Кўргазмали ҳаракат тафаккур тури. Тарихий тараққиёт давомида одамлар ўз олдиларида турган мақсадларни дастлаб амалий фаолият нуқтаи назаридан ечганлар, кейинчлик унда назарий фаолият ажралиб чиққан. амалий ва назарий фаолият чамбарчас бир - бири боғлангандир.
Кўргазмали ҳаракат тафаккур турига психологик адабиётларда қуйидагича таърифлар учрайди. Жумладан, В.Каримова томонидан кўргазмали-ҳаракат тафаккури одамнинг реал предметлар билан иш қилаётган пайтда фикрлаш жараёнини назарда тутади. “Психологик луғатда” кўргазмали ҳаракатли тафаккур амалий тафаккурнинг бевосита идрок қилаётган нарса ва ҳодисалар ҳақида ҳаракатлар ёрдами билан амалга ошириладиган фикрлаш тури, деб тавсифланади.
Соф психологик фаолият бирламчи эмас, балки амалий фаолиятнинг ўзи бирламчидир. Яна фаолиятнинг тараққиёти давомида унга нисбатан мустақил назарий фикр юритиш фаолияти ажралиб чиққан. Фақат бутун инсониятнинг тарихий тараққиёти эмас, балки шу билан бирга ҳар бир боланинг психик тараққиёти жараёни ҳам даставвал соф назарий фаолият эмас, балки амалий фаолиятдир.
Агарда инсониятнинг тарихий тараққиёти муаммосидан четланиб, ушбу масалани олиб қарасак, у ҳолда амалий фаолият бирламчи эканлигига ишонч ҳосил қиламиз. Бунинг учун инсоннинг онтогенетик тараққиётини дастлабки фазасига мурожаат қиламиз. Бола туғилишдан тортиб, то унинг боғча ёшигача даврини амалий фаолиятда кўргазмали-ҳаракат тафаккури ўсишининг асосий палласи деб аташ мумкин. Мазкур ёшдаги инсон зоти ана шу амалий фаолият негизида ақлий ҳаракатларни амалга оширади, амалий билимларни ўзлаштиради, натижада кўргазмали-ҳаракат тафаккури ўса боради. Ушбу ёшдаги кичкинтойлар ўзлари ўйнаётган ўйинчоқларни қўллари билан бевосита ушлаб кўриш орқали улар билан танишадилар, шунинг билан бирга уларни идрок қилишга интиладилар. Идрок қилинган предметлар ва ўйинчоқларни ўзаро солиштирадилар, қисмларга ажратадилар, анализ ва синтез қиладилар, бўлакларга ажратилганларни яхлит ҳолга келтириб бирлаштирадилар. Катталар тушунтиришига ишонч ҳосил қилмасдан, айни чоғда уларни объектни синдириб ёки бўзиб бўлса ҳам, уларнинг ички тўзилиши билан танишиш иштиёқи, майли кучли бўлади. Шу боисдан амалий характердаги муаммоларни ҳал қилишда кўпинча бўзиб, тўзатиш йўли билан ҳаракат қиладилар. Кўргазмали-ҳаракат тафаккури боғча ёшига етгандан сўнг болаларда ўз қийматини йўқота бошлайди.
Кўргазмали образли тафаккур тури ҳам психологик адабиётларда турлича талқин қилинади. “Психологик луғат”да таърифланишича у конкрет тафаккурнинг бевосита идрок қилинаётган нарса ва ҳодисалар ҳақида фикрлашдан иборат бўлган тури. Профессор Э.Ғозиев фикрича, бевосита идрок қилинаётган предметлар эмас, балки фақат тасаввур қилинаётган нарса ва ҳодисалар ҳақида фикрлашдан иборат тафаккур тури кўргазмали-образли тафаккур деб аталади. В.Каримова томонидан кўргазмали-образли тафаккур эса кўрган кечирган нарсалар ва ҳодисаларнинг аниқ образлари кўз олдимизда гавдаланган чоғда уларнинг моҳиятини умумлаштирилиб билвосита акс эттиришимиздир, деб талқин қилинади. Тафаккурнинг мазкур кўриниши 4-7 ёшгача бўлган болаларда намоён бўлади. Боғча ёшидаги болаларда кўргазмали-образли тафаккур босқичига ўтгандан сўнг ҳам сақланиб қолади, лекин у ўзининг етакчи ролини йўқота бошлайди.
Кўргазмали-образли тафаккур содда шаклда кўпинча боғча ёшидаги болаларда, яъни 4-7 ёшгача бўлган болаларда пайдо бўлади. Бу ёшдаги болаларда тафаккурнинг амалий ҳаракатлар билан алоқаси аввалгидек тўғри ва бевосита бўлмайди. Боғча ёшидаги болалар фақат кўргазмали образлар билан фикр юритадилар ва унча тушунчага эга бўлмайдилар. Боғча ёшидаги болаларда тушунчаларнинг йўқлиги швейстариялик психолог Ж.Пиаженинг қуйидаги тажрибасида жуда яққол намоён бўлади. 7 ёшга яқин болаларга хамирдан қилинган мутлақо бир хил, ҳажми жиҳатидан тенг 2 та соққа кўрсатилади. Болалар уни тенг деб ҳисоблайди. Болаларнинг кўз олдида битта соққа эзиб нон шаклига келтирилади. Энди болалар нон шаклидаги соққада хамир кўп деб ҳисоблайдилар. Болаларнинг кўргазмали-образли тафаккурлари ҳали уларнинг идрокларига бевосита тўла бўйсунадиган бўлади. Уларнинг кўргазмали-образли шаклда ўтадиган тафаккурлари болаларни соққага қараганда нон шаклидаги хамир кўпроқ деган хулосага олиб келади.
Шунинг учун улар нарса ва ҳодисаларнинг, жисм ва предметларнинг кўзга яққол ташланиб турувчи аломатига, хусусиятига, ташқи белгисига эътибор қиладилар. Лекин уларнинг ички боғланишлари ўзаро муносабатларини билдириб келадиган муҳим асосий сифатларига аҳамият бермайдилар. Объектларни фазода жойлашган ўрни ташқи, номуҳим белгиси уларнинг кўргазмали-образли тафаккурини вужудга келтиради. Масалан, уларнинг назарида одамларни бўйининг баланд ва пастлиги уларнинг ёшини белгилайди.
Тафаккур фаоллигига қараб ихтиёрсиз (интуитив) ва ихтиёрий (аналитик) тафаккур турларига ажратилади. Интуистия деб мантиқий тафаккур ёрдамида кўп вақтлар давомида ҳал қилинмаган ақлий вазифаларнинг тўсатдан, кутилмаганда ҳал қилиниб қолиши жараёнига айтилади.
Кўпинча ихтиёрий тафаккур жараёни мулоҳаза, муҳокама, исботлаш, гипотеза каби шаклларда намоён бўлади. Масалан, математика, физика, кимё, психология ва бошқа фанлардаги мисол ва муаммоларни ечиш жараёни. Бундан ташқари ихтиёрий тафаккурга мантиқий ёки назорат (контрол) тафаккури ҳам киради. Моддий борлиқни адекват акс эттириш, фикр юритиш, танқидий ва синчков бўлишни тақазо этади. Бинобарин, нарса ва ҳодисаларни атрофлича билиш учун объектив баҳо бериш зарурати туғилади, бу эса ўз навбатида фикр юритиш кўлами кенг, аналитик-синтетик фаолият доираси мустаҳкам бўлишини талаб қилади.
Тафаккур жараёни ихтиёрсиз юз бериши ҳам мумкин. Лекин бу ҳолда улар ихтиёрий тафаккурга суянган тарзда вужудга келади. Жумладан, одамнинг амалий, маиший ва ҳоказо фаолиятларида ихтиёрсиз равишда қатор саволлар пайдо бўлиши ва уларга беихтиёрий жавоблар ахтариш ҳоллари учраб туради. Бундай пайтларда инсон фикр юритяптими ёки йўқми буни билиш қийин, ваҳоланки, у ўзича гўё саволларга жавоб топадигандай, ширин ҳис-туйғуларни бошдан кечираётгандай бўлади, шунинг учун кўпинча “тилимнинг учида турибди” дейилади. Одамлар қандайдир матн ёки муаммо, масала устида бош қотириб, ўтирганларида фикр юритиш мутлақо беихтиёр рўй бериб қолади ва улар асосий топшириқни бажаришдан ўзоқлаштиради.
Инсоният тарихий тараққиёти тарихидан шу нарсалар маълумки, йирик илмий кашфиётлар кўпинча худди шундай беихтиёр фикр қилиб турган маҳалда тўсатдан очилган. Жумладан, юнон олими Архимед солиштирма оғирлик қонунини зўр бериб, ақлий меҳнат қилиш пайтида эмас, балки ҳеч кутилмаган жараёнда, ваннада чўмилиб турган пайтида кашф этган. Улуғ рус олими Д.И.Менделеевнинг ҳикоя қилишича, у элементлар даври тизими жадвалини тўзиш вақтида уч кеча-ю, уч кундўз бетиним меҳнат қилган, аммо бу вазифани ниҳоясига етказа олмаган. Ундан сўнг чарчаган олим иш столи устида уйқуга кетган ва тушида бу элементлар тартибли жойлаштирилган жадвални кўрган. Шунда Д.И.Менделеев уйқудан, уйғониб, бир парча қоғозга тушида аён бўлган жадвални кўчириб қўйган.
Кўпинча психолог ва физиологларнинг таъкидлашларича, муаммонинг бундай осон равишда ечимини ҳеч кутилмаганда юқоридаги каби беихтиёр ҳал қилиниши шу кашфиётлар олам юзини кўрганича бўлган давр ичида ойлаб, йиллаб қилинган меҳнатнинг якуни, яъни тугалланмай қолган тафаккур жараёнларининг ниҳоясига етишидир деб баҳоланоқда.
Йирик физиолог ҳамда психолог В.М.Бехтеревнинг изоҳлашича, бундай кутилмаган жараёнларнинг рўй беришига асосий сабаб бу ўрганилаётган масала тўғрисида ухлашдан олдин зўр бериб бош қотириш, ўйлаш (фикр юритиш) ва бутун зеҳни шунинг билан бирга диққат-эътиборининг тортилиши, кашф қилиниши зарур масалага тўла-тўкис йўналишидан иборат мақсадга мувофиқлаштирилган мураккаб барқарор психик ҳолати ҳукм суришидир.
Фикр юритилиши лозим бўлган нарса-ҳодисаларни идрок ёки тасаввур қилиш мумкин бўлса, бундай тафаккур конкрет тафаккур деб аталади. У ўз навбатида яққол-предметли ва яққол-образли тафаккур турларига ажратилади. Агар фикр юритиш объекти бевосита идрок қилинса, бундай тафаккур яққол-предметли тафаккур дейилади. Фикр юритилаётган нарса ва ҳодисалар фақат тасаввур қилинса, бундай тафаккур яққол-образли тафаккур деб аталади.
Абстракт тафаккур нарсаларнинг моҳиятини акс эттирувчи ва сўзларда ифодаловчи тушунчаларга таяниб фикр юритишдир. Алгебра, тригонометрия, физика, чизма геометрия, олий математика масалаларини ечиш маҳалида фикр юритиш, мулоҳаза билдириш, абстракт тафаккурга хос мисоллардир.
Абстракт тафаккур конкрет тафаккурдан ғоят кенг маъно англаниши билан қатор нарса ва ҳодисалар тўғрисида, абстракт тафаккур ёрдамида мулоҳаза борлиқ тўғрисида чексизлик, сифат, миқдор, тенглик тўғрисида, гўзаллик юзасидан мавҳум абстракт мулоҳаза юритиш мумкинлиги билан фарқ қилади.
Ҳодисаларни изоҳлашга, фараз қилишга қаратилган тафаккур назарий тафаккур деб аталади. Тушунчалар ўртасидаги боғланишларни ёритиб бориш ва шу боғланишларни назарий жиҳатдан фикр юритиш йўли билан изоҳлаш каби жараёнларни назарий тафаккур ёрдамида амалга ошириш мумкин. Изоҳлаш пайтида изоҳланаётган нарса ва ҳодисалар, хосса ва хусусиятлар, жисм ва предметлар, умуман бутун воқелик маълум туркумдаги тушунчалар қаторига киритилади ва уларнинг фарқ қиладиган белги ва аломатлари фикран ажратиб кўрсатилади. Бундан ташқари муайян объектларнинг моҳияти, мазмуни мавжуд бўлишлик сабаблари, келиб чиқиши, тараққиёти, ўзгариши, шунингдек уларнинг аҳамияти ва функстия ҳамда вазифалари изоҳлаб берилади.
Назарий тафаккурни айни бир пайтда абстракт тафаккур деб номлаш анъана тусига кириб қолган. Бундай ном билан аташга асосий сабаб назарий тафаккурнинг умумий ҳукмларда ифодаланишидир. Масалан, диққат барча психик жараён ва ҳолатларни муваффақиятли амалга ошириш гаровидир.
Абстракт тафаккур муаммоси қатор собиқ совет психологлари томонидан изчиллик билан тадқиқ этилган. Собиқ совет психологиясининг дастлабки ривожланиши палласида ушбу масала билан Л.С.Виготский, П.П.Блонскийлар, кейинчалик С.Л.Рубинштейн, Б.Г.Ананьев, А.Н.Леонтьев, Н.А.Менчинская, П.Я.Гальперин, Р.Г.Натадзе, Д.Б.Элъконин, В.В.Давидов, А.М.Матюшкин ва бошқалар шуғулланганлар.
Назарий тафаккур туфайли воқеликдаги умумий ва муҳим боғланишларни, хоссаларни, қонуниятларни англаб оламиз. Шунинг учун Қуёш ва ой тутилишини, юлдўзлар тизимини ҳаракатини, об-ҳаво маълумотларини, ер қимирлаш ўчоқларини, воқеа содир бўлишини анча илгари айтиб беришимиз мумкин. Шу сабабдан назарий тафаккурни олдиндан кўриш имкониятини яратадиган умумлашган тафаккур деб атайдилар.
Шундай қилиб, абстракт тафаккур орқали нарса ва ҳодисаларни бевосита идрок қилиш мумкин бўлмаган хусусиятлари, ўзаро муносабатлари аниқланади, у ёки бу соҳага оид қонуниятлар очилади, сабаб-оқибат боғланишлари акс эттирилади.
Воқеликни ўзлаштириш воситаси билан реал нарса ва ҳодисаларни яратилишига йўналтирилган фикр юритилади. У қўйилган амалий ва назарий вазифаларни янги усуллар билан ҳал қилиш, онгимизда янги тасаввур, тушунча ва ҳукмлар ҳосил қилиш, муайян янги нарсалар яратиш билан боғлиқ мураккаб тафаккур жараёнидир. Амалий тафаккур жараёнининг давоми иш-ҳаракатларини, ақлий харакатларни тасаввур қилишда, фикрлашда намоён бўлади. Масалан, талабалар фаолиятидаги конспект ёзиш, реферат тайёрлаш, курс ва диплом иши устида ишлаш кабилар амалий тафаккурга яққол мисолдир.
Муайян фикрни чин ёки ёлғонлигини объектив далиллар билан исботлаш ўрнига, инсон шахсининг ижобий ёки салбий сифатлари билангина чекланиб қолишдан иборат тафаккур тури авторитар тафаккур тури деб аталади. У кўпинча одамларнинг муайян соҳа бўйича билим савиясининг, даражасининг чекланганлигидан ва мустақил фикр юритиш қобилиятининг етарли даражада ўсмаганлигидан далолат беради. Шунингдек, психологияда бир-бирлари билан ўзвий равишда боғланган мулоҳаза юритишдан иборат тафаккур жараёнини дискурсив тафаккур деб аталади.
Do'stlaringiz bilan baham: |