Инсон ресурслари хақидаги асосий тушунчаларнинг
яратилиши
Корхона ва ташкилотларнинг асосий мақсад ва вазифаларини амалга оширишда ходимнинг роли ўсиб бораётганлиги замонавий менежментга хос бўлган хусусият ҳисобланади. Ташкилотда энг муҳим ресурслар тури – инсон ресурсларини бошқаришга турли ёндашувларни ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга. Малакали ходимларсиз биронта ташкилот ўз олдига қўйган мақсадларига эриша олмайди. Айнан персоналнинг тайёргарлик даражаси, унинг салоҳияти корхоналарнинг техника ва технология билан жиҳозланганлик даражаси, ишлаб чиқариш шароитлари бир хил бўлганида ташкилотнинг жон сақлашида ҳал қилувчи омиллар ҳисобланади. Шу сабабли ҳозирги шароитларда инсон ресурсларини бошқариш воситалари ва технологияларини ўзлаштириб олиш муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда - «кадрлар», «персонал», «ходимлар», «ташкилот ходимлари», «кадрлар салоҳияти», «инсон омили» атамалари «ишчи кучи»,
«меҳнат салоҳияти», «инсон капитали» атамаларига нисбатан кўпроқ фойдаланилади. Бугунги кунда «инсон капитали», «инсон ресурслари» атамаси, айниқса, мамлакатимизнинг ривожлантириш дастурларида фаол қўланила бошлади.
Инсон ресурсларини бошқариш соҳасидаги асосий тушунчаларни эволюция нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.
«Кадрлар» атамаси корхона даражасидаги инсонлар билан ишлаш соҳасида анъанавий бўлиб, амалиётда ХХ асрнинг 20-йилларидан бошлаб, ўша пайтда кенг тарқалган «меҳнат ресурсларидан фойдаланиш» (Labour resources use), «кадрларни бошқариш» концепцияларига мувофиқ, ташкилотнинг шахсий таркиби сифатида талқин қилинади. Ушбу концепциялар доирасида «ишчи кучи», «меҳнат ресурслари» каби тушунчалар ҳам кўриб чиқилади.
Ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий шароитда ишлаб чиқариш жараёни моддий омил ва шахсий омил – ишчи кучини ўз ичига олади. Бозор
шароитида олди-сотди предмети сифатида намоён бўладиган ишчи кучи товар ҳисобланади.
Иш кучи деганда муайян шахс эга бўлган ва у томонидан истеъмол қийматларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган жисмоний ва маънавий қобилиятларнинг йиғиндиси тушунилади. Ишчи кучининг такрор ишлаб чиқарилиши - бу шахснинг жисмоний кучлари ва ақлий қобилиятларини доимий равишда тиклаш ва қўллаб-қувватлаш, ишчиларнинг меҳнат малакаларини доимий равишда янгилаб бориш ва такомиллаштириш, уларнинг умумий маълумот ва касбий даражасининг ўсишидир. Бунда қуйидагилар кўзда тутилади: ходимларни ишлаб чиқаришга жалб қилиш (шакллантириш босқичи); уларни корхоналар, тармоқлар, ҳудудлар ўртасида тақсимлаш ва қайта тақсимлаш (тақсимлаш босқичи); мамлакат иқтисодиётининг ходимларга бўлган эҳтиёжларини қондиришни ва шу билан бирга аҳолининг самарали иш билан бандлигини таъминлайдиган ижтимоий- иқтисодий механизмни яратиш (фойдаланиш, истеъмол қилиш босқичи).
Замонавий шароитларда ишчи кучини такрор ишлаб чиқариш бир қатор хусусиятларни қамраб олади:
қишлоқ хўжалигининг барча тармоқларида ишлаётганларнинг умумтаълим ва касбий даражаси ўсиши;
ишчи кучини ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва фойдаланишни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришдан бозор механизмларига ўтишнинг якунланиши;
мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг кескинлашуви, демографик ўзгаришлар туфайли аҳолининг миграция оқимлари кучайиши;
аҳоли муносиб иш билан бандлиги, ишчи кучидан окилона фойдаланиш муаммосининг кучайиши.
«Меҳнат ресурслари» тушунчаси «ишчи кучи» тушунчасидан кенгроқдир, чунки у нафақат ишлаб чиқариш жараёнида инсоннинг жисмоний ва маънавий қобилиятларини уйғунлаштиришни, балки бу қобилиятни амалга оширишни ҳам назарда тутади. Анъанага кўра, меҳнат ресурслари деганда аҳолининг жисмоний ривожланиш ва ақлий қобилиятларига, миллий иқтисодиётда ишлаш учун зарур бўлган билимларга эга бўлган қисми тушунилади. Қонунчилик нуқтаи назаридан улар қаторига қуйидагилар киради:
меҳнатга лаёқатли ёшдаги аҳоли: 16 ёшдан бошлаб пенсияга чиқиш ёшини ҳам қўшиб ҳисоблагандаги юқори чегарадаги эркаклар ва аёллар, ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронлари ва меҳнатга лаёқатли ёшдаги ишламаётган, имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия олаётган шахслар бундан мустасно;
меҳнат фаолиятининг барча соҳаларида иш билан банд бўлган, меҳнатга лаёқатли ёшдан катта ва кичик аҳоли.
Меҳнат ресурсларида муҳим роль меҳнатга лаёқатли ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳолига, яъни психофизиологик маълумотлари бўйича ишлаб чиқариш жараёнида иштирок этишга қодир бўлган шахсларнинг йиғиндисига тегишли.
Шунингдек, қуйидагилар ҳам ажратиб кўрсатилади:
иқтисодий фаол аҳоли, яъни даромад келтирадиган меҳнат фаолияти билан банд аҳоли;
иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли: яъни ишламаётганлар.
Иқтисодий фаол ва фаол бўлмаган аҳоли улушининг нисбати демографик, иқтисодий, ижтимоий омилларга боғлиқ бўлиб, иқтисодий ривожланишнинг турли босқичларида жуда ҳаракатчан ва тенг эмас.
Иқтисодий адабиётларда «меҳнат ресурслари» тушунчаси билан бир қаторда «меҳнат салоҳияти» тоифасидан фойдаланилади. Бу иш қобилиятининг умумлаштирилган интеграл тавсифи бўлиб, у ҳам алоҳида, ҳам жами ходимларнинг имкониятларини акс эттиради. Алоҳида бир шахс даражасида, у қуйидагиларни ўз ичига олади:
ходимнинг жисмоний ва психологик ҳолатини тавсифлайдиган хислатлар (саломатлик ҳолати, асаб тизими тури, чидамлилик);
белгиланган сифатда меҳнат қобилиятини асослаб берадиган махсус билимлар, меҳнат кўникмалари ва маҳорат мавжудлиги ва ҳажми;
масъулият ва онг даражаси, ижтимоий етуклик, қадриятлар йўналиши, қизиқишлар, меҳнат соҳасидаги эҳтиёжлар.
Меҳнат салоҳиятни, меҳнат салоҳиятиига таъсир қилувчи омилларни ўрганишга кўплаб олимларнинг асарлари бағишланган. Меҳнат ва кадрлар салоҳиятини ўлчашга турлича нуқтаи назарлар мавжуд. Ушбу масалалар бўйича ишланмалар XX асрнинг 60-йиллардан бошлаб фаол равишда олиб борилди.
Ходимнинг меҳнат салоҳиятини белгилаб берадиган омиллар ва структура 1.3-расмда акс эттирилган. Муайян ишлаб чиқариш шароитларида ходимнинг реал меҳнат салоҳияти меҳнат унумдорлиги эҳтимолий даражаси билан, унинг ишлаб чиқариш салоҳиятини амалга ошириш йўли билан ёки ходимнинг ишлаб чиқариш қобилиятини ривожлантириш йўли билан тавсифланиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |