13.2.5. “Ажойиб ат-табақот”
“Ажойиб ат-табақот” (“Ер қатламларининг ажойиботлари”)-далилий маълумотларга бой, кам ўрганилган гео-космографик асар. Бир қанча тарихий, географик ва космографик асарлар ҳамда сайёҳларнинг эсдаликлари ва муаллифнинг шахсий кузатувлари асосида ёзилган бўлиб, Ўрта Осиёнинг ХУ!-ХУ11 асрлардаги тарихи ва географик шароитига оид маълумотларга бой.
“Ажойиб ат-табақот” мавлоно саййид МуҳаммадТоҳир тарафидан Балх хони Аштархоний Надр Муҳаммадхон (1606-1642 йй.)нинг топшириғи билан ёзилган. Муаллиф асарнинг муқаддимасида келтирилган айрим маълумотларга қараганда, мазкур хон саройида хизмат қилган олимлар жумласига кирган.
“Ажойиб ат-табақот”нинг ёзилиш тарихини қуйидаги далилларга асосланиб белгилаш мумкин. Муҳамад Тоҳир асарининг “Балх” қисмида Хожа ҳайрон Қишлоғидаги ҳазрат Али (656-661 йй.) мозори тепасига қурилган ҳашаматли бино ҳижрий 886 йилда шоир ва тарихчи олим Камолиддин Биноий ва унинг отаси Муҳаммад Сабз тарафидан қурилганлигини айтади ва шундан бери 172 йил ўтди, деб ёзади. Шу 172 га 886 (бино қурилган йили)ни қўшадиган бўлсак, 1648 йил келиб чиқади. Шунга асосланиб, асар ҳижрий 1058, мелодий 1648 йили ёзилган деб айтиш мумкин.
Муҳаммад Тоҳир ўз асарини ёзишда «Мажмуъ ао-ғаройиб»дан ташқари ал-Баттоний (852-929 йй.), Абу Райҳон Берунийнинг «Қонуни Масъудий», «Жавоирнома», шунингдек, Абулмалик Марварудий, Носириддин Тусий, Наршаҳий ва бошқа олимларнинг асарларидан фойдаланган.
“Ажойиб ат-табақот” кам ўрганилган, нашр этилмаган. Унинг учинчи қисми, табақа катта илмий қимматга эга. Унда Ўзбекистоннинг Самарқанд, Тошкент, Андижон, Термиз ва бошқа шаҳарлари, шунингдек Шарқий Туркистон-Кошғар ва Афғонистон ҳақида қимматли маълумотлар учрайди.
ЎзР ФА Шарқшунослик институти фондида ушбу асарнинг учта қўлёзма нусхаси (рақамлари № 411,2380 ва №9654) мавжуд. Уларнинг яна бир қимматли томони шундаки, чиройли настаълиқ хати билан битилган, унвон ва сарлавҳалари рангли ва тилло суви бериб ёзилган, Каъба ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг Мадинадаги муборак қабри тасвири ҳам келтирилган.
Китобда шаҳарлар тавсифи баҳоли имкон тўлиқ берилган. Намуна сифатида Балх ва Қубодиён шаҳарлари ҳақида берилган тавсифни келтирамиз.
“Балх – улуғ шаҳар, Хуросонга қарайди, тўртинчи иқлимга киради. Уни қадимги Эрон подшоҳларидан Каюмарс қурган, Таҳмурас обод қилган, Луҳрасип қайтадан қуриб, теварак атрофини пишиқ девор билан ўраттирган. Бир ривоятга кўра, уни биринчи бунёд қилган киши Қобил ибн Одам..., бошқа ривоятга кўра шоҳ Гиштосип Айюб пайғамбарнинг амри билан қурдирган...Учинчи ривоятда келтирилишича, (уни) Минучеҳр ибн Ирож бино қилган. “Тарихи Балх”81 китобида ёзилишича, Балхнинг қалъаси (кўп бор) вайрон қилинган ва 22 марта қайтадан тикланган. Балхнинг энг сўнгги иморатибир вақтлар Хуросон ҳокими бўлиб турган Абу Муслим Марвозий тарафидан қурдирилган. Ундан кейин шаҳид этилган Абдулмўъминхон82 шаҳарнинг ғарбий ва жанубий тарафлардаги деворни таъмирлатган. Унинг узунлиги 20 мигн қадам.
Шаҳар икки қисмдан; ташқи шаҳар (шаҳри бирун) ва ичкм шаҳар (шаҳри дарун)дан иборат.
Ички шаҳар аркдан иборат. Арк шаҳарга асос солингандан бери улуғ подшоҳлар ва қудратли хонларга макон бўлиб хизмат қилган...Ҳозирги кунларда ҳам шундай. Балх шаҳри Меҳроби сангин деб аталувчи бир масжид бор. Ушбу ривоятни айтувчининг ҳикоя қилишича, шаҳарга мўъминлар ҳукмдори ҳазрат Алининг (худо ундан рози бўлсин), мактубини олиб келганларида, уни баландроқ бир жойдан овоза қилмоқчи бўлдилар, токи унинг мазмунидан ҳамма юахтиёр бўлсин. Бахтга қарши шу пайт қаттиқ шамол туриб, мактубни учириб кетди. Бир пайт мўъминлар Маккани зиёрат этиб юрганларида бир (сеҳрли) тош ва ундаги ёзувга кўзлари тушган. Ёзувжа (ҳазрат Алининг) ўша мактуби битилган экан. (Шу сабадан) тошни муқаддас ҳисоблаб, (Балхга) олиб келганлар ва ўша масжиднинг меҳробига ўрнатган эканлар. Бошқа бир ривоятда бундай гап бор; тошни олиб келганларидан кейин уни уч қисмга бўлганлар ва бир бўлагини ўша масжидда (Муҳроби сангинда) қолдирганлар, яна бир парчасини ташқи шаҳарнинг (шаҳри бируннинг) жанубий тарафида, шаҳардан бир миля83 нарида жойлашган Масжиди хожа Нўҳ гунбадон масжидига олиб бориб ўрнатганлар.
Маълумки, Нўҳ гунбадон нур таратувчи манзил бўлиб, Қаъб ал-ахбор ҳазратларининг, ундан хуло рози бўлсин, эикр этилган мозорда юино қилинган. Нўҳ гунбадон масжиди гўзал ва мустаҳкам бир бинодир. Айтишларича, Чингизхон хуружи пайтида Балхоб дарёсини шаҳарга буриб юборганлар. Ушанда масжид олти ой сув остида қолиб кетган. Лекин унинг қолдиқлари ҳали ҳануз сақланиб қолган. Зикр этилган тошнинг учинчи қисмини шаҳарнинг кун чиқиш тарафида, ундан икки фарсанг нарида жойдашган Хожа Хайрон қишлоғида бино этилаётган масжиднинг меҳробига ўрнатдилар. Қишлоқнинг кун чиқиш тарафида, ундан 100 зираъ96 масофада мўминлар амири Али ибн Абу Толибнинг қабри топилган. Ва ҳақ йўлга тушиб олганлар намунаси жаноб мавлоно Биноийки, маълумотли ва бинокорлик илмида тенги йўқ киши эди, аввалги бинокорларнинг ҳаракати беҳуда кетган ва бино бўш қурилган деб ҳисоблаб, ҳижрий 886 йили, падари бузруквори билан биргаликда ўша муқаддас мозорда пишиқ ғиштдан баланд бир бино қурди. Лекин, ўша бино, қурилганига 170 йил ўтганига қарамай, унинг бирор жойи бузилмаган. (Аллоҳ тарафидан) мағфиратли қилинган марҳум Вали Муҳаммадхон (1601 йили) Балхга ҳукмдор этиб тайинлангандан кейин баландлиги тахминан 30 зираъ, айланаси бир жариб84 бўлган бир олий бино қудирди ва унинг (теварак-атрофини) обод қилди. Атрофида (гўзалликда) Чмн санами билан беллаша оладиган бир чорбоғ ва унинг ичида 18 та чаманзор қурдирди. Ўша чорбоғнинг шимолий тарафида жаннат булоғига ўхшаган бир ҳовуз ҳам қурдирди.
Балхнинг ташқи шаҳарида (шаҳри бирунда) ва валийлар қутби хожа Абу Наср Порсонинг85 обод мозори бор. Бу мозорнинг айланаси тахминан 15 жариб. Ушбу муқаддас мақбаранинг кун ботиш тарафида иккита катта масжид бор. Ҳар чоршанба куни, пешин намозидан кейин, ўша саодатли мақбара теварагида донишманд кишилар, уламо ва шуаро ибодат учун йиғилишади. Суфийлар бош эгиб, ярим оҳангда (бир бирлари билан) суҳбатлашадилар, уламолар баҳслашадилар, шуаро мушоира ва ҳазилмутойибага бел боғлайди. Суҳбат шу зайлда кечгача давом этади.
Ва яна ўша ташқари шаҳарда (шаҳри бирунда) шайх Шақиқи Балхий ҳазратларининг, шунингдек жабрланган хожа Исҳоқ ва бошқа валийларнинг мақбаралари жойлашган.
Ва яна шаҳарнинг кунботар тарафида Султон Иброҳимнинг тўнғич ўғли Адҳам Соқанинг нурга чўмган мақбараси жойлашган. Шу кунларда бу мақбара Хожа рушнойи номи билан машҳур.
Ва яна мазкур шаҳарнинг жануб тарафида хожа Султон Аҳмад Ҳазравия жаноблари ва ул кишининг ёсдиқдоши Биби Фотиманинг маъқулланган мақбаралари жойлашган.
Ва яна шаҳарнинг кунчиқар тарафида хожа Уккоша жанобларининг мақбул мақбараси жойлашган.
Қубодиён. Мовароуннаҳрнинг катта қишлоқларидан, тўртинчи иқлимга киради. Қайқубод ибн Ирож асос солган. Айтишларича, Зол ўғли Рустам Қайқубодниўша ердан Эронга олиб келиб тахтга ўтқизган. Бу вилоят қадимда Қубодобод деб аталган. Кейинча Қубодиён номи билан шуҳрат топган. Ҳозирги пайтда олий ҳазрат, Аллоҳнинг ердаги сояси Надр Муҳаммаднинг адлу эҳсони туфайли у қадар обод бўлдики, ҳар кимнинг у вилоятдан ўтадиган бўлса елкаси девор ва дарахтларнинг соясиостида бўлади. Об-ҳавоси юмшоқ. У ерда турли навдаги ширин-шакар мевалар кўп етиштирилади. Хусусан, анори кўп машҳур. У вилоятда қовун ва ухум сотиш одати йўқ. Уларни бир харвардан кам бўлса пулга сотмайдилар ва сотиб олмайдилар, балким ҳарким истиганича олиши мумкин.Эгалари бунга монелик қилмайдилар.
Халқи меҳрибон ва меҳмондўст. Меҳмон учун алоҳида хона тутадилар. Одамлари ўқишга ихлосманд, аксарий қишлоқларда мадраса ва мударрис бор».
“Ажойиб ат-табақот” асарида Тошкент, Андижон, Фарғона, Самарқанд ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари ҳақида ҳам мана шундай маълумотларни учратамиз.
Мазкур асарнинг яна бир муҳим тарафи шундаки, унда қимматбаҳо тошлар ва металл ва уларнинг конлари ҳақида ҳам эътиборга молик маълумотлар бор.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур асарда Абу Райҳон Берунийнинг “Жавоҳинома” асарининг бизнинг замонамизгача етиб келмаган нусхаларида тушиб қолган парчалар учрайди. Бу парчалар буюк олимнинг мазкур йирик асарини қайтадан нашр қилишда жуда зарурдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |