосида сотиб олиниши белгилаб берилди. Сотиб олинган барча мол-мулк олдин Бухоро қозилари томонидан махсус ёрлиқ орқали расмийлаштирилиб, кейин Россия сиёсий агентлиги томонидан «тасдиқланарди».
3. Россия аҳолиси манзилларида, рус аҳолиси билан биргаликда маҳаллий аҳоли, шунингдек, Осиё давлатларидан келган фуқароларни ҳам махсус рухсатнома билан яшаш ҳуқуқи берилди.
4. Россия аҳоли манзилларида яшаш ҳуқуқини олган рус ва маҳаллий фуқаролар учун белгиланган томорқа қонуний белгилаб берилди. Саноатчи ва савдогорларга белгиланган омборлар, саноат корхоналарини қуриш учун 750 дан 1500 квадрат саженгача, бинолар қуришга 300 дан 750 квадрат саженгача, бозорда дўкон қуриш учун 5 дан 15 квадрат саженгача ер ажратишга рухсат берилди.
5. Шартномага мувофиқ Бухоро сиёсий агентлиги ва Бухоро амирлиги қозиси рухсати ҳамда тасдиқномаси асосида иморатлар қуриш, томорқа ва иморатлар режасини ишлаб чиқишга рухсат этилди76.
Қайд этилган шартнома моддаларини назорат қилиш, вақтинча ижро этилиши, Термиз темир йўл бекати яқинида аҳоли манзилларини, полиция бўлими, маҳаллий-маъмурий идораларни, ҳарбий бинолар, истеҳкомларни қуриш ишларини Бухоро сиёсий агентлиги зиммасига юклатилди77. Туркистон ҳудудидаги ишларни маъмурий бошқариш ва назорат қилиш Туркистон генерал-губернатори зиммасига топширилди. Бухоро мустамлакаларида Каспий орти темир йўли ўтказилиши билан Чоржўй ва Паттакесарда биринчи рус аҳоли манзиллари 1894 йил декабрида вужудга келди.
Россия ҳукумати Бухоро амирлиги ҳудудида жойлашаётган рус ва рус тилида сўзлашувчи аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, 1888 йил 23 июлда Бухоро амирлиги билан махсус шартнома тузди. Шартномани Бухородаги Россия сиёсий агентлиги ходими Чарыков билан Бухоро амири бош закотчиси Остоноқул Иноқ имзолаб, унда Россия фуқароларини Бухоро ҳудудларида тинч ва эркин яшаши, ҳаётларининг дахлсизлиги алоҳида ҳимояланган ҳамда бу масалаларнинг назорати, амал қилиш мажбуриятлари Бухоро амирлиги зиммасига юклатилган эди. Шартномада рус аҳолисини режа асосида жойлаштириш, ер участкаларини келишилган миқдорда белгилаш, уй-жой қуриш, хўжалик биноларини жойлаштириш тартиби Туркистон генерал-губернатори тасдиғи ҳамда Бухоро амири билан келишган ҳолда амалга ошириладиган бўлди. Россия ҳукумати келишилган битимга мувофиқ кўчаларни тартибли жойлаштириш, кўприклар, сув тармоқлари, полиция, ҳарбий, касалхона ҳамда таълим соҳасидаги иншоотларни қуриш, режа асосида жойлаштиришни ўз зиммасига олди. Бироқ ушбу иншоотларни қуриш ва ишга туширишда Бухоро амирлиги маблағидан ҳамда бепул, арзон маҳаллий ишчи кучидан фойдаланиш масаласи бош мақсад қилиб олинган эди. Россия ҳукумати рус савдогорлари саноатчилар ҳамда бой хонадонлари ҳисобидан савдо-саноат, маъмурий-хўжалик, санитария-касалхоналар, каби биноларни қуриш ишларини амалга оширди78.
Рус савдогарлари ва саноатчиларининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, 1895 йил Самарқанд-Термиз-Сарой қишлоқлари йўналишида божхона марказларини қуриб, четдан товар кириб келишининг олдини олди. Натижада Россиядан ишбилармон тадбиркор савдогарлар, судхўрлар, тижоратчилар Бухорога келиб, олди-сотди ишлари билан шуғулланиб, бебаҳо мол-мулкларни, харидорбоп маҳсулотларни арзон нархда сотиб олиб, бойлик орттириш йўлига ўтдилар. 1894 йиллардан бошлаб, турли тоифадаги рус аҳолиси Бухоро чегара ҳудудларида жойлашган ўтроқ аҳолига айлана бошлади79. Россиядан кўчиб келган аҳоли, асосан, Темир йўл бекатларида, дарё бандарларида, шунингдек, Бухоро, Қарши, Шаҳрисабз, Ҳисор шаҳарларида яшаган. Рус аҳолисининг тез кўчиб келиб жойлашиши Чоржўй, Янги Бухоро (Когон), Керки ва Паттакесарда яққол сезилди. Кўчиб келиб жойлашган аҳолининг асосий қисмини ижтимоий келиб чиқиши жиҳатидан аслзода рус аҳолиси, хизматчилар, зиёлилар, ҳарбийлар, йирик ва кичик савдогорлар, ҳунармандлар, ишчилар, темир йўлчилар ва бошқа тоифадагилар ташкил этар эди. Келгинди аҳоли ичида рус тилида гаплашувчи миллат вакиллари ҳам кўпчиликни ташкил этиб, улар, асосан, ҳунармандчилик, майда савдо, юк ташиш ва кичик хизматчи вазифаларини бажарган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, келгинди аҳоли билан ўтроқ маҳаллий халқ ўртасида мунтазам равишда миллий келишмовчилик ҳамда низо-жанжаллар юз бериб, миллий камситиш сиёсати ўз таъсирини яққол кўрсатиб турган. Маҳаллий аҳолига нисбатан паст назар билан қараш, унинг тили, маданияти, урф-одатларини менсимаслик келгинди аҳоли учун оддий бир ҳолатга айланган эди. Ҳарбий хизматдан бўшаган ҳарбийлар, кичик лавозимдаги амалдорлар, ўзига тўқ савдогорлар Кавказ ва Волга бўйидан келган деҳқонлар бутун Туркистонда бўлганидай, Бухоро амирлигида ҳам муқим ўтроқ аҳолига айланиб, хўжалик ҳаётига тўлақонли тарзда аралашиб борди. Энг ачинарлиси маҳаллий аҳолини ўзи яшаб турган жойдан қувғин қилиш, ҳосилдор ерларни тортиб олиш, янги ерларни ўзлаштириш ишларига тўла хўжайинлик қилинди. Бу масалаларни ҳал қилишда рус ҳарбий маъмурияти кучидан фойдаланилди80.
1894 йил декабрь ойида Бухоро-Афғон чегара чизиғини эгаллаш мақсадида Термиз шаҳрига 31-Амударё бригадасининг чегара қисмлари жойлаштирилиши натижасида, ҳозирги Термиз шаҳрига асос солинди. Термиз шаҳри Сурхондарёнинг Амударёга қуйилиш жойидаги учбурчак ҳудудни ўз ичига олиб, шаҳарнинг уч қисми, асосан, Сурхондарё ва Амударё сувлари билан ўраб олинган. Янги Термиз шаҳрига 1894 йиллардан бошлаб руслар асос солган. Россия ҳарбий қисми штаби Паттакесар қишлоғида бўлиб, бу қишлоқ қуюқ тиканли ўсимликлар зич ўсганлиги туфайли, ўсимлигини кесиб ўзлаштирилган ҳудуд Паттакесар номини олган. Паттакесарга дастлаб, ХVIII аср бошларида кўчманчи туркманлар келиб жойлашган. Россия томонидан ўзлаштирилган Паттакесарнинг юқори қисми кейинчалик қадимий шаҳар номи Термиз билан аталиб, Паттакесар Термиз шаҳрининг жанубий ҳудудига кирган. Ушбу ҳудуд Самарқанд-Мозори Шариф-Қобул савдо йўлидаги ҳарбий стратегик аҳамиятга эга бўлган қишлоқ ҳисобланган. Паттакесар Шарқий Бухородаги муҳим стратегик ҳимоя чизиғида қулай жойлашган бўлиб, тасодифий ҳужумлардан Амударё ва Сурхондарё билан ҳимояланар эди. 31-Амударё ҳарбий қисми Амударёни ва унинг қирғоқларини ҳимоя қилишда фаол хизмат қилди. Паттакесарда жойлашган ҳарбий қисмлар ҳимоясига таяниб, шошилинч равишда ҳарбий казарма, штаб маъмурий биноси, черков, зобитлар уйи ҳарбийлар учун тураржойлар, омборхоналар қурилди81.
Туркистоннинг истило қилиниши, Бухоро амирлигининг вассаликка айланиши, унинг ички ва ташқи сиёсатининг Россия тасарруфига ўтиши, айниқса, 1873 йилда Россия-Бухоро ўртасида тузилган шартномадан сўнг Бухоро амирлиги ҳудудига Россия фуқароларининг кўчиб келиши бошланди. Бухоро амирлиги билан алоқада бўлган рус савдогарлари ўзларининг шахсий савдо омборлари ҳамда манифактураларини очдилар. Бухоро-Чоржўй-Каттақўрғон-Термиз йўлининг қурилиши Россия фуқароларининг кўчиб келишига катта имкониятлар яратиб, 1895 йилда Термиз божхонасининг очилиши, Амударё флотининг ташкил этилиши оқибатида, Россиядан кўчиб келувчи фуқаролар учун шарт-шароитлар яратилди82.
1897 йилда Термиз чегара ҳарбий назоратини қўриқлаш мақсадида 100 нафар ҳарбийдан иборат 4-Оренбург казак полки олиб келиб жойлаштирилди. Полкни жойлаштириш мақсадида Солиҳобод қишлоғидан ер сотиб олиниб, 57 минг сўмга ҳарбий зобитлар учун тураржой бинолари ва 100 ўринли ҳарбий казарма қурилди. Шарқдаги Россия манфаатларини зудлик билан ҳимоя қилиш, янги ҳудудларни истило қилиш, Шарқий Бухоро бекликларини ўз манфаатларига тортиш, эркин савдо монополиясини юритиш учун Термизга Петро-Александровскийдан (ҳозирги Тўрткўл) 13-Туркистон темир йўл қуриш батальони ва Самарқанддан 3-Оренбург батареяси кўчириб келтирилди. Термиз ҳарбий маъмурияти маҳаллий аҳолидан Шеробод беклиги розилик хати билан 1200 (десятин) ботмон ер сотиб олиб, Термиз ҳарбий истеҳкоми бўлган бош қалъа 1905 йилда қуриб битказилди83. Ҳарбий қўрғон тўртбурчак шаклида, атрофи хандак билан ўралган тўртбурчакда таянч қалъалар бўлган, пойдевори тошдан бўлиб, девор пишиқ ва хом ғиштлардан кўтарилган, ҳимоя учун ўқчиларга туйнуклар қурилган.
Ўрта Осиё аҳолисининг сони, миллий таркиби, ҳудудий жойлашувини аниқлаш мақсадида Россия ҳукумати бир қатор тадбирларни ўтказди. 1897 йил кузида Россия империясининг Туркистон ўлкасида ўтказган биринчи умумий аҳоли рўйхатида аҳоли сони 5,3 миллион нафар деб рўйхатга олиниб, ушбу рўйхатдаги аҳолининг 35,75 фоизини ўзбеклар, 44,36 фоизини қозоқлар ва қирғизлар, 6,73 фоизини тожиклар, 4,98 фоизини туркманлар, 3,75 фоизини руслар, 2,26 фоизини қорақалпоқлар, 2,15 фоизини бошқа халқ ва элатлар ташкил этди. Бу эса Ўрта Осиё аҳолисининг миллий таркиби хилма-хил бўлганлигини кўрсатади84.
Шундай қилиб, «Термиз» қалъаси истеҳкомига асос солиниб, Термизда Рус чегара қисмлари, ҳарбий маъмурият ўзининг сиёсий-ҳарбий мавқеини анча мустаҳкамлади, 1894 йилдан Россия мустамлакасига айланиб борган Термиз Россия ташқи сиёсатининг энг муҳим ҳарбий-стратегик марказига айланди. 1900 йил 27 январда Чор Россияси ҳукумати талаби билан, Бухоро амири Сурхондарёнинг қуйи оқимида жойлашган Паттакесар-Солиҳобод ҳудудидаги ўзлаштирилмаган ерларни бепул фойдаланиш учун «ворислик акти»ни Россияга топширди85. Бунга 1894 йилдан кейин олинган ерларнинг ҳаммаси киритилди, натижада рус манзилларини қуриш учун кенг имкониятлар вужудга келтирилди. Бухоро амирлигида жойлашган Россия манзилларини бошқариш 1888 йил 25 августда Бухородаги Россия сиёсий агентлиги томонидан тасдиқланган «Олий ҳазрат» қоидалари асосида юритиладиган бўлди. Ушбу қоидаларга биноан, Россия манзилларида аҳоли яшайдиган ҳудудларда ободонлаштириш, хўжалик бошқариш ишлари Термизда ҳам жорий этилди. Янги бошқарув тизимини Туркистон генерал-губернаторлиги тасдиқлаб, унинг назорати полиция бўлимига топширилди86.
XIX асрнинг охирларида Россия иқтисодиётининг манфаатларини ҳисобга олиб, Закаспий темир йўлининг қурилиши Рус-Бухоро савдо-сотиқ ишларининг ривожланишга имконият яратди. Шу сабабли Бухоро амирлигидаги Бухоро, Қарши, Шеробод, Денов, Шаҳрисабз, Бойсун шаҳарларида аҳоли сони қисқа вақт ичида 40 минг кишига кўпайди. 1905 йилги инқилоб арафасида бу шаҳарларда 60 минг киши яшаётган эди. Марказдан русийзабон аҳолининг кўчиб келиши натижасида, Бухоро амирлиги ҳудудидаги руслар томонидан асос солинган Термиз, Янги Бухоро, Сарой, Чоржўй шаҳарчаларида маҳаллий аҳоли билан бирга, русийзабон аҳолининг сони ошиб борди. 12 минг аҳолиси бўлган Янги Бухоро, 14 минг аҳолиси бўлган Керки, 6 мингдан аҳолиси бўлган Термиз билан Сарой шаҳар ва шаҳар типидаги энг йирик рус қишлоқлари ҳисобланар эди.
Янги Бухоро рус шаҳар ва қишлоқларининг хонликдаги маъмурий маркази ҳисобланар ва у хонликда рус савдосининг ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлди. Бу ерда асосий савдо корхоналари, омборлар, саройлар, шахсий ва давлат банклари тўпланиб, 15 завод, яъни пахта тозалаш ва ёғ заводлари маҳсулот ишлаб чиқарган. Дастлаб, Термизда Россиядан кўчиб келган аҳолини жойлаштириш, бошқариш, иш билан таъминлаш, ҳуқуқий-аҳлоқий аҳволини назорат қилиш Термиз қалъасининг ҳарбий бошлиғи зиммасига топширилди. 1900 йилдан бошлаб, Термизда Россиядан кўчиб келган аҳолини алоҳида бошқариш учун махсус ҳарбий бошқарма ташкил этилиб, бу бошқарма Термиз ҳарбий гарнизони бошлиғига бўйсунган, унга ҳисоб берган. 1905 йилдан бошлаб Термиз ва Шарқий Бухоро бекликларига келиб жойлашаётган Россияликлар аҳоли манзилларини назорат қилиши мақсадида шаҳар ҳарбий бошлиғига уезд бошлиғи ҳуқуқи берилиб, шаҳар ҳокими унвони тасдиқ этилди. Шаҳар ҳокими фақат Паттакесар Термизини назорат қилиши, Россиядан келган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши ёки уларга нисбатан жазо қўллаши мумкин эди. Шунингдек, шаҳар ҳокими қурилиш низомига мувофиқ, уй-жой қуриш лойиҳасини тасдиқлаш, Россияга тегишли ерлардан томорқалар ажратиб бериш, шаҳарни ободонлаштириш, савдо-сотиқ, саноат корхоналарини, омборларни қуриш ишларига рухсат бериш ҳуқуқига эга эди87. Шаҳар ҳокими ҳар йил якунида Туркистон генерал-губернаторига полиция идоралари ва суд ишлари бўйича ҳисобот топширган88.
Термиз шаҳрида полиция вазифасини маҳаллий ҳарбий қисм мансабдорлари ижро этган бўлса, Янги Бухоро шаҳрида полиция хизматини эркин ёлланган рус фуқаролари амалга оширган. Россия чоризми борган сари Термиз ва унинг атрофига русларни кўчириб келтириш, уларни жойлаштириш чораларини излай бошлади. Аввал бошда маҳаллий аҳолидан сотиб олинадиган ерлар Бухоро сиёсий агентлиги билан келишиб, Бухоро қозилари томонидан қонунлаштирилган бўлса, кейинроқ рус шаҳарчаси ҳокимлари Бухоро ҳукуматини тан олмай қўйди. Шу вақтдан бошлаб қозилар Термиз атрофидаги ерларни сотиш, сотиб олиш масалаларига аралашиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдилар. Фақат ҳарбий бошқарма бошлиғи сиёсий агент билан ҳамкорликда бундай ишларга рухсат берарди89.
Самарқанд-Термиз почта йўлининг қурилиши Термиз шаҳрига Россия фуқароларининг келишини тезлаштирди. Рус ишбилармонлари Россия билан Бухоро амирлиги ўртасидаги савдо алоқаларининг яхши ривожланишидан фойдаланиб, Термизда савдо дўконларини ҳамда корхоналарини тезлик билан очишга, маҳаллий халқдан арзон нархда хом ашё ҳамда деҳқончилик маҳсулотларини сотиб олиб, Россияга жўнатишга киришди. Юқоридаги ҳодисаларнинг оқибати ўлароқ, Термизда доимий яшовчи рус фуқароларининг сони мунтазам тарзда кундан-кунга ошиб борди90.
А. Губаревич-Радобыльскийнинг “Экономический очерки Бухары и Туниса, опыт сравнытельного исследования двех систем протекторота” асарида Бухоро амирлиги ҳудудларининг жойлашуви, маданий аҳволи, маърифат тарқалишига доир манбалар, масжид-мадрасалар, халқнинг иқтисодий ночор аҳволи, маърифатпарварлик ҳаракати, турли хил воқеа-ҳодисалар ҳақида қизиқарли маълумот тақдим этилган91. 1909-1911 йилларда нашр этилган Д. Н. Логофетнинг “Бухарское ханство под русским протекторатом” китобида Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳақида маълумотлар берган, унда ташқи сиёсатдаги Россия ҳукуматининг нуқсонлари, Бухорони тўлиқ истило қилишдаги сусткашлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар батафсил баён этилган92.
Шунингдек, Бухоро амирлиги ҳудудида Россия фуқаролари учун тураржой манзилларининг қурилиши, маҳаллий халқнинг турмуш тарзи, деҳқончилиги, умуман, хўжалик ҳаётига оид маълумотлар акс эттирилган. Умуман олганда, Бухоро амирлиги ҳудудига Россиядан аҳолининг кўчиб келиши анча тезлашиб борди. Чунки Бухоро амирлигида аҳолининг яшаши учун иқлимнинг қулайлиги, деҳқончилик, боғдорчилик, сабзавот-полиз экинларини экиш учун қулай ҳосилдор серунум тупроқнинг мавжудлиги бунга имконият яратди. Шунингдек, Россия ўзига вассал бўлган Бухоро амирлигини сиёсий жиҳатдан қаттиқ назорат остига олиб, рус ва русийзабон аҳолини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиб берди. Бухоро амирлиги ҳудудига 1897 йилга келиб, 12150 рус фуқаролари кўчиб келиб жойлашган, ХХ аср бошларига келиб Губаревич-Радобильскийнинг асарида қайд этилишича, Бухоро амирлиги ҳудудида 8 минг рус қўшинлари жойлашган бўлиб, 1917 йилга келиб, Бухоро амирлигида Россиядан кўчиб келган жами аҳоли ҳарбийлар билан қўшиб ҳисоблаганда, 50 мингга яқинни ташкил этган. Россиядан кўчиб келган фуқароларнинг асосий қисми темир йўл бекатлари, дарё бўйларида, ҳарбий рус постларида, шунингдек, Термиз шаҳрида жойлашдилар93.
Россия ҳарбий қисмлари ва русийзабон аҳолининг Янги Термиз ҳарбий қалъасига жойлашиши натижасида, Термиз атрофини ўзлаштиришга бўлган уриниш кучайиб, русийзабон аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида, Россия ҳукумати Бухоро амирлигидан янги ерларни ажратиб беришни сўради. 1900 йил 27 январда Россия ҳукуматининг талаби қондирилиб, Сурхондарёнинг қуйи оқимидаги 10514 десятина ерни Бухоро амири бепул ҳадя сифатида Россияга берди94. Янги ерларни ўзлаштириш рус аҳолисини жойлаштириш, ҳарбий мудофаа иншоотларини қуриш учун, чор ҳукумати ҳарбий мухандис Б.Н Кастальскийга янги ҳудудни сув билан таъминлаш режасини ишлаб чиқишни топширди.
Натижада янги ерларни ўзлаштириш лойиҳаси асосида, 1905 йил 300 минг рубль маблағ сарфланиб, Термиз суғориш тизими шоҳобчаси яратилди95. Янги маданий-маиший савдо бинолари, магазинлар ва омборхоналар қурилиб, дарё порти ва темир йўл транспорт идорасининг “Шарқ” , «Кавказ», «Меркурий» жамиятлари ҳамда Матчинбоев, Шамсиддинов ва Ананьевларнинг пахта тозалаш заводлари, ёғ, ғишт заводларининг ишга тушиши натижасида, шаҳар аҳолисининг сони ошди. Шаҳар ҳарбий маъмуриятининг қаттиқ назоратига қарамай, шаҳар аҳолисининг сони мунтазам равишда ўсиб борди. Хусусий савдо саноатчиларининг тадбиркорлиги туфайли, шахсий уй-жойлар, ҳовлилар қурилишига эътибор ошиб борди. Биринчи жаҳон уруши арафасида Термиз шаҳрида 7000 аҳоли истиқомат қилган. Россия ҳукумати шаҳарни ободонлаштириш, янги уй-жойлар, маданий-маиший бинолар қуришга эътибор бермади. 1902 йил Термиз ҳарбий гарнизони ва қалъа бошлиғи А.Барновский Бухородаги Россия сиёсий агентлиги бошлиғи Лютшуга ёзган махсус билдиришномасида Термизда санитария аҳволининг ниҳоятда оғирлиги, турли хил юқумли касалликларнинг авж олганлигини қайд этиб, моддий ёрдам берилишини сўраган эди. Ушбу билдиришнома жавобсиз қолдирилди96.
Россия ҳукмрон доираларининг Термиз ҳудудига бўлган кизиқиши кучайиб, аста-секин маҳаллий аҳоли ҳамда Бухоро амирлиги ихтиёридаги ерларни тортиб олиш сиёсатини кучайтирди, улар ихтиёридаги мулкни арзон нархда сотиб олиш ёки куч ишлатиб тортиб олиш ҳолатлари тез-тез намоён бўла бошлади. Термиз ҳарбий гарнизони бошлиғининг Бухородаги Россия императори сиёсий агентлигига ёзган 1910 йил 4 августдаги 426-рақамли маълумотномасида "Термизда етиштирилган пахтани ва Сурхон воҳасидан сотиш учун олиб келинган пахтани сақлаш учун омборхона қуриш мақсадга мувофиқдир. Бироқ бу омборхонани Бухоро савдогарлари, амирликка хизмат қилувчи кишилар рус Термизидан узоқроқ жойга қурмоқчи бўлишмоқда. Россия ҳарбий ҳукумати бунга қарши бўлиб, бу омборхона руслар жойлашган ерда қурилиши, рус маъмурияти назорати остида бўлиши шарт. Чунки пахта сотиладиган бозор руслар ҳудудида жойлашса, ундан солиқ олиш, ҳоҳлаган нархида соттириш эҳтимоли кучаяди"97.
Россия ҳарбий ҳукуматининг бу сиёсатидан маҳаллий халқ, ҳатто бек ҳамда савдогарлар, қозилар норози бўлдилар. Буни Шеробод беги Абдумўминбек Иноқ Колоннинг Термиз ҳарбий горнизони бошлиғига 1911 йил 1 июлда ёзган хатидан билиш мумкин. Ушбу хатда қуйидаги фикр билдирилган: "Паттакесарлик Хўжа Абдулғаффор, Хўжа Абдулмажид, Жалолмурод ва Мулло Элмуродларга Бухоро қўшбегиси томонидан берилган ерлар кўчмас мулклар, сарой ва уйлари руслар томонидан тортиб олиниб, бу мулкларга руслар рухсатисиз эгалик қилиб олишган. Бу мулкларни руслар маҳаллий беклик ҳамда эгаларининг рухсатисиз, афғон ва эронликларга сотган. Бу уй -жой ва мулклар 10 йиллар давомида ўз эгалари ихтиёрида бўлиб, эндиликда руслар ҳеч нарса демасдан, уни тортиб олиб, эгаларини ўз жойидан сиқиб чиқарганлар. Сиз ҳарбий горнизон бошлиғи сифатида мавжуд аҳволни бартараф этиб, масалани жиддий ва ижобий ҳал қилишингизни сўрайман. Жавоби беклик томонидан кутилади"98. Бундай ҳолатлар кўплаб такрорланиб, аста-секинлик билан маҳаллий халқнинг ер-мулкка бўлган ҳуқуқлари поймол қилина бошланди. 1900-1915 йилларда амирлик ҳадя қилган ерлардан ташқари бўлган савдогарлар, бойларни шахсий ва хусусий мулклари ҳам тортиб олиниб, мулк эгалари мол-мулк ҳуқуқидан маҳрум этила бошланди. Саидали Хўжа ва бошқаларни ер сотиш, сотиб олиш, кўчмас мулкка аралашиш каби ҳуқуқлари бекор қилинди. Ҳатто рус ҳарбий ҳукуматининг ҳадя қилинган ерларни, диний идора ихтиёридаги ер ва мулкни тортиб олишга бўлган иштиёқи кучайди. Бу эса маҳаллий халқнинг қахр-ғазабини кучайтириб, норозилик кайфиятини оширди99.
Термиз ҳарбий горнизони бошқармаси шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, маҳаллий шароитни ҳисобга олиб иш юритиш, ҳарбий мудофаа имкониятларини яхшилаш, давлат хазинасига кўпроқ фойда келтириш каби масалаларни тартибга солиш сиёсатини олиб борди. Шаҳар бошқармаси ҳисоб-китоблари бўйича 1913 йилда олинган фойда 16396 рубль, ҳаражатлар эса 16363 рублни ташкил этиб, маориф учун 180, медицина ва ветеринария учун 2475, полицияни иш ҳақи билан таъминлаш учун 2085, шаҳар акушеркасига 180, ветернарига 240, амбулаторияга 600, тозалик учун 120 рубль ажратилди100. Термиз шаҳар бошқармаси ихтиёридаги маблағларни сарфлаш, уни назорат қилиш, йил ҳисобига солиштириб тафтиш қилиш ишлари ҳарбий горнизон ихтиёрида бўлиб, маданий-маиший соҳага ниҳоятда кам маблағ ажратилган эди. Маҳаллий халқни манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш тарзини яхшилаш, илм-маърифатни ривожлантириш рус ҳарбий ҳукумати учун мутлақо бегона эди. 1898 йилдан Термиз ҳарбий горнизони бошлиғи бўлган Руховский, 1910 йилдан Термиз ҳарбий горнизони бошлиғи бўлган полковник Ярчевский, 1913 йилдан Термиз ҳарбий горнизон бошлиғи Криченскийлар ўз хизмат вазифаси давомида рус миллий шовинизмига алоҳида эътибор бериб, маҳаллий халқларни миллий камситиш, чекка миллий ўлка бойликларини талаш, миллий маданий тараққиётга тўсқинлик қилиш, миллий зиёлиларнинг чиқишига йўл қўймаслик, диний аҳлоқ-одобни чеклаш каби сиёсатни олиб бордилар101.
Термиз шаҳри аҳолисининг кўпайиши, жойлашуви ҳамда турли миллат вакилларининг келиб ўрнашуви хусусида фикр юритиш мақсадга мувофиқдир. Чунки чоризм истилосигача Паттакесар-Термизда, асосан, ўзбеклар ва туркманлар истиқомат қилишган. Рус империяси мустамлакаси ўрнатилгач, Европа халқига мансуб халқлар билан бирга эрон, афғон ва яҳудий халқи ҳам яшай бошлади. Академик В.В.Бартольднинг ёзишича 1900 йилда Термизда 8052 эркак ва 2059 нафар хотин-қизлар яшаганлар (бу ерда у рус ва рус тилида сўзлашувчилар мисолида олинган манбаларга асосланган)102. Термиз атрофидаги маҳаллий аҳоли Солиҳобод, Мангузар, Паттакесар қишлоқларининг аҳолисидан иборат бўлиб, улар, асосан, буғдой, пахта, жавдор, сули, гуруч, маккажўхори, дўккакли экинлар етиштирганлар. Айниқса, мевали дарахтлар кўплаб экишиб, улардан яхшигина хосил олишган. Рус истилосидан кейин бу маҳсулотлар Россия ичкарисига ташиб кетила бошланди. Д.Н.Логофетнинг таъкидлашича, 1905 йилда Термиз аҳолиси сони Шарқий Бухоронинг бошқа шаҳарлари аҳолисига нисбатан бир мунча аниқ бўлиб, Термизда 6000 рус аҳолиси ҳарбийлар бирга яшаганлар103. Чор ҳукумати Термизда ҳарбий қурилиш ишларига катта эътибор билан қараган. Шаҳар икки қисмдан иборат эди.
Асосий қисми ҳарбий горнизон, ҳарбий қалъа, яъни Термиз қалъаси шаҳарнинг шимолида жойлашган. Бу ерда горнизон бошлиғи хўжайинлик қилиб, ҳокимиятни бошқарар эди. Горнизон бошлиғи 1905 йилгача VII чегара округи ихтиёрида бўлиб, қалъа атрофидаги рус, русийзабон аҳоли горнизон бошлиғига бўйсунган104. Термизнинг жанубий Паттакесар қишлоғида яшовчи маҳаллий аҳоли Бухоро амирлиги ва унинг қонунларига тўғридан-тўғри бўйсунар эди. Умуман, Термиз шаҳрининг ўзида ҳарбий ҳокимиятнинг иш юритиши ниҳоятда мураккаб вазиятни юзага келитириб, ўзаро низо-жанжаллар, тартибсизликлар, ноқонуний ҳаракатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлар эди. Термизда санитария аҳвол жуда ёмон эди. Юқумли касалликлардан безгак, кўз касалликлари, сил, кал-яра, тери-таносил касалликлари ғоят кенг тарқалган эди. Ҳатто 1902 йилда қорамоллар орасида Афғонистон орқали ўтиб келиб ўлат касаллиги тарқалди105. Маҳаллий аҳолининг кўпайиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди. Иқтисодий эзилиш етмаганидек, бу касалликлар аҳолининг тинка мадорини қуритар эди.
Тадқиқотларда шаҳар аҳолисининг миллий таркиби тўғрисидаги масалага ҳам эътибор берилган. А.О.Фомченконинг қайд этишича, I жаҳон уруши арафасида Термиз-Паттакесар аҳолиси 2647 кишини ташкил этиб, бундан ташқари, 4 минг ҳарбийлар ҳам мавжуд эди106. Бу фикрни С.И.Гумешамбаров ҳам тасдиқлаб Термиз шаҳрининг бу давридаги жами аҳолиси- 7000 киши бўлган деб ёзади107. Жануб вилоятларда этнографик тадқиқот олиб борилган. Б.Х.Кармишева Термиз-Паттакесардаги аҳоли таркибини ўрганиб, тадқиқ этишича, 1914 йилда Паттакесарда 2,5 мингдан ортиқ руслар яшаган. Бундан ташқари, бошқа миллат вакиллари ҳам истиқомат қилганлар108, булар арманлар, татарлар ва бошқалар бўлган. Термиз шаҳрининг муҳим стратегик аҳамияти уни фақатгина ҳарбий жиҳатдан қулайлигини кўрсатмасдан, балки иқтисодий-маданий тараққиётда ҳам алоҳида аҳамиятга эга эканлигини исботлайди. Чунки дарё буйида яшаш учун қулай иқлим, об-ҳаво, кенг текис майдонларнинг кўплиги, жуда мазали ва ширин мева, сабзавот, полиз экинларининг кўплиги, йилнинг хоҳлаган фаслида деҳқончилик қилиш мумкинлиги, доривор гиёҳларнинг борлиги келгинди халқларнинг бу ерга бўлган қизиқишни кучайтирди. Иккинчидан, рус ҳукумати Сурхон воҳасининг Шеробод. Бандихон, Қизириқ, Шўрчи, Денов, Юрчи ҳудудларини ҳам тезроқ истило қилишни тезлатиш учун аҳолини кўчириб келишга эътиборини кучайтирди. Биринчи жаҳон уруши йилларида Термиз шаҳрига рус ва рус тилида сўзлашувчи аҳолининг кўчиб келиши маълум даражада ўсди. Туркистон ўлкасининг озиқ-овқат бошқармасининг маълумотларига кўра, 1917 йил июлида Термиз шаҳрида 8 мингта руслар яшаган109. Бу ҳисобга ҳарбий горнизон ва уни атрофидаги руслардан ташқари, Паттакесарда яшовчи 1500 нафар рус аҳолисини ҳам қўшиб ҳисобланган.
Шунингдек, руслардан ташқари Паттакесарда Бухороликлардан 648 киши, татар, бошқирд, чечен каби рус мусулмонларидан 126 киши, афғонлардан 257 киши, рус жуҳудлари 50 киши, форслар 70 киши яшаган110. Юқоридаги маълумотларга таяниб, 1917 йилда Термиз аҳолисининг сони 9 мингдан юқори бўлган, деб айтса бўлади. Таҳлил этилган йилларда аҳоли сонининг ўсиши фақатгина келгинди мустамлакачилар ҳисобида бўлиб, бу ҳисоб-китоблар жараёнига эътибор берилса маҳаллий аҳоли ҳақида, унинг ўсиши, миллий турмуш тарзи хусусида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Термиз атрофидаги маҳаллий аҳолининг, жойлашуви сиёсий-иқтисодий ҳаётда тутган ўрни ҳақида фикрлар билдирилмаган, энг ёмони, уларга нисбатан миллий камситиш руҳида қаралган. Ҳукмронлар маҳаллий миллат вакиллари, айниқса, зиёлилари билан мулоқот қилишдан чўчиб, улардан ўзларини узоқ тутишган.
Ҳарбий-стратегик аҳамиятга эга бўлган Термиз учун темир йўл ниҳоятда муҳим эди. Сурхон воҳасида пахта толасини етиштириш ва уни Россия марказига ўз вақтида етказиб бериш давлат даражасидаги вазифа қилиб белгиланган эди. Россия ва Бухоро амирлиги Когон-Термиз темир йўлини қуриш масаласида ўзаро келишиб олиб, 1910 йил 10 апрелда Бухоро капиталининг иштирокисиз Когон-Термиз темир йўлини қуришга Россия вазирлар кенгаши раиси Столипин имзо қўйди111. Бунга рози бўлган Бухоро амири 1912 йил 15 июнда рус мухандис тадбиркори Коволевский билан ушбу йўлни қуриш бўйича битим тузди. Шартномага мувофиқ, Бухоро амири ҳеч қандай пулсиз, товонсиз 6000 десятина ерни темир йўл қуриш учун, янги Бухородан 87 десятина ерни эса қурувчилар, ишчилар учун уйлар, идоралар қуриб беришга ажратди112. Россия ҳарбий ҳукумати ўзининг дастлабки истилочилик давридан мустамлакачилик сиёсатининг таъсирини кучайтириб, чекка ўлка халқларига нисбатан миллий камситиш, рус шовинизми ҳаракатини бошлаб юборди. Чор ҳукумати Термизда ҳарбий истеҳкомлар, казармалар, қалъа, уй-жой қуришда, суғориш тизимини ишга туширишда, умуман, Термиз шаҳрини барпо этишда маҳаллий аҳолининг ишчи кучидан ғоят унумли фойдаланиб, маҳаллий деҳқонларни тинимсиз бепул ишлатди. Шеробод беклигининг сарбозлари Россия подшо ҳарбий бошқармаси кўрсатмасига биноан, деҳқонларни кунига 12-14 соатлаб тутқунликда сақлаб, оч-наҳор темир йўл қуришга, меҳнат қилишга мажбур қилдилар. Бу меҳнати учун деҳқонлар атиги 2 танга (30 тийин) ҳақ олардилар. Олинган иш ҳақи деҳқонларнинг очликдан ўлиб қолмасликлари учун тўланар эди, холос. Меҳнатга паст ҳақ тўланиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлиги, деҳқон қурувчиларнинг ярим оч ҳолатда яшашга мажур бўлиши натижасида, уларни норозичилиги ниҳоятда кучайди. Қурувчи деҳқонлар иш ҳақини 3 тангага кўтаришни талаб қилиб, ишни тўхтатиб қўйди. Туркистон ҳарбий округи қурилиш ишларининг тўхтаб қолишидан қўрқиб, телеграф орқали иш ҳақига яна бир танга қўшишга рухсат берди. Аммо норозилик билдирган асосий исёнчилар Шеробод беги томонидан ушланиб, 1900 йил Паттакесар қишлоғидаги бозор майдонида ошкора қатл этилдилар113.
Паттакесар (Термиз)да, асосан, рус ҳарбийлари оиласи муқим аҳолига айланиб борди. Темир йўлнинг кириб келиши билан ишчиларни кўчиб келиши кўпайди. Улар темир йўл, саноат ва божхона ишчиларидан иборат бўлди. 1898 йилги аҳоли рўйхати даврида Бухоро амирлиги ҳудудида 12150 нафар рус аҳолиси истиқомат қилган бўлса, XX аср бошларида Губаревич- Радабискийнинг ёзишича, яна 8 минг руслар кўчириб олиб келиниб жойлаштириган, 1917 йилга келиб ҳарбийлардан ташқари 50 минг руслар ва русийзабон аҳоли амирлик ҳудудида яшаганлар114.
Жанубий Бухорода мустабид тузумни ўрнатиш жараёнида муҳим аҳамиятга молик воқеа-ҳодисалар юз берди. Россия чоризми сиёсатидан норози бўлган маълум бир сиёсий оқимлар инқилобий ўзгаришларни амалга оширди. 1917 йил 23 мартда Термизда ташкил топган инқилобий ижроия қўмитаси таркибига Россия мустамлакаси натижасида келиб қолган рус фуқаролари, рус тилида сўзлашувчи миллат вакиллари кирган эди. Шунингдек, янги шаклланган маъмурий бошқарув таркибига Россиядан келган фуқаролар жалб этилиб, Термизда ўрнатилган инқилобий ҳокимиятнинг асосий мақсад ва манфаатлари рус миллий шовинизмига асосланган эди115.
Термиз инқилобий ижроия қўмитаси 1917 йил 1 ноябрда русийзабон аҳоли вакилларидан ташкил топиб, ушбу қўмита шаҳар хўжалиги билан шуғулланувчи шаҳар думаси, маъмурий бошқариш билан шуғулланувчи жамоа қўмитаси, ҳарбий, озиқ-овқат ва савдо қўмиталаридан иборат бўлиб, маълум маънода ислоҳотлар ўтказди. 1917 йил 14 ноябрда Термизда солдатлар ва ишчилар кенгашидан иборат инқилобий қўмита бошқарув ҳокимияти Шарқий Бухоро халқларининг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётни яхшилаш, миллий урф-одатлар ҳамда анъаналарни ҳимоя қилишга доир биронта ҳам амалий иш қилмади. Большевиклар тарғиботи таъсирида амалга оширилган ушбу инқилобий давлат тўнтариши маҳаллий халқнинг моддий ва маънавий маданиятга салбий таъсир кўрсатиб, маҳаллий миллат вакилларининг миллий урф-одатлари ва анъаналарининг поймол бўлишига, ўзаро низо-жанжаллар кучайиб, бегуноҳ кишиларнинг қони тўкилишига, миллатнинг кўзга кўринган зиёлиларининг қирилиб кетишига олиб келди.
Жанубий Бухоронинг инқилобий марказига айланган Термиз, Шеробод шаҳарларида махсус ижроия қўмиталар тузилиб, ишчи-солдатларни ҳимоя қилувчи касаба қўмита ташкилотлари ташкил этилди. Термизда тузилган 11 та касаба қўмита аъзолигига 349 киши қабул қилинди. Бироқ ушбу қўмитага битта ҳам маҳаллий миллат вакили жалб этилмади ёки ерли халқнинг турмуш даражасини ўрганиш, иқтисодий аҳволини яхшилаш борасида биронта ҳам амалий тадбир қилинмади. Термиз ўлка кенгашининг 1917 йил 28 ноябрдаги қарори билан тузилган Қизил гвардия отрядлари сафига Россия марказидан келган фуқаролар қабул қилиниб, маҳаллий миллат вакиллари киритилмади. Чунки Қизил Армиянинг асосий мақсади большевиклар сиёсатида Россия фуқароларининг ҳаётини муҳофаза қилиш, Совет ҳокимиятининг зафарли юришини таъминлаш билан бирга Шарқий Бухородаги бекликларни ҳам босиб олиб, Совет ҳукумати таркибига киритиш асосий йўналиш қилиб олинган эди.
Термизда тўлиқ шаклланган Қизил Армия отрядлари 1918 йил февралидан бошлаб Совет давлатини мустаҳкамлаш, иқтисодий тадбирларни амалга ошириш, рус манзилларини, заводларини назорат қилиш, афғон чегара постларини қўриқлаш, саккиз соатлик ишчи куни ўрнатиш, банкларни, темир йўлларни қўриқлаш каби вазифаларни бажарди. Совет ҳокимияти Шарқий Бухородаги бекликларга ўз таъсирини ўтказишда зўравонлик, босқинчилик сиёсатидан фойдаланиб, ўзининг босқинчилик-талончилик ҳаракатини яшириш мақсадида, халқ ҳокимиятини ўрнатиш, мазлум халқларга озодлик бериш, ер-сув халқники каби шиорларни асосий ғоя қилиб олди116.
Бухоро амирлигида ХХ аср бошларида Россия сиёсий бошқармасининг тазйиқи ҳамда 1914 йилда Россия-Афғонистон чегараларини назорат қилиш мақсадини кўзлаб, унинг шарқий бекликларидаги аҳоли, экин майдонлари, аҳоли манзиллари бўйича рўйхат ўтказилди. Россия биринчи жаҳон урушидаги иштирокчи эди. Шу туфайли, зарур хом-ашё манбаларини йиғиш, фронт орқасини ишчи-мардикорлар билан тўлдириш даркор эди. Шу мақсадда, 1917 йил февралида Ўрта Осиё ҳудудида аҳоли рўйхатини ўтказиш бўйича қисман ишлар амалга оширилди. Ушбу амалга оширилган аҳоли рўйхатидан мақсад чегаралар бўйича хариталар тузиш, аҳоли миллий такркибни ҳисобга олиш, солиқлар йиғиш масаласи кун тартибига қўйилган эди. Совет ҳукумати томонидан 1924 йил Ўрта Осиёда аҳоли рўйхати ўтказилди. Унинг натижасида районлаштириш комиссияси ҳудудий маъмурий чегаралаштириш харитасини тузди. Шу асосда демографик жараёнлар бўйича аҳолини маъмурий-ҳудудий жойлаштириш ҳам амалга оширилди117.
Хулоса ўрнида тадқиқотда ижтимоий-демографик жараёнларига Россия империясининг сиёсий таъсири масаласига оид тарихий манбалар таҳлил қилинди, бу даврдаги ижтимоий-демографик жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари ҳамда тарихий асослари очиб берилди. Ижтимоий-демографик ва урбанизация жараёнларини илмий таҳлил этишда Россия ҳукуматининг мустамлакачилик сиёсатининг миллий камситиш, миллий урф-одатлар, анъаналарга нисбатан олиб борган зўровонлик ҳаракати, Туркистонга, жумладан, Бухоро ҳудудига кўчириб келтирилган рус ва русийзабон аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги чиқарган ҳамда қабул қилган қонун ва қарорларининг моҳияти манбалар асосида ўрганилди.
Шунингдек, Россиянинг марказий ҳудудларидан кучириб келтирилган аҳолини Бухоро ҳудудига жойлаштириш масаласидаги рус ҳукуматининг амалга оширган тадбирлари, маҳаллий аҳолини мажбурий ўз ерларидан кўчирилиши, ерларни арзон сотиб олиши ва расмийлаштиришидаги бир ёқлама сиёсат, рус аҳолиси учун уй-жой қуриш, таморқалар бериш каби воқеа-ҳодисалар илмий баён қилинди. Ижтимоий-демографик жараёнларни илмий ёритишда Россия ҳукуматининг жанубий ҳудудлардаги мустамлакачилик сиёсатидаги асосий мақсад маҳаллий аҳолининг ҳосилдор ерларини тортиб олиш, чегара ҳудудларидаги аҳолига нисбатан турли хил солиқлар солиш, рус ҳарбий қисмларни олиб келиб жойлаштириш, ҳарбийлар учун уй-жой казармалар қуриш, русийзабон аҳоли манфаатларини ҳисобга олиб, сув тармоқларни ҳамда суғориш иншоотларни қуриб ишга тушириш каби воқеа ҳодисалар тарихий далиллар асосида таҳлил қилинди. Бу даврда, ижтимоий-демографик жараёнларда аҳолининг миллий таркибни ҳисобга олган ҳолда Россия мустамлакаси режалаштирган мақсадларни тезроқ амалга ошириш учун, темир йўл, дарё ҳамда тош, йўлларни қуриб ишга тушириш заруриятидан келиб чиқиб, Россия марказидан ишчи-муҳандисларни чақиришга алоҳида эътибор берилди. Натижада Бухоро амирлигининг жанубий ҳудудларида руслар асос солган шаҳарларга Марказдан аҳолини кўчириб жойлаштиришга алоҳида эътибор берилиб, кўчиб келган аҳолининг ҳуқуқий ҳимояси ҳам ташкил этилди. Россия марказидан аҳолининг кўчириб келиши натижасида шаҳарларнинг сиёсий-ижтимоий ва иқтисодий-маданий қиёфаси ўзгариб, шаҳар аҳолисининг миллий таркиби кўпмиллатли бўлиб борганлиги манбалар асосида тарихий таҳлил қилинди. Ижтимоий-демографик жараёнларга оид манбаларни илмий ёритишда Шарқий Бухорода мустабид тузумини ўрнатиш жараёнида аҳоли ҳаётида муҳим аҳамиятга молик воқеа-ҳодисалар юз бериди. Россия чоризми сиёсатидан норози бўлган маълум бир сиёсий оқимлар инқилобий ўзгаришларни амалга ошириб, маҳаллий аҳолининг миллий орзу-умидлари, озодлик учун кураш, миллий мустақилликнинг қулга киритишдек тўйғуларини ҳисобга олмади. Фуқоралар уруши йилларида аҳолини оммавий очликка, қашшоқликка олиб келган ҳолатлар юзага келди. Уларнинг сабаблари ҳамда оқибатлари тадқиқотда илмий асослаб берилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |