6-мавзу. Миссионерлик ва прозелитизм: тарих ва бугун, тарғибот усуллари Режа: Миссионерлик ва прозелитизмнинг мазмун-моҳияти.
Миссионерликка қарши курашнинг ҳуқуқий-амалий асослари.
Диний секталар ва улар фаолиятининг оқибатлари.
Миссионерлик ва прозелитизмнинг мазмун-моҳияти. Миссионерлик лотин тилидан “missio”, яъни “жўнатиш”, “топшириқ” сўзидан олинган бўлиб, диний ташкилот шаклларидан биридир. Унинг мақсади ҳеч қайси динга эътиқод қилмайдиганлар ёки бошқа динларга мансуб шахсларни муайян динга киритишдир. Аслида эса миссионерлар муайян ижтимоий гуруҳнинг сиёсий мақсадларини амалга оширишни ўз олдиларига вазифа сифатида қўядилар. Миссионерлик фаолияти бошқа давлатларда амалга оширилиши билан таърифланадиган “ташқи” миссия ҳамда динсиз ва бошқа динга мансуб шахслар орасида давлатнинг ўз ҳудудида амалга оширилишини назарда тутувчи “ички” миссияга бўлинади.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, миссионерлик фаолияти турли динларга мансуб гуруҳ ва жамоалар фаолиятида кузатилганлигини кўриш мумкин. Масалан, буддизмда миссионерлик кўплаб ҳолларда сайёр монахлар томонидан амалга оширилиб, милоддан аввалги III асрдан бошлаб тарқалган. Христиан миссионерлиги милодий IV асрда пайдо бўлиб, XIII-XIV асрларда у Ҳиндистон, Хитой ва Япониягача кириб келган. Католиклар черковининг миссионерлиги испан ва португал мустамлака империялар вужудга келишидан кейин ўз фаолиятини кучайтирган (XV-XVI асрлар).
АҚШда миссионерлик ташкилотлари XIX аср бошида пайдо бўлган. Империалистик давлатлар жаҳонни бўлиб олиш учун кураш олиб борган даврни ўз ичига олган XIX асрнинг охирги учдан бирида миссионерлик фаоллашган.
Миссионерлик фаолиятининг энг чўққиси бу прозелитизм. Прозелитизм – бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони мажбуран ўз динидан воз кечтириш ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборат.
Прозелитизм иллатининг баъзи бир нохуш натижаларини келтириш мумкин: Мисол учун, бир қанча вақт ислом динида юриб, кейинчалик бошқа динни қабул қилган кишилар вафот этганда, жасадларини мусулмон қабрларига қўйиш муаммо туғдиради. Сабаби, майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини ноисломий дин вакилларининг мозорига дафн этишни хоҳламайдилар. Мусулмонлар эса, ноисломий дин вакилининг жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга дафн этишни истамайдилар. Натижада келишмовчиликлар келиб чиқади.
Миссионерлик фаолияти бир нечта мақсадни кўзлаб амалга оширилиши мумкин. Масалан,
- бошқа халқ вакилларини ўз динига киритиш. Ушбу ғоя орқали ўзга динларга эътиқод қилувчи шахсларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан ғарб давлатлари таъсир доирасига тушириб олиш;
- маълум халқлар ўртасида ўз эътиқодига нисбатан шубҳа пайдо қилиш ва аста-секин ишонч – эътиқодидан воз кечишга олиб келиш ва шу орқали ўзларининг сафларини янада кенгайтириб бориш ва бошқ.
Ушбу мақсадларига эришиш учун миссионерлар барча услуб ва методларни қўллашга тайёр бўладилар. Жумладан, улар атайлаб айрим жисмоний хасталик (ногиронлик) оқибатида оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган ва ҳаётда бироз моддий қийинчиликларга учраб турган шахсларни топиб олиб, уларга турли шаклдаги моддий ёрдамлар кўрсатадилар. Уларнинг кўнглини ҳар томонлама олишга уринадилар. Бундай “саъй-ҳаракат”лари билан улар маҳаллий аҳоли ўртасида ўзлари ҳақида ижобий фикр уйғотадилар.
Шунингдек, маҳаллий халқ ўртасида уларнинг она тилида чоп этилган анча чиройли, рангли-безакли муқовадаги китоб ва журналларни бепул тарқатиб, уларда босилган мақола – материалларда туб аҳолига мутлақо ёт бўлган ўзга динлар ғояларини тарғиб қиладилар. Миссонерлар бошқа динларга киришга чақирувчи лавҳалар акс этган видео-аудио кассеталарни аҳолига бепул тарқатадилар.
Бундан ташқари, улар турли санъат асарлари кўргазмаларини, спорт ўйинлари мусобақаларини ташкил этиш ва ушбу тадбирлар иштирокчиларига қимматбаҳо совғалар улашиш, айрим тиббиёт ва таълим-тарбия муассасаларига малакали мутахассис кадрларни “иш”га юбориш, якка-ёлғиз ва ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган шахсларга кўнгилочар мактублар йўллаш, ёшлар ташкилотлари билан ўзаро “ҳамкорлик” ўрнатиш, компьютер ёки чет тилларини ўргатиш клубларини ташкил этиш, ўз сафларига қўшилганларни тез-тез моддий рағбатлантириб туриш ва хорижий мамлакатларга ўқиш ёки малака ошириш сафарига юбориш ҳамда ишга жойлашишга кўмаклашадилар. Бироқ, уларнинг бундай ҳаракатлари миллий маънавий барқарорликка таҳдид солади. Борди-ю миссионерлар юқорида кўрсатиб ўтилган мақсадларига эришадиган бўлсалар, мамлакатда халқнинг парокандаликка юз тутиши ва маънавий таназзулнинг келиб чиқиши тайин.
Чунки, дин – бу миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Миссионерлик айнан шундай диний қарашларга ўз таъсирини ўтказиб халқнинг барқарорлигини бузади. Айнан шунинг учун ҳам республикамизда прозелитизм ва бошқа миссионерлик фаолияти қонун билан таъқиқлаб қўйилган. Бундай фаолиятни амалга оширган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 240-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинади ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олинади.