Бюджет ижроси жараёнида бюджетлар ўртасида содир бўладиган ҳисоблашишлар ҳисоби
Бюджет тасдиқлангандан сўнг давлат ва маҳаллий солиқлар ва даромадлар тўғрисида, маъмурий-ҳудудий бўлинишдаги, корхоналар, ташкилотлар ва хўжалик бирлашмаларининг бўйсунишидаги ўзгаришлар, турли хилдаги бўйсунишдаги қурилиш объектлари ўртасида капитал қўйилмалар лимитларини қайтадан тақсимлашдаги ўзгаришлар бўйича қабул қилинган янги қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари қабул қилиниши натижасида алоҳида олинган бюджетларга ўзгартиришлар киритилган ҳолларда бюджет ижроси жараёнида юзага келадиган бюджетлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича муомалалар амалга оширилади.
Бюджетлар ўртасида ўзаро ҳисоб-китоблар фақатгина юқори ва қуйи бюджетлар ўртасида амалга оширилади.
Бюджетлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларга суммаларни ўтказиш учун асос бўлиб, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг қарорлари ва фармойишларидан ҳамда бюджетга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилган ҳокимиятлар ва бошқа органларнинг қарорларидан келиб чиқадиган ўзгартиришларга тегишли ҳудудий молия органлари томонидан 11-сонли шаклда тузилган маълумотнома-билдиришномалар хизмат қилади.
Бюджетлар ўртасидаги ҳисоб-китобларга ўтказиш керак бўлган суммаларни аниқлаш ва уларни қайтариш муддатларини белгилаш ҳисоб-китобда қатнашаётган юқори молия органи томонидан амалга оширилади.
Юқори бюджет олдида ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича қарзларни юзага келиш ҳолатида, юқори бюджетлар навбатдаги ойнинг биринчи санасига, ўзаро ҳисоб-китоблар бўйича мавжуд қарз суммаларини қуйи бюджетнинг ҳисобварақларидан сўзсиз тартибда қайтариб олишлари мумкин.
Ўзаро мажбуриятлар бўйича барча ҳисоб-китоблар жорий молия йилида тугатилиши керак.
Бюджетлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларнинг мавжуд суммаларига юқори молия органи 11-сонли шаклдаги маълумотнома-билдиришномани расмийлаштиради ва тегишли қуйи молия органига юборади.
Ўзаро мажбуриятлар бўйича ҳисоб-китобларни жорий молия йилида тугатиш мумкин бўлмаган ҳолларда операцияларни ўтган йилнинг ҳисоботида мажбурий тартибда акс эттирган ҳолда ўзаро ҳисоб-китобларни янги йилда олиб боришга рухсат берилади.
Маъмурий-ҳудудий бўлиниш ўзгарган ҳолатларда бюджетлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларга, тақсимлаш далолатномасига асосан бир бюджетдан иккинчи бюджетга ўтказиш керак бўлган суммалар ўтказилади.
Тақсимлаш далолатномасида бюджетнинг даромадлари ва харажатлари бўйича қуйидаги маълумотлар келтирилиши керак:
а) даромадларни контингентлар, фоизлар ва ажратмалар суммаси кўрсатилган ҳолда тасдиқланганлиги ҳамда ҳисобот йили бўйича алоҳида тадбирлар бўйича тасдиқланган харажатлар ҳажми;
б) ўтказиш санасига тушган даромадлар, очилган бюджет маблағлари ажратмалари ёки молиялаштириш бўйича амалга оширилган суммалар ва касса харажатлари;
в) бюджетнинг ижро этиш жараёнида бюджетлар ўртасида юзага келган ҳисоб-китоблар (олинган ва берилган ссудалар ва маблағлар ҳамда ўзаро ҳисоб-китоблар).
Бюджетлар тасдиқлангандан кейин қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар оқибатида қуйи бюджетлардан юзага келган қўшимча даромадларни ундириш билан боғлиқ бўлган ўзаро ҳисоб-китобларга ўтказиладиган суммаларнинг миқдори, янги қонунчиликка биноан ҳисоблаб чиқилган тегишли даромад манбаи бўйича мазкур қуйи бюджетга келиб тушган сумма билан ҳисобот йилида шу бюджетга ушбу даромад манбаи бўйича келиб тушиши кўзда тутилган тушумлар суммаси ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади.
Бюджет ташкилотлари, корхоналари ва хўжалик бирлашмаларини молиялаштиришни бир бюджетдан бошқа бюджетга ўтказишда ушбу бюджет ташкилотлари, корхоналари ва хўжалик бирлашмалари бўйича йил бошидан бошлаб амалга оширилган харажатлари бюджетда кўзда тутилган йиллик ажратмаларнинг суммалари тўлиқлигича молиялаштириш амалга ошириладиган бюджетда акс эттирилиши керак.
Бир бюджетдан иккинчи бюджетга харажатларни ўтказганда, юқори молия органи қуйи молия органига бюджет ташкилотлари, корхоналари ва хўжалик бирлашмаларини бир бюджетдан молиялаштириш тўхтатилганлиги ва иккинчи бюджетдан молиялаштириш бошланганлиги белгиланган санани маълум қилади.
Молиялаштириш бўйича бир бюджетдан иккинчи бюджетга ўтказилган корхоналар ва ташкилотлар ўтказиш санасига бухгалтерия ҳисоботини тузадилар (йиллик ҳисобот шакли ҳажмида) ва уни олдинги ва янги юқори органларига тақдим қиладилар. Кейинчалик ҳисобот фақат бўйсунадиган янги юқори органга тақдим қилинади.
Харажатлар ўтказилган бюджетнинг ижро этилиши бўйича ҳисобни амалга оширадиган молия органи, ушбу тўғрисида маълумот олиши билан ўтказилаётган бюджет ташкилотлари, корхоналари ва хўжалик бирлашмалари бўйича тегишли бюджет маблағларини олувчидан қуйидагиларни талаб қилиб олиши керак:
а) тасдиқланган сметани;
б) ўтказиш санасига харажатлар сметасини ижро этилиши бўйича тузилган ҳисоботни.
Харажатларни бир бюджетдан иккинчи бюджетга ўтказишда (капитал қўйилмалардан ташқари), ўзаро ҳисоб-китобларга ўтказилаётган бюджет ташкилоти, корхонаси ёки хўжалик бирлашмасини молиялаштириш учун бюджетда назарда тутилган барча йиллик бюджет маблағ ажратмалари ўтказилади.
Ўзаро ҳисоб-китобларга қуйидагилар ҳам ўтказилиши керак:
а) республикага бўйсунишдан маҳаллий бўйсунишга ўтказилганда - ўтказиш кунида республика бюджети бўйича ташкилотлар, корхоналар ва хўжалик бирлашмаларига очилган ажратмалар суммалари (жумладан очилган ажратмаларнинг ишлатилмаган қолдиқлари);
б) маҳаллий бўйсунишдан республика бўйсунишига ёки вилоят, шаҳар ва туман чегарасида бир маҳаллий бўйсунишдан бошқа маҳаллий бўйсунишга ўтказишда - молиялаштириш ҳисобига ўтказиш кунида маҳаллий бюджет маблағлари депозит ҳисобварағидан бюджет ташкилотлари, корхоналари ва хўжалик бирлашмаларининг бюджет маблағлари бўйича ўтказилган маблағлар суммаси.
Бюджет ташкилотлари, корхоналари ёки хўжалик бирлашмаларини республика бўйсунишдан маҳаллий бўйсунишга ўтказишда республика Молия вазирлиги тегишли қуйи молия органига 11-сонли шаклдаги маълумотнома-билдиришномани юборади.
Корхонани, ташкилотни республика, вилоят, шаҳар миқёсида бир маҳаллий бўйсунишдан иккинчи маҳаллий бўйсунишга ўтказишда, юқори молия органи ўзаро ҳисоб-китобларга олдинги бўйсуниш бўйича молиялаштириш тартибида корхонани, ташкилотни ўтказиш кунидаги суммаларни ўтказади.
Бюджетлар билан ўзаро ҳисоблашувлар ҳисоби 11-сонли шаклдаги маълумотнома-билдиришномага асосан бухгалтерия ёзувлари берилиб мемориал ордерга ёзувлар ўтказилади ва бошқа бюджетлар билан ҳисоб-китоблар китобига туширилади. Мемориал ордердан бюджетлар билан ўзаро ҳисоблашувларга оид операциялар Бош журнал дафтарига ўтказилади (1 - чизма).