15.2. Вақтни бошқаришни ташкил қилиш Раҳбарлар томонидан вазифаларни тақсимлаш ўрганиб чиқилганда уларнинг ҳаракатларида аниқ тенденция маълум бўлди - тўла уйғунлашмаган барча вазифаларни қўл остидаги ходимларга ошириш. Бундай тенденция объектив жиҳатдан қуйидагилар билан асосланади:
ахборотлар оқимининг ошиб бориши. Ҳозирги вақтда ҳар бир ташкилотнинг ташқи муҳит билан алоқалари фақат раҳбар орқали ўтиши етарли бўлмайди. Раҳбар фақат ўта муҳим алоқаларни ўзи амалга оширади ва ташқи муҳит билан бўлган муносабатларга ходимларни жалб қилади;
вазифа ва муаммоларнинг мураккаблашуви. Замонавий менежер фаолиятида стандарт вазиятлар камайиб бормоқда. Бозордаги ўзгаришлар ҳар бир масалага ижодий ёндошишни талаб қилади;
раҳбар ишининг оғирлашиши. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ҳар бир раҳбар белгиланган иш вақтидан 20-30% кўпроқ ишлар экан. Айрим тадқиқотчиларининг фикрича муваффақиятга эришишга интиладиган менежер ҳар куни 10-12 соат ишлашга мажбурдир.
Албатта бундай ҳолат вазифалар тақсимланишида ва бажарилишида бир қанча масалалар ҳал қилинишини, талаб қилади. Ушбу масалаларнинг асосийси иш вақтини тақсимланишига боғлиқ бўлиши олимлар томонидан аниқланган.
Ҳар бир менежернинг иш вақтида мажлис ва кенгашлар билан чамбарчас боғлиқ. Агар иш вақтидан мажлис ва кенгашлар вақти олиб ташланса ва қурилаётган масалалар сонига бўлинса, ҳар бир алоҳида вазиятга 3-15 дақиқа вақт сарфланар экан. Яъни менежер иш куни давомида ўз диққатини ўнлаб марта ўзгартиришга мажбур бўлади.
Бундай ҳолат иккита қонуниятни вужудга келтиради:
Одамнинг онги маълум вазифага кўникиш учун вақт талаб қилади, яъни вазифа самарали бажарилиши унга диққат жалб қилишни талаб қилади. Турли масалалар ўзига эътиборни тортганда ходимнинг ақлий имкониятлари кескин пасаяди ва хато қилиш эҳтимоли ошади. Меҳнат унумдорлиги пасайиши билан биргаликда толиқиш (чарчаш) ҳолати ҳам кўпрок учрайди.
Иш вақтининг жуда кичик даврларга бўлиниши муҳим муаммо ва кундалик вазифа ўртасида фарқнинг йўқолишига олиб келади. Бунинг натижасида оддий масалага ҳам, муҳим муаммога ҳам бир хил вақт ажратилади ва хато қилиш эҳтимоли кескин ошади.
Ушбу қонуниятларнинг мавжудлиги маъмурий менежментда иш вақтини тақсимлаш тамойилларининг қўлланишига асос бўлади.
а) мансабга бевосита боғлиқ бўлган вазифалар улушини аниқлаш. Ҳар бир лавозим учун масъулиятига мос ҳолда қарор қабул қилиш хуқуқи ҳам берилиши зарур, шунда кичик масалалар бошқарувнинг юқори поғонасига олиб чиқилмайди;
б) ўринбосар ва муовинларнинг салоҳиятидан тўлароқ фойдаланиш. Кўпчилик вазифалар раҳбардан махсус масалалар билан танишишни ва қўшимча маълумот йиғишни талаб қилади. Вазиятни ўрганиш ва таклифларни тайёрлашни муовинларга топшириш вақтнинг унумдорлигини ошириш омили ҳисобланади.
в) жорий ва стратегик масалалар билан шуғулланишга вақт ажратиш. Бунинг учун раҳбар кундалик вазифалар учун аниқ вақт ажратади ва шу вақт ичида муҳим муаммолар билан шуғулланмайди. Аксинча стратегик масалаларга ажратилган вақтда ҳеч кимни қабул қилмайди.