Ўзбек Лексикографияси тарихи Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асаридан бошланган деб айтиш мумкин. Ушбу луғат фақат сўзлар ва уларнинг маъноларини тавсифлаб қолмасдан, туркий халқлар тарихи, урф-одатлари, географик жойлашуви каби кенг маълумотлар манбаи ҳисобланади. Шу билан бирга у дастлабки икки тилли (туркийча-арабча) луғатлардандир. Маҳмуд Замахшарий ўзининг «Асос ул-балоға», «Муқаддимат ул-адаб» асарлари билан ҳам амалий, ҳам назарий Лексикографиянинг ривожига улкан ҳисса қўшди. Алишер Навоий ижодига бўлган ката қизиқиш15-асрдан кейинги даврда бир қанча луғатларнинг яратилишига сабаб бўлди: «Абушқа» (16-а., Туркия) изоҳли луғати, Толе Имони Ҳиравийнинг «Бадое ул-луғат», Муҳаммад Ризо Хоксорнинг «Мунтахаб ул-луғот», Мирзо Маҳдийхоннинг «Санглоҳ», шунингдек, Муҳаммад Ёқуб Чингийнинг «Келурнома», «Сулаймон Бухорийнинг «Луғати чиғатоий ва турки усмоний» («Чиғатойча-туркча луғат»), Исҳоқхон Ибратнинг «Луғати ситта ас-сина» («Олти тилли луғат») каби луғатларини кўрсатиш мумкин. 19-аср охири ва 20-аср 1-чорагида турли хил сабаб ва эҳтиёжлар, давр тақозоси билан Туркистонда икки тилли Лексикография ривож топди, ўнлаб русча-ўзбекча, ўзбекча-русча луғатлар, сўзлашгичлар тузилиб нашр этилди. Ҳозиги кунгача 10 га яқин хорижий тил билан ўзбекчани қиёсловчи кўплаб таржима луғатлари, фан соҳаларига оид 100 дан зиёд бир, икки ва уч тилли терминологик луғатлар яратилди. Ўзбек халқи тарихида биринчи марта «Ўзбек тилининг изоҳли луғати» тузилиб, нашр этилди (1981). 20-аср ўзбек луғатчилиги ривожига А.Зоҳирий, А.Қодирий, Е.Д.Поливанов, А. К. Боровков, В. В. Решетов, С. Иброҳимов, Олим Усмон, З.Маъруфов, Ш. Т.Раҳматуллаев, Н. Маматов, А. Ҳожиев, Т.Алиқулов ва б. муносиб ҳисса қўшдилар. Республика мустақиллиги туфайли ўзбек Лексикографияси олдига янги давр талабларига жавоб берадиган энциклопедик ва лингвистик луғатлар яратиш вазифаси қўйилган ва бу вазифа ўз ўрни билан амалга оширилмоқда; 2) тилшуносликнинг луғатчилик назариясига оид соҳаси, луғатшунослик; луғат турлари ва уларни тузишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Назарий Лексикография бир қанча муаммоларни қамраб олади: луғатларнинг умумий типологиясини ва янги турдаги луғатларни ишлаб чиқиш; луғат макроструктурасини ишлаб чиқиш (сўзларни танлаб олиш, сўз ва луғат мақолаларини жойлаштириш тартиби, омонимларни белгилаш, луғат таркибига ҳавола материалларни киритиш); луғат микроструктурасини, яъни ҳар бир луғат мақоласини ишлаб чиқиш (сўзга грамматик ва фонетик изоҳ бериш, сўз маъноларини ажратиш ва таснифлаш, далил сифатидаги иллюстрациялар турлари, таърифлаш турлари, белгилар тизими, сўз этимологияси ҳақидаги маълумотлар) ва б. Луғат тилшуносликнинг барча бўлимлари, айниқса, лексикология билан ўзаро боғлиқ. Лексикография ҳам амалий, ҳам назарий соҳа сифатида лексикология, услубшунослик, фонетикага ҳамда тил тарихи, тилнинг грамматик қурилиши ҳақидаги таълимотга суянган ҳолда иш кўради. Замонавий Лексикография муайян давр жамиятидаги билимлар мажмуини акс эттирувчи луғатларнинг муҳим ижтимоий вазифасини алоҳида қайд этади. Лексикография луғатлар типологиясини ишлаб чиқади. Шу жиҳатдан бир тилли Лексикография (изоҳли ва б. луғатлар), икки тилли Лексикография (таржима луғатлар), ўқув Лексикографияси (тил ўрганишга махсуслашган луғатлар), илмий-техник Лексикография (терминологик луғатлар) ўзаро фарқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |